Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
28.10.2020

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилмоқда

Жорий йил Давлат дастурининг ижроси юзасидан Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти Кенгаши партия гуруҳи ҳамда нодавлат ташкилотлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигида жойларда мониторинг тадбирлари ўтказилди. Давлат дастурининг 171-бандида янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш юзасидан қатор вазифалар белгиланган. “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги 16 та касб-ҳунар коллежи касб-ҳунар мактабларига, 9 та касб-ҳунар коллежлари вазирлик ва идоралар тасарруфидаги коллежларга, 13 та касб-ҳунар коллежи олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга, 2 та касб-ҳунар коллежи касбга ўқитиш марказига айлантирилди.

Жойларда янги ташкил этилган профессионал таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар қониқарли эмас. Ўқувчи ва касб-ҳунар ўрганувчи фуқаролар учун услубий қўлланмалар, замонавий асбоб-ускуналар, IT дарсларини ўргатиш учун ўқув жиҳозлар ва соҳа мутахассислари етишмайди. Компьютерлар ва интернет тармоғи билан таъминланмаган. Мавжудлари маънан эскирган. Шаҳар ва туманларда жойлашган касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни қайта инвентаризация қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам беришда тезкор чоралар кўрилиши зарур.

Пандемия даврида болаларнинг соғлигини ўйлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Барча умумтаълим мактабларида ўқувчилар ва ўқитувчилар соғломлиги борасида хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Халқ таълими вазирлигидан ажратилган антисептик воситалар, бир марталик салфетка ва ниқоблар билан таъминланган. 10-15 кунга етарли захира қилинган. Буни етарли даражада, деб бўлмайди. Карантин муддати чўзилган тақдирда ўқувчиларнинг хавфсизлиги яна муаммо бўлиши мумкин. Янги ўқув йили бошида маҳаллий ҳокимликлар ва халқ таълими бўлимлари ўртасида коронавирус пандемияси даврида мактабларни антисептик восита ва махсус тиббий буюмлар билан таъминлаш бўйича шартнома тузилган. Бироқ туманлардаги мактаблар белгиланган тиббий воситалар билан таъминланиши кечиктирилмоқда. Ушбу масалани маҳаллий ҳокимликлар, туман халқ таълими бўлимлари билан тез фурсатда ҳал этиш чораларини кўриш лозим.

Вилоятимизда бугунги кунда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизлар сони 1403 нафарни ташкил қилади. Республика хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан рўйхатдаги 48 нафар хотин-қизга уй-жойнинг 10 фоизи 735 миллион сўм миқдорида бошланғич тўлови тўлаб берилган. Жорий йилнинг шу кунига қадар уй-жойга муҳтож бўлган оилаларга вилоят бўйича жами 603 та уй-жой фойдаланишга топширилган.

Ҳозирги кунда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, ер участкаларини сотиб олиш борасида вилоятда катта ишлар амалга оширилган. Аммо мурожаатлар таҳлил қилинганида, ер сотиб олиш ва унга эгалик қилиш тартибини қонунчиликда қайта кўриб чиқиш зарурлиги маълум бўлди. Масалан, бир туманда уй-жойга муҳтож, оғир турмуш шароитдаги оилалар етарли маблағи бўлмагани боис, ўз вақтида ижро аукционида иштирок этолмаяпти. Узоқ ҳудудда яшайдиган, бошқа тумандагилар эса бу имкониятдан фойдаланишмоқда.

Бу борада қонунчиликка таклифимиз бор. Ҳудуддаги кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилаларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда мазкур масала маҳаллий Кенгашларда муҳокама этиб, қарор қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна бир масала. Давлат дастурига кўра, 2020-2022 йилларда 268,5 км ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш белгиланган. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 80 фоизга, оқава сув тармоқлари билан таъминлашни 25 фоизга етказиш режалаштирилган.

Зарафшон дарёси суви ҳисобига вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, жорий йилда 20.0 миллиард сўмлик маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 5,73 км ичимлик сув тармоғи, сув насосларини ўрнатиш, филтирлаш биноси ва реактив фирмаси (реагентное хозяйство) биноси қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда 20.8 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. 5,73 км. сув тармоғи, сув насосларини ўрнатиш, филтирлаш биноси ва реактив фирмаси (реагентное хозяйство) биноси қурилган. Бугунги кунда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ва бўнак маблағлари билан 19.7 млрд. сўм маблағ молиялаштирилган. Мазкур лойиҳа амалга ошса, вилоятдаги 600 мингдан зиёд аҳоли марказлашган сифатли ичимлик суви билан таъминланади.

Партия гуруҳи хонадонма-хонадон ўрганиш ишларини олиб борди. Пандемия шароитида одамларга янада яқин бўлиш, елкасига елка тутиш мақсад қилинди. Шу вақтда Дўстлик, Мирзачўл, Фориш, Зарбдор туманлари ва Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг канализация тизимини капитал таъмирлаш зарурлиги маълум бўлди.

Дўстлик туманидаги Катта қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш муаммолигича қолмоқда. Бугунги кунга қадар қишлоқ одамлари маҳалладан ўтувчи канал сувидан фойдаланиб келмоқда. Албатта, депутатлар, қишлоқ оқсоқоллари ҳам жим тургани йўқ. Тегишли ташкилотларга мурожаат қилинмоқда. Бироқ туман «Сувоқава» ташкилоти ва ҳокимиятга қилинган мурожаатлар ҳозиргача самара бергани йўқ. Дўстлик туман марказидаги эски типдаги кўп қаватли уйларнинг канализацияси умуман ишламайди.

Ўрганишлар натижасида яна бошқа муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, Дўстлик туманида марказий ичимлик суви иншоотини замонавий технологиялар билан қайта реконс­трукция қилиш зарур. Насос станцияси биносини капитал таъмирлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳамда бошқа ўнлаб масалаларни ҳал этишни ортга суриб бўлмайди.  Бу ишларга жами 19 миллиард 593 минг сўм маблағ зарурлиги мутахасисслар томонидан маълум қилинди. Агар юқоридаги камчиликлар бартараф этилса, туман аҳолисини тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминлашга эришилади. Бу масала уй-жой коммунал хизматлари вилоят бўлими ҳамда вилоят “Сувоқова” ДУКни безовта қилиши зарур. Мониторинг тадбирлари натижаларини халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш режалаштирилган.

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: