Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
21.10.2020

ЁШЛАРГА ИМТИЁЗ ЭМАС, ИМКОНИЯТ БЕРАЙЛИК

Бугун олам турли табиий, ижтимоий, сиёсий, тиббий бўҳронлар исканжасида қалқиб турибди. Инсон онги, тафаккури, маънавияти учун кураш кун сайин кескинлашиб бормоқда. Ана шундай таҳликали бир даврда Ўзбекистонда янги Уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даври бошланди.

Бу нима учун муҳим? Давлатчилик тарихи минг йилларни ташкил этган Турон заминда Ўзбекистон ўз мустақил иқтисодий, ижтимоий сиёсатини юритиши, дунё мамлакатлари орасида ўз ўрнига эга бўлиши учун албатта барча соҳаларда замонавий билимларни олган ўз мутахассисларини тарбиялаши керак. Бунинг учун эса Мустақиллик нафақат улуғ неъмат, балки улкан масъулият эканини унутмаслик тамойилига асосланишимиз шарт.

Адолат ва ҳақиқатга интилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат устувор бўлган жойда барака бўлади, тинчлик ҳукм суради, фуқароларнинг фаровонлиги таъминланади, мамлакат янада ривожланади. Биз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган ҳуқуқий давлат барпо этар эканмиз, бунинг учун аввало жамиятда қонун устуворлигини таъминлашимиз лозим.

Ёш авлод фақат китобларни ўқиб, маърузаларни тинглаб эмас, балки реал ҳаётда кўраётган воқеликдан намуна олиб шаклланади. Агар сўзларимизда минг маротаба ижтимоий тенглик ҳақида бонг урсагу, ҳаётда фарзандимиз лоақал бир марта бунинг аксини кўрса, у ҳақиқатга ишонмай қўяди.

Ижтимоий адолат шунчаки ахлоқий талаб эмас, балки бу миллий барқарорлик ва глобал фаровонликнинг асосидир. Тенг имкониятлар, ҳамжиҳатлик ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши демократик давлат пойдеворининг таянчидир.

Президентимиз томонидан давлатни ривожлантириш учун албатта ёшларни замонавий билимлар билан қуроллантириш муҳимлиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Шунинг учун ҳам олий таълим муассасаларига қабул ўринлари кенгайтирилиб, мамлакатимизда илғор хорижий таълим муассасаларининг филиаллари очилмоқда. Бу жуда яхши, албатта.

Бироқ ана шу билим даргоҳларига қабул қоидалари ижтимоий адолат талабларига жавоб бера оладими? Абитуриентлар бу йилги қабул натижаларини ҳаққоний деб қабул қилдиларми?.. Афсуски, бу саволларга жавоб беришга қийналамиз.

Айниқса, имтиёзлар барчанинг ҳаққоний эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мушоҳада қилайлик, мамлакат ривожланиши учун бизга яхши билимли мутахассислар сув билан ҳаводек зарур. Бу йил олий ўқув юртларига қабул қилинган фарзандларимиздан неча фоизи тўрт йилдан кейин замон талабига жавоб бераоладиган мутахассис бўлиб етишади? Албатта, зарур иқтидор ва билим базасига эга бўлганлари.

Хўп, шу кунгача китоб ўқиш, билим олиш, ўз устида мустақил ишлаш кўникмаларига эга бўлмасдан туриб, жорий этилган имтиёз асосида талабалик курсисини эгаллаганларчи?.. Олий ўқув юрти ўқитувчилари уларга билим олиш  кўникмаларини сингдургунча қанча вақт сарфланиши зарур?..

Инсонннинг асосий ҳаёт кўникмалари ўн беш ёшгача шаклланиб бўлади, 18-19 ёшга етиб, шахс сифатида шаклланган инсоннинг одатлари, дунёқарашини ўзгартириш, менимча, мушкул иш. Яна у ҳаёт йўлининг бошидаёқ “имтиёз”, дейилган жуда тойдирадиган, чалғитадиган нарсадан фойдаланган бўлса. Турли имтиёзлар жорий қилиниши шу соҳада коррупцияга кенг эшик очилишига сабаб бўлмайдими?

Йиллар давомида ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай шароитда ўқишни мақсад қилган, билим тўплаган, лекин қайси бир “имтиёзли” тенгдоши сабабли орзусига ета олмаган ёшларнинг кўнглидан қандай кечинмалар ўтаркин?.. Уларнинг ҳақиқатга,  адолатга бўлган ишончи синиб, бизни асосли равишда “ёлғончи”, деб атамайдими?..

Мақсадимиз Ватан келажагини билимли, садоқатли ёшлар қўлига топшириш экан, ҳар қадамимизда адолат мезонидан чекинишга йўл қўймаслигимиз шарт. Олий таълим, таълимнинг бошқа турларига қабул қилишда ҳар қандай ноўрин имтиёзлардан воз кечиш керак. Ривожланган хориж давлатларда ҳам имтиёзлар мавжуд, фақат улар билим учун берилади. Яъни, сиз тиришқоқлигингиз, билимга интилувчанлигингизни ўз фаолиятингиз билан исботласангиз, албатта, давлат грантларига эга бўласиз, бу тамойил талабаларни билим эгаллашга рағбатлантиради.

Турли қийин ижтимоий ҳолатлардаги фуқаролар учун жорий қилинган грантларга келсак, ногиронлиги бор шахслар, мутахассислар етишмайдиган ҳудудлар учун, қийин ижтимоий аҳволдаги қизлар учун жорий қилинган квоталар сақланиб қолиши керак.

Хизмат вақтида ҳалок бўлган ходими фарзанди учун имтиёзни, агар у умумий асосда ўқишга кира олса, тегишли вазирлик томонидан контракт пуллари тўлаб берилиши шарти билан алмаштириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Чунки, умумий асосда контракт тартибида етарли балл тўплай олмаган ёшдан келгусида қандай мутахассис етишиб чиқиши жуда мавҳум.

Ота-онаси маълум соҳада ишлагани учун фарзандига имтиёз берилиши, менимча, ижтимоий адолат бузилишининг яққол намунасидир.

Олий таълим муассасаларига қабул қилишда бугунги мавжуд 20 га яқин имтиёз турлари, албатта, қайта кўрилиши ва адолат мезонлари асосида тартибга солиниши керак.

Ўзбекистонда янги уйғониш даври бошланмоқда, бу уйғониш аввало иймонимиз, виждонимиз, Ватанга муҳаббатимизни уйғотмоқлиги ҳал қилувчи омилдир.

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: