08.07.2020

БИЗДА АЖРАШИШ ОСОНМИ?

Оилаларни сақлаб қолиш учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш кераклигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Жамиятимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни минг йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган ҳаётий қонунлар амал қилиб келмоқда.

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, ажримларнинг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, республика бўйича 2019 йилниг 11 ойида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 мингдан зиёд оила ажрашди. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди, дегани.

Оилавий ажримларнинг сабаблари кўп. Бунга уй-жой масаласи, ишсизлик, моддий етишмовчилик, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши, эр ёки хотиннинг ишлаш учун бошқа мамлакатларга кетиб қолиши, маънавий-ахлоқий муҳитнинг ёмонлиги, муносабатларга ташқаридан бошқа шахсларнинг аралашуви сабаб бўлиши мумкин. Юртимиздаги бу муаммо олимлар томонидан ўрганилганда, ажримларнинг тенг ярмида ёшларнинг бир-бирини тушуна олмаслиги, ҳаётга, оила масаласига енгил қараши сабаб қилиб кўрсатилган.

2020 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича ФҲДЁ органлари томонидан 7,8 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 0,9 промиллени ташкил этди.

Ҳудудлар бўйича 2020 йил январь-март ойларида никоҳдан ажрашганларнинг энг юқори коэффициенти Тошкент шаҳри (1,0 промилле), Андижон (0,9 промилле) Самарқанд (0,8 промилле) Тошкент вилоятларида (0,8 промилле) кузатилди.

Никоҳ бекор қилинар экан, турмуш қийинчиликлари асосан аёл зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан фарзандлари билан чиқиб кетиб, ўзи ва болаларининг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади.

Никоҳдан ажрашишлар дунёнинг барча давлатларида қайд этилади. Лекин биздаги қонунчиликда турмушдан ажраган аёл ва болаларнинг кейинги тақдири кафолатланмаган. Тўғри, вояга етмаган болалар учун алимент тўловлари қонунда белгиланган. Лекин ҳозирда қанчадан-қанча аёллар ана шу пулларни ундира олмай, судма-суд юрганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ажрашиш жараёнининг ўзи ҳам баъзи давлатларникига нисбатан осон.

Агар чет эл тажрибасига мурожаат қилсак, Польшада никоҳ фақат суд орқали бир неча босқичда бекор қилинади. Лекин бу ҳолат ижтимоий меъёрлар ёки вояга етмаган болалар манфаатларига зид бўлса, судлар никоҳни бекор қилишни рад этади. Испаниянинг Олий суди никоҳдан ажрашган эркакни собиқ уй бекаси бўлган хотинига уй ишларини бажаргани учун компенсация ва хотини ҳамда болалари учун алимент тўлашга мажбур қилади. Германияда ажрашаётган оилада болалар бўлса, суд, аввало, уларнинг манфаатларини ҳисобга олади. Шунингдек, нафақат мол-мулк, балки пенсия жамғармалари ҳам иккига бўлинади, бунда ҳам ўзига яраша адолат мавжуд. Негаки, бола тарбияси ва уй ишлари билан машғул бўлган аёл пенсия учун жамғарма яратмаган. Бразилияда ҳам аввало оиладаги вояга етмаган болалар манфаати ҳимоя қилинади, уларнинг ажримдан олдинги таъминот даражаси сақланиб қолиниши мажбурий қилиб белгиланган.

Бизнинг қонунларимиз кўп ўринда совет мафкураси қоидаларини сақлагани сабабли, никоҳ масаласида миллатимиз менталитетига мос келмайдиган ўринлари мавжуд. Юқорида айтиб ўтганимиздек, хорижий давлатларда ажрим ҳақида қарор чиқаришдан олдин судлар болалар ва аёлнинг кейинги тақдири билан қизиқиб, уларни кафолатлашга ҳаракат қилади. Бизда эса аввал никоҳ бекор қилиниб, ажрим қайд этилади, кейин фарзандлар тақдири, мол-мулк тақсимоти кўриб чиқилади.

Совет қонунчилиги асосан рус халқи одатларига кўра тузилгани учун ажримдан кейин эркак уйдан чиқиб кетади, чунки куёв келин уйида яшаши одатий ҳол саналади. Бизда эса ичкуёв камдан-кам учрайдиган ҳолат, одатда келин куёв уйига боргани сабабли ажримдан сўнг аёл болалари билан ота уйига кетишга мажбур. Сўнгра унинг бошига қанча кўнгилсизликлар тушиши ҳаммага маълум. Чунки чиққан қиз чиғириқдан ташқари, дейишади. Аввало, бу хонадонда маънавий тушкунлик пайдо бўлади, келинлар ва қайтган қиз ўртасида зиддиятлар юзага келади. Баъзида турмушдан ажрашган аёл ҳам болаларидан воз кечади. Оқибатда  бизнинг халқимиз учун ор-номус масаласи ҳисобланган ота-онаси тирик етимлар кўпайиб, болалар уйларида тарбияланишдек хунук ҳолат юзага келади.

Ажримдан кейинги энг катта ғавғоларга сабаб бўладиган масала бу уй-жойдир. Исломда йигит бўлажак оиласини уй-жой билан таъминлаб, кейин уйланиши деярли қоидага айланган. Бизнинг жамиятимизда ҳам туғилган фарзандга отанинг фамилияси берилади, лекин ажрим юз берса, қандай қилиб бўлмасин, масъулиятдан қочишга ҳаракат қилинади.

Хўш, оилани сақлаб қолиш, ажримларнинг олдини олиш учун қандай таъсирли чора кўриш лозим? Менимча, қонунларимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш вақти келди. Масалан:

никоҳ қайд этилишидан аввал ёш оила яшайдиган манзил аниқ бўлиши, ажрим юз берган ҳолатда фарзандлар ва аёл турар-жой билан таъминланиши шарт;

никоҳ қайд этилгач, аёл юқорида кўрсатилган манзилга зудлик билан рўйхатга қўйилиши керак (ортиқча оворагарчиликсиз, келин фамилияси ўзгаргани сабабли, янги паспорт олганда, прописка ҳам ўзгартирилиши керак);

болалар учун алиментлар мажбурий ундирилиши механизми жорий қилиниши лозим, ҳозиргидек кам ҳақ тўланадиган ишга номига жойлашиб, энг кам миқдорда алимент ҳисоблаш амалиётидан воз кечиш зарур. Алимент миқдори боланинг ҳаёт кечириши, таълим олиши учун етарли бўлиши талаб этилади;

ота-онаси тирик бўла туриб, болалар уйига жойлаштирилган фарзандларга ота-онаси томонидан махсус ҳисобга пул ўтказишни жорий қилиш шарт.

Юқорида келтирилган масалалар ечими бўйича мажбурий равишда никоҳ шартномаси тузилса, ҳар қандай эркак ёки аёл ажрашиш ҳақидаги фикрни бир неча бор ўйлаб кўрарди.

Жамият ривожланар экан, ҳаётни тартибга солувчи қонунлар ҳам ўзгариб, такомиллашиб бориши табиий. Давлатнинг асосини ташкил қилувчи оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, болалар учун соғлом оилавий муҳитни кафолатлаш мақсадида қонунларимизга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш вақти келди, деб ўйлайман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: