Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ВАҚТ ВА МАБЛАҒ ТЕЖАШ ИМКОНИЯТИДИР

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Видеомулоқот шаклида ўтказилган йиғилишда қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб Архив иши тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасига кўра, давлат ихтисослаштирилган архиви тушунчалари қўшимча тарзда киритилмоқда. Тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан, нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъийлаштирилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ташкил этиш мумкинлиги назарда тутиляпти. Давлат архивларига топширилаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон базаларини яратиш ва улардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида ташкилотлар томонидан ҳужжатлар давлат архивларига электрон нусхалари билан бирга топшириш белгиланмоқда.

Ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала. Шундай экан давлат архивлари билан бирга нодавлат архив ташкилотлари фаолияти ривожланиши учун ҳуқуқий шароит яратиш алоҳида аҳамиятга эга. Таклиф этилаётган лойиҳада томонлар имкониятлари тенг бўлиши, профессионал ёндашув масалалари ҳам қамраб олинса, яхши бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ушбу қонун лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ишлаб чиқилган. Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 та ваколатини бекор қилиш, яна 11 та ваколатини давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш белгиланган. 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб этиш бекор қилинган.

Бюрократик тўсиқлар камайиши эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун, айниқса, муҳим масала ҳисобланади. Чунки бундай фуқаролар турли сунъий тўсиқлар туфайли ҳуқуқ ва манфаатларига эришишга қийналишади.

Масалан, Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар-жойдан маълумотнома сўраш талаби бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида меҳнат шартномаларини тузишда ортиқча сансалорликлар камаяди.

Муҳими, қоғозбозлик натижасида сарфланаётган маблағлар, вақт тежаб қолинади. Майда камчиликлардан безор бўлиб, ҳужжат масаласини четга суриб қўяётган аҳоли вакиллари учун қўшимча қулайликлар юзага келади.

Елена БАБЕНКО, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун биз қатор лойиҳаларни кўриб чиқдик. Уларнинг ҳар бирида партиямиз электорати манфаатларини ифодалашга ҳаракат қилдик. Масалан, «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳасига ҳам фракциядошларимиз томонидан турли таклифлар, фирк-мулоҳазалар билдирилди.

Айтиш керакки, Шаҳарсозлик кодекси ҳозирги замон қонунчилиги ва муносабатларини ҳисобга олган ҳолда тубдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, ҳаёт ва амалиёт билан бевосита боғлиқ бўлмаган умумий мазмундаги тушунча ва меъёрлар чиқариб ташланиб, янгиларига аниқлик киритилмоқда. Боблар ва моддаларда ҳам бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар ўрин олган. Кодекснинг аниқ ва мукаммал бўлиши шаҳарсозлик фаолиятида жиддий, қўпол қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Фракция аъзолари «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кенг муҳокама этишди. Лойиҳага кўра, Жиноят кодексига баданга қасддан қурол ва қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, оғир ёки ўрта оғир даражада шикаст етказиш ҳам жавобгарликка асос бўлиши белгиланмоқда. Кодекс совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, улардан фойдаланишни таъқиқловчи янги моддалар билан тўлдирилмоқда.

Кейинги вақтларда танага турли даражада жароҳат етказиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Фракция аъзолари уларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда жавобгарликни белгилаш муҳим масала эканини таъкидлашди.

Шу билан бирга, депутатлар қонун лойиҳасининг айрим меъёрлари бўйича қатъий саволлар қўйишди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни касбий фаолият, спорт фаолияти ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда жамоат жойларида, шу жумладан, барча турдаги жамоат транспортларида очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида киритилаётган меъёр эътироз келтириб чиқарди.

Бу меъёр кодексга киритилиши кўнгилсизликларнинг олдини олиш билан бирга, турли англашилмовчиликларни келтириб чиқариши, ўринсиз жарималар белгиланишига олиб келиши мумкин. Масалан, ҳуқуқ-тартибот идораси ходими фуқарони қандай қилиб бўлса-да жавобгарликка, жаримага тортиш учунгина бу моддадан фойдаланиши ҳам мумкин. Ҳаётда бундай ҳолатлар кузатилмаяпти дейишга асослар йўқ. Қонун-қоидалардан узоқроқ юрадиган фуқаро ўзи билмаган ҳолда жавобгарлик объектига айланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Фракция аъзоси Мақсуда Ворисова қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: