21.01.2020

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Мажлисда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мажлисни очди.

photo5273820704338455826.jpg

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 13 нафар Сенат аъзоси тайинланди.

photo5273820704338455827.jpg

Сенатнинг янги таркиби фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек, давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролардан шакллантирилгани қайд этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак номга сазовор бўлгани билан самимий табриклади.

photo5273820704338455828.jpg

Президент мамлакатимиз парламентининг юқори палатаси олдида турган масалалар ҳақида сўз юритар экан, Сенат ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши, маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги ишларни янада кучайтириши лозимлигини таъкидлади.

Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш ва унинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимларнинг юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни татбиқ этиш бўйича ҳисоботларини мунтазам муҳокама қилиб бориш, ёшлар ва таълим масалалари сенаторларнинг доимий эътиборида бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Олий Мажлис юқори палатаси мамлакатимизда коррупцияга ва умуман жиноятчиликка қарши кескин курашиш муҳитини яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги ишлари устидан назоратни кучайтиришда фаол бўлиши кераклиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, халқаро алоқаларини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳам Сенатнинг муҳим вазифаси бўлиб қолади.

photo5273832661527408010 (1).jpg

Мажлис иштирокчилари Олий Мажлис юқори палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим қилди.

Юқори палата аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Норбоевани сайлади.

photo5273832661527408011.jpg

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Содиқ Сафоев сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлади. Ушбу нормага асосан Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Муса Ерниязов сайланди.

Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Зайниддин Низомхўжаев сайланди.

photo5273832661527408012.jpg

Мажлисда сенаторлар томонидан халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, мудофаа ва хавфсизлик масалалари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари, шунингдек, Регламент ва одоб комиссияси ташкил этилди.

Ҳар бир қўмита ва комиссиянинг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

photo5273832661527408006.jpg

Бош вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисидаги аризаси ўқиб эшиттирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ниҳоясига етди.


Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: