Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
29.07.2020

МУТОЛАА — ЮРАККА ЯҚИНЛАШИШ ДЕМАК

Оромгоҳ деганда, болалар учун кўнгилочар аттракционлар, турли ўйин-кулгулар, музқаймоқлару томошалардан иборат сўлим дам олиш маскани кўз олдимизга келади. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан йўлга қўйилган “On-line оромгоҳ” лойиҳаси эса аксинча, адабиёт, илм-фан ва илғор техникаларни қўллаб-қувватлаш, баркамоликка эришиш учун ташкил этилган ижодий боғ ҳисобланади.

Ушбу лойиҳада ҳар бир ихтисос мактаблар учун ўқувчиларнинг қизиқишига қараб, турли хил фан тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳани ишга туширган агентлик вакиллари бизга тўлиқроқ маълумот берди.

— Пандемия бутун дунёни ларзага солаётган, миллионлаб инсонларнинг соғлиғини забт этаётган оғир синовдир, — дейди Президет, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Шоира Ҳамроева. — Ер юзи аҳолиси қўрқув ва хавотир ичида қолган бир пайтда фарзандларимиз руҳиятини кўтариш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил қилиш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда ташкил этилган “онлайн оромгоҳ” лойиҳаси доирасида агентлик таркибига кирувчи мактаб ўқувчилари мусиқа, хорижий тиллар, расм, дастурлаш, графика ва дизайн, жисмоний тарбия каби йўналишларда билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳада иштирок этишни истаганлар учун логин ва калит сўзлари тақдим этилади. Ана шулар орқали агентлик таркибидаги ўқувчилар оромгоҳда қатнашиш имконига эга бўлади. Мақсадимиз ўғил-қизларнинг ёзги таътилини фойдали машғулотларга йўналтириш ва шу орқали уларни турли ваҳималар, шов-шувли ахборотлардан асрашдан иборат. Ўйлаймизки, ота-оналар ушбу лойиҳада фарзандининг иштирокини янада кўпроқ таъминлашга эътибор қаратади.

— Мен “онлайн оромгоҳ” доирасида ташкил этилган назм ва наво тўгарагининг аъзосиман, — дейди Фарғона вилоятидаги Эркин Воҳидов номли ижод мактаби ўқувчиси Нилуфар Эргашева. — Шеъриятнинг биз билмаган сирлари талайгина. Ана шуларни ўрганиш мақсадида онлайн тўгаракларда қатнашяпман. Бадиий адабиётларни ўқишга жуда қизиқаман. Шунинг учун оромгоҳдан энг сара асарларни юклаб олдим. Мутолаа юракка яқинлашиш, деб биламан. Барча тенгдошларим китоб ўқиш орқали юракка яқинлашиш бахтини ҳис қилишларини истардим.

Шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги ижод мактаблари ўқувчилари билан танишдим ва дўстона муносабат ўрнатдим. Ушбу имкониятни берган лойиҳа ташаббускорларига раҳмат, дейман.

Инсонлар орасида ҳамиша турли тортишувлар, баҳслар бўлиб келган ва бу давом этаверади. Бироқ улар орасида энг кўзга кўринган ва гўзали китобхонлар мунозарасидир. Пандемия шароитида уйда қолиб, янги ташаббуслар устида иш олиб бордим. Ана шулар асосида ўқувчилар учун мунозара лойиҳасини тақдим этмоқчиман. Бундан мақсад, ҳар бир ижодкорнинг ўз сўзи, овози бўлсин. Ўз фикрини уқтира олсин. Ана шунда мутолаадан сўнг ҳар бир шахсда юрт тақдири, халқ истиқболи учун қайғуриш, масъулият уйғонади, деб ишонаман.

“On-line оромгоҳ” лойиҳаси иштирокчилари билан суҳбатлашиш асносида уларнинг билим ва кўникмалари, фикрлаш доираси нақадар кенг эканига гувоҳ бўлдик. Бугунги мураккаб вазиятда ўқувчиларни фойдали машғулот билан банд қилиш эса ўта муҳим масала ҳисобланади. Юртимиздаги барча ўқув муассасалари замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш орқали шу каби лойиҳаларни ишга туширса, фарзандларимизнинг таътил вақти бекор ўтмаслиги таъминланади.

 

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: