23.09.2020

Манфаатлар тўқнашуви ҳар бир соҳада янгилик яратишга туртки бўлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида вазирлик, ташкилотлардан таклиф этилган экспертлар ҳам иштирок этди.

Дастлаб депутатлар “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 381-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасики биринчи ўқишда муҳокама этишди.

Мазкур қонун лойиҳасида аукционга қўйиладиган ер қаъри участкаси майдонининг ҳозирдаги 1 гектар чекловини 5 гектаргача ошириш таклиф этилмоқда. Бу қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайлик яратилишига, ушбу фаолият турини янада такомиллашиб боришига хизмат қилади. Ўз фикр ҳамда таклифларини билдирган фракция аъзолари мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори тўғрисидаги масала ҳам депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

 

Зуҳра ШОДИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қайд этиш керакки, иқтисодиётдаги ислоҳотлар, ўзгаришлар ер ва унга боғлиқ ресурсларнинг аниқ ҳисобини юритиш, улардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштириш бугунги кундаги долзарб масалага айланди. Соҳага алоқадор масалаларни ҳал этиш, унга замонавий фаолият турларини сингдириб бориш мақсадида чора-тадбирлар олиб бориляпти.

Хусусан, Президент фармони билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Республика Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилиб, янги агентликнинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини бугунги талаблар даражасида тартибга солиш, ер назоратини амалга оширишда бу фармон муҳим аҳамиятга эга. Айтайлик, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифаларининг ягона органда тўпланганлиги, ер участкалари, бино ва иншоотларга (кейинги ўринларда — кўчмас мулк) кадастр йиғмажилди рўйхатдан ўтказувчи органнинг ўзи томонидан тайёрланиши оқибатида соҳада юзага келаётган манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга хизмат қилади. Умуман, яна бошқа қатор тушунмовчиликларнинг олдини олишда муҳим ҳужжат вазифасини ўтайди.

Шуларни ҳисобга олиб, фракциямиз аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарорини қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурига таклифлар тайёрлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Фракция аъзолари томонидан қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнларида юзага келаётган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан кўплаб фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди.

 

Елена БАБЕНКО, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўтган йилларда ҳам Халқ демократик партияси фаоллари, барча даражадаги депутатлар Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлди. Хусусан, партия Сайлов­олди дастурига мувофиқ, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш долзарб масала. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар дастурдан ўрин олди. Муҳими, бу борада қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Белгиланган ушбу вазифалар ва уларнинг ижроси эса партия электорати манфаатларига хизмат қилмоқда.

Бундан буён ҳам бу борадаги ишларимизни янада жонлантиришимиз талаб этилади. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурига ҳам партия сайловолди дастурида илгари сурилган масалалар билан бевосита боғлиқ, электорат манфаатларига дахлдор ҳар бир масала юзасидан аниқ ва асосли таклифлар бериш зарур. Ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид вазифалар, уларнинг ижросини таъминлашда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда жамоатчилик назорати ролини кучайтириш бўйича таклифларимиз бор. Уларни амалиётга татбиқ этиш чораларини кўриш ҳақида мулоҳазаларимизни билдирдик. Мазкур таклифлар ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай муҳит ҳамда шароит яратиш орқали бутун жамият ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

ХДП фракцияси аъзолари таклифлар тайёрлашда ижтимоий вакиллик ҳокимиятининг таъсир кучини ошириш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратадиган бўлди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: