Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
21.10.2020

НАРХ-НАВОНИНГ ЎСИШИДАН

кам даромадли аҳоли азият чекади

Дунёда коронавирус пандемияси бошланганига ҳам ҳадемай бир йил бўлади. Ана шу даврда кўплаб соҳалар каби озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги тармоғи ҳам мураккаб вазиятга тушиб қолди. Чунки мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар, хусусан, озиқ-овқат етказиб беришнинг глобал занжирида узилишлар рўй берди. Дунёнинг манаман деган ривожланган давлатлари ҳам аҳолининг муҳтож қатламини озиқ-овқат билан таъминлашда кўплаб муаммоларга дуч келди. Айримларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат етарли эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар куни сайёрамизнинг 840 миллиондан ортиқ аҳолиси тўйиб овқатланмаяпти. Оқибатда 160 миллиондан ортиқ болаларда бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланиш билан боғлиқ камчиликлар кузатилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжлари ўсишидан ортда қолмоқда.

Жаҳонда озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда нафақат ички талабни қондириш, балки ташқи бозорга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини берадиган муҳим ва зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганини айтиш ўринлидир. Сўнгги вақтларда юртимизда бу масалага ёндашув тубдан ўзгарди. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарларини узлуксиз етказиб бериш, ички бозорда нарх-наволар сунъий кўтарилишининг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Айниқса, бугун соҳани янада ривожлантириш, ички бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш долзарб масалага айланди. Аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланишга ҳам эътиборли бўлиш талаб этилади. Жорий йил аввалида бошланган пандемия шароитида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-наво кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан қатор қарорлар қабул қилинди.

Куни кеча Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Эътибор берган бўлсангиз, йил бошидан буён бир неча маротаба бу масала кўриб чиқилди. Чунки озиқ-овқатга эҳтиёж ўсиб борса-ю зарур чоралар кўрилмаса, хусусан, ишлаб чиқариш ривожлантирилмаса, импорт маҳсулотлар кўпаяди, бу эса нарх-наво ўсишига олиб келади. Бундан биринчи навбатда кам даромадли аҳоли қатлами азият чекади.

Маълум бўлишича, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар  маҳсулотларининг нархи кескин ошган. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, мамлакатда 23 фоизга қимматлаган.

Вақтида барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила олишимизни таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифадир. Чунки озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори нархлари, камбағаллар сони ошиши хавфи билан бирга, жиддий ижтимоий оқибатларни юзага келтириши мумкин.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш масаласини муҳокама қилдик. Пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор маҳсулотларни қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши кутилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар хомашёсини олиб кириш, уни реализация қилиш айланмалари, 2021 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилиш айланмаларини ҚҚС дан озод қилиш назарда тутилмоқда. Бу, албатта,  ўсимлик ёғи, гўшт ва бошқа истеъмол маҳсулотларининг нархи пасайишига хизмат қилади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизига яқини аграр сектор тармоқларида тайёрланади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш барчамизнинг эътиборимизда бўлиши лозим. Озиқ-овқат тақчиллиги юзага келмаса, маҳсулотлар нархини барқарор сақлаш имкони янада ортади.

Айтиш керакки, юртимиз ноёб тупроқ-иқлим шароитига эга. Қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлади. Бу албатта, юқори сифатли мева ва сабзавотларнинг асосий навларини етиштириш учун қулай имконият дегани. Демак, қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, керак бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Тўғри, сўнгги уч йилда мамлакатимизда агросаноат мажмуаси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ва сифатли ўзгаришлар амалга оширилди, замонавий институционал база яратилди. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар қабул қилинди.

Экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлаштириш сиёсати, кластер тизимини жорий этиш, балиқчилик, асаларичилик ва паррандачилик каби муҳим йўналишларни жадал ривожлантириш, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш, сабзавот экинларини такрорий кузги экиш, томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш нафақат ҳосилдорликни, балки қишлоқда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Бироқ  глобал хатарлар ортиб бораётган бир пайтда эришилган ютуқларда тўхтаб қолмаслик лозим. Агросаноат комплексини ривожлантириш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кўп омиллар билан боғлиқ. Айниқса, маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштирилишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга боғлиқ.

Аслида юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, даромадини кўпайтириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжуд. Ана шу жиҳатларнинг ҳар бири тўлиқ инобатга олиниб, табиий ва иқтисодий ресурслардан унумли фойдаланилса, бу одамларга ҳам, давлатга ҳам катта фойда келтиради.

Ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий имкониятларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича муҳим ва зарур чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бунда биз, депутатлар ҳам фаол иштирок этишимиз, нарх-наво бўйича мунтазам равишда назорат-таҳлил ишларини олиб боришимиз талаб этилади.

 

Аваз ЎРИНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: