Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
10.09.2019

ДЕПУТАТ КОМИЛА КАРОМОВА МАҚСАДИГА ЕТДИ

Ғузор туманидаги «Мўминобод» маҳалласида янги мактаб филиали қурилди

– Ғузор туманидаги 21-мактаб «Ботош» қишлоғида жойлашган. «Мўминобод» қишлоғи билан унинг ўртасида 5 км. масофа бор. Мўминободлик болалар 21-мактабга ўқишга қатнашар эди, – дейди Ғузор туманидаги «Мўминобод» маҳалласи фаоли Амирҳотам Маҳмудов. – Тўғриси, қишнинг қорли, қировли, ёмғирли кунларида болалар шунча масофадаги йўлда қийналиб мактабга борарди. Айниқса, бу бошланғич синф ўқувчилари учун жуда қийин эди. Улар йўлда йиғлаб кетаётганига ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Тасаввур қилинг, ичи китоб ва дафтарлар билан тўла сумкани 5 км. йўлга кўтариб кетиш жажжи бола учун қанчалар қийин. Айниқса, ёмғирли, қорли кунларда улар гоҳ йиқилиб, гоҳ суриниб, лой кўчалар оралаб мактабга кетарди. Йўл-йўлакай қайсидир боланинг сумкаси қўлидан тушиб кетар, баъзи ўқувчилар чарчаб қолиб, ора-сирада дарахтлар панасида дам олиб, кейин яна йўлда давом этарди. Хуллас, қишлоғимиз болалари учун мактабга бориб-келиш азоб эди.

2014 йилдан бери қишлоғимизда мактаб қуриш бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келамиз. Уч-тўрт йил кутдик, масала ҳал бўлмади. Бу орада илтимос билан ариза ёзмаган ташкилотимиз, тақиллатмаган эшигимиз қолмади ҳисоб. Тоқатимиз тоқ бўлди, умидимиз кундан-кун сўниб борарди. Охири, депутатимиз Комила Каромовага мурожаат қилдик. Унинг ёрдами билан қишлоғимизда мактаб филиалини куриш масаласи 2019 йилги дастурга киритилди. Қурилиш ишлари шу йилдан бошланди. Мактабимиз қурилиши ниҳоялаб қолди. Лекин ҳали камчиликлари кўп. Депутатимиз бош-қош бўлиб турса, ҳамма иш охирига етади. Ёмғирли, қиш-қировли кунлар яқин. Маҳалламиз болалари мактаб яқин бўлишини ўйлаб, қанчалик қувонаётганини тушунган одам тушунади. Ҳаммамиз туманимиз ҳокимига, депутатимиз Комила Каромовага минг раҳмат айтамиз, ташкилотчилар, қурувчиларни дуо қиляпмиз...

«Мўминобод» маҳалла фуқаролар йиғинида Файзиобод, Мўминобод, Дарвозакам, Тинчлик ва Батош қишлоқлари бор, 675 та хўжалик, 975 та оила ва 4288 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Депутат Комила Каромова бу муаммони ҳал этишга қаттиқ бел боғлади. Кунлаб, ҳафталаб, керак бўлса, ойлаб шу ҳудудда бўлди, мутасаддилар билан учрашди, таклифларини берди.

– Туну-кун шу муаммони ечиш ҳақида ўйлардим. Болаларнинг қишнинг изғиринли, совуқ кунларида 5-6 км. узоқликдаги мактабга қандай қийинчиликлар билан қатнаши хаёлимдан кетмади. Тўғри, бутун бир мактаб қуриш, уни жиҳозлаш осон иш эмас, лекин мен ҳаммаси учун қатъий туришга, масалани охиригача ечишга жиддий киришдим. Чунки бунинг ортида бир эмас, минглаб фуқароларнинг, кўплаб оилаларнинг, юзлаб фарзандларимизнинг манфаати турибди. Бунга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ, – дейди Комила Каромова суҳбат жараёнида.

Шундай қилиб маҳалла ҳудудидан ер ажратилди. Мутасадди ташкилотлар, шу масалага алоқадор барча идоралар вакиллари бу ерга жам бўлишди. Албатта, депутатимиз Комила Каромованинг ўзи ҳамма ишнинг бошида турди. Ёзнинг қуёшли, жазирама кунларида ҳам мактаб филиали қурилаётган ҳудуддан бир дақиқа бўлса-да, бошқа жойга кетмади. Ҳаммасини ўз назоратида ушлаб турди. Энг муҳими, бу ҳаракатлар бесамар кетмади.

Эндиликда Мўминобод, Файзиобод қишлоқларининг болалари ўз уйига, қишлоғига яқин бўлган мактабга эга бўлишди. «Мўминобод» қишлоғида 120 нафар ўқувчи учун мўлжалланган мактаб филиали биноси қурилди. Ота-оналар олдинда турган қишнинг изғиринли, совуқли кунларидан хавфсирамайдиган бўлди. Чунки энди фарзандлари мактабга бориш учун 5-6 км. йўлни босиб ўтишига ҳожат қолмади...

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мактаб филиали дастурга асосан 2019 йилнинг 4-чорагида қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лекин қишлоқ аҳолисининг истагини инобатга олган ҳолда туман халқ таълими бўлими ички имкониятдан келиб чиқиб, мактаб филиали ўз фаолиятини 2019 йил 3 сентябрь куни бошлади. Очилиш маросими эса шу йилнинг октябрь ойида ўтказилиши кутилмоқда. Сабаби, дастурга кўра, таълим маскани учун парта ва столлар, доскалар, лаборатория жиҳозлари ва бошқа ўқув анжомлари 2019 йилнинг IV чорагида келтирилиши режалаштирилган ва туман молия бўлими режаси асосида молиялаштирилган.

Шунга қарамасдан таълим даргоҳи 21-мактабнинг асосий биносидан келтирилиган парта, доска ва стуллар билан ўз ишини бошлаб юборган. Мактаб филиалида 8 та синф хонаси бўлиб, 120 нафар ўқувчига мослаштириб қурилган ва ўғил-қизлар 2 сменада ўқитилмоқда.

Ўқучилар ҳам, ота-оналар ҳам хурсанд. Депутатнинг ўзи ҳам. Бугун Комила Каромова билан боғландик. Маълум бўлишича, депутат айни кунда ҳам Ғузор туманининг «Мўминобод» қишлоғида экан.

– Мактабда ўқувчилар таҳсил олишни бошлаб юборишди. Лекин ҳали бир-иккита ечилиши керак бўлган масалалар бор. Ҳамма муаммо ҳал бўлгач, кўнглим хотиржам бўлсагина, кейин бу ердан кетаман, – дейди депутат...

 

Лазиза Шерова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: