01.07.2020

МУҚАДДАС ЎРАЗАЛИЕВА: ДЕПУТАТНИНГ ВАКОЛАТИ ЧЕКСИЗ ЭМАС

Ростгўйлик, дадиллик, жонкуярлик ва албатта, оналарга хос меҳрибонлик — буларнинг барчаси бугунги суҳбатдошимизда мужассам. Асосийси, вазмин кўринган чеҳранинг ортида қаттиққўллик, узоқни кўра билиш, ҳақиқатни айта олиш жасорати ҳам уйғунлашган. Ўз ишини тиббиёт соҳасидан бошлаган Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати. Унинг айтишича, халқнинг турткиси билан сайловда ўз номзодини қўйган ҳамда улар билдирган ишонч, қўллаб-қувватлаши натижасида ушбу мақомга эришган. Эндиликда сайловчилар ишончини оқлаш суҳбатдошимизнинг бош мақсадларидан биридир.

— Муқаддас опа, депутатликкача бўлган фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Болалигимда ойимнинг ота-онасининг, яъни бувиларимнинг ёнига тез-тез бориб турардим. У ерда икки ҳолам тиббиёт ходими — ҳамшира бўлиб ишларди. Холаларимнинг оппоқ халатда, озода юришлари, ишдан чарчаб келганда ҳам кимдир ёрдам сўраб келса, рад этмасликлари хотирамга, юрагимга муҳрланиб борган.

Мактабни битириб, шаҳодатномани қўлимга олган куним дадамнинг ёнига бориб, шифокор бўлмоқчи эканимни айтдим. Шунда дадам “Бунча баланд дорга осилдинг, қизим. У ерга киргизишга, ўқитишга бизнинг кучимиз етмайди” деди. Насиб қилган экан ўқидим, оқ халатни ҳам кийдим, шифокор бўлдим. Дастлаб Тошкентдаги поликлиникада, 1998 йилда Зомин педиатрия шифохонасида иш бошладим, орадан 6 ой ўтиб, бош иммунолог лавозимига тайинлашди. Бу соҳа ўша пайтлари янги эди. Зомин туманидаги 0 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларни эмлаш ишларини режалаштириш керак. Билдирилган ишончни оқлаш ниятида кечалари билан ишлашимга тўғри келарди. Кейинчалик бош педиатр, бош шифокор ўринбосари лавозимларида ишладим.

— Бугунги кун тиббиёт соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилиши керак ёки қайси ўзгаришни кераксиз, деб ҳисоблайсиз?

— Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар кун сайин кенгайиб, дадил тус олмоқда. Ҳудудларда янги шифо масканлари барпо этилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Натижада оналар ва болалар ўлими камайиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб бормоқда.

Бироқ мени ташвишга солган масалалар ҳам оз эмас. Бир мисол, оптималлаштириш натижасида Зомин туманидаги 24 та ҚВПнинг 7 таси қолиб, қолгани қисқартирилди. Ўзим қишлоқда яшайман, ўша ерда туғилиб, ўсганман. Шунинг учун қишлоқ шароитини, аҳолининг турмуш тарзи, топиш-тутишини яхши биламан.

Тўғри, қайсидир қишлоқда, маҳаллада шифокор бўлса, аҳоли у қадар қийналмайди, биринчи тиббий ёрдам ёки маслаҳатни олади. Шахсан бизнинг уйимиз кеча-ю кундузи ҳамма учун очиқ бўлган. Кечалари ҳам одамлар ёрдам сўраб келарди. Лекин уй шароитида бажариб бўлмайдиган ишлар ҳам бор. Ана шунда тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган одамнинг ҳоли нима кечишини ўйлаб, қўлим калталигидан афсусланаман.

Мен яшайдиган қишлоқ туман марказидан 5 чақрим узоқда. Бироқ марказдан 30-35 километр масофада жойлашган ҳудуд аҳолиси нима қилади? Ҳаммада ҳам автотранспорт йўқ. Кимнингдир юраги хуруж қилса, ҳомиладор аёлда эрта тўлғоқ бошланса, зудлик билан ёрдам кўрсатиш имкони йўқ-ку, беморнинг ҳаёти хавф остида қолади-ку. Узоқ масофага тез ёрдам машинаси етиб бориши учун вақт талаб этилади. Йўллар таъмирталаб ёки айланма бўлса, табиийки, у вақтида етиб бора олмайди. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчи ёки тиббий ходимга боғлиқ бўлмаган ҳолатда кечиккан чоғда бемор хонадонидагилар жанжал кўтаради. Ҳатто муштлашишгача бориляпти. Чунки яқинининг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган пайтда одамнинг кўзига ҳеч нима кўринмай қолади.

Шу сабабли парламентдаги фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари билан боғлиқ. қўмитада ҚВПларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги эътиборига ҳавола қилмоқчимиз. Айниқса, туманлар марказларидан узоқда бўлган тиббиёт муассасаларини қисқартирилишига мутлақо қаршиман. Умуман олганда, ҚВПлар фаолиятини давом эттириш керак, деб ўйлайман.

Туман марказидан 35 километр олисда жойлашган Қорамозор деган ҚВП бор эди. Мана шу қисқартириш масаласи кўтарилган вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олис ҳудуддаги 2 та ҚВПни қисқартириш масаласи билан ишчи гуруҳи келди. Шунда туғиш ёшдаги аёллар сони, неча фоизининг автомашинаси борлигию ёш болаларда учрайдиган хавфли ҳасталиклар ҳақида айтдим. Кечаси кўзи ёрийдиган аёл ёки иситмаси кўтарилиб, талвасага тушиб қоладиган боланинг ҳаётини сақлаб қолиш даражаси пасайиб кетиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунга қарамасдан 2та ҚВП опитималлаштириш сабабли қисқартирилди.

Қишлоқ аҳолиси камдан-кам ҳолларда шифохонага бориб даволанади. Шунинг учун ҳам ҚВПга бориб, даволанса, укол-дориларини қилдириб, бироз дам олиб, уйига қайтса, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд, кам таъминланган аҳоли вакиллари учун анча енгиллик бўларди.

— Депутат сифатида қандай таклифларингиз бор?

— Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзосиман. Биз жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан учрашганимизда кўпроқ тиббиётга алоқадор саволлар билан мурожаатлар қилишмоқда. Жойларда тиббиёт ходимлари етишмаслиги, борларининг малакаси, билимини ошириш кераклигини айтишади.

Яқинда бир ёши улуғ отахон ёнимга келиб, айрим тиббиёт ходимлари ишидан қониқмаслигини, уларда етарли тажриба, билим ва малака йўқлигини айтди. Масалан, мавсумий касалликлар, сурункали даволанувчи беморлар бор. Улар бутун дунёда тан олинган стандартлар асосида даволанади. Айрим ҳолларда бир ҳудуд шифокорлари даволай олмаган оғирроқ беморларни бошқа туманга кўчирилиши ҳолатлари учраб туради. Бу ҳам аҳолида норозилик кайфиятини юзага келтиради. Шу каби ҳолатларни мисоллар билан айтган отахоннинг гапида жон бор. Сабаби врачлар малакасини ошириб бориш масаласи доимий ва тизимли йўлга қўйилиши зарур. Тўғри, ойлаб оиласидан, уйидан узоқда ўқиш имконияти бўлмаган мутахассислар ҳам бор. Лекин ҳеч бўлмаганда оғир касалликларни даволаш, кам учрайдиган ёки мавсумий хасталиклар ҳақида онлайн тизими орқали ўқитиб бориш лозим.

— Депутатларга аҳолининг мурожаати кўпроқ қайси масалаларда бўлмоқда?

— Жойларга чиққанимизда иш сўраб, йўлларни таъмирлаш кераклигини айтиб кўп мурожаат қилишади. Тан олиб айтиш керакки, ижтимоий соҳадаги муаммолар оз эмас. Бироқ ноўрин талаблар, мурожаатлар билан депутатни ҳам, турли идораларни ҳам овора қилаётган фуқаролар ҳам учрайди.

Сайловолди учрашувлар пайтида қай бир ҳудудга борсам, ўша ердаги аҳолига телефон рақамимни ёздириб келган эдим. Шу боис кўпчилик тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиб, муаммосини айтади. Баҳоли қудрат масофадан туриб бўлса ҳам ёрдам беришга, масалани ечишга ҳаракат қиламан. Яқинда “Янгиобод” туманида яшовчи аҳоли вакиллари қўнғироқ қилиб, 5 нафар фуқаро кредит ололмаётганини айтишди. Туман ҳокимлигига қўнғироқ қилдим, масалани тушунтирдим, мутасаддилар дарҳол уни ечишга киришди. Бир неча кун ичида 5 нафар эмас, 20 нафар фуқаро кредит олишга эришди ва миннатдорлик билдиришди. Лекин баъзида жуда ноўрин, ноқонуний талаблар билан қўнғироқ қилувчилар ҳам бўлади.

Мисол учун, бир сайловчи “ўғлимни миллий гвардияга ишга жойлаштириб қўйинг” деса, яна бошқаси “менинг фарзандим олий маълумотли бўлиши керак, ўқишга киргизиб беринг”, дейди. Бу ишлар қўлимиздан келмайди. Шундай бўлса-да, фарзанди қайси соҳага қизиқишини сўрайман, тайёрлов курсида ўқишида ёрдам қилишимиз мумкинлигини айтаман. Буни қарангки, боласининг ўқишга қизиқиши йўқ, лекин олий ўқув юртида ўқиши керак.

Ахир ҳар бир масаланинг ўз тартиб-қоидаси бор. Олий таълим муассасасига ўқишга киришни истаган бола етарли билимга эга бўлиши зарур. Ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаш учун ҳам жисмоний тайёргарлик, ўзига яраша билим ва кўникмалар лозим. Буларни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо депутат бўлиб, нега ёрдам бермайсан, дейдиганлар топилади. Депутат, масалан, Қонунчилик палатаси депутатининг вазифаси, ваколатлари ҳамда мажбуриятлари нималардан иборат эканини тушунтиришга тўғри келади.

— Бир неча йил давомида коллеж директори бўлиб ишлагансиз. Яхши раҳбарга таъриф берсангиз.

— Энг аввало, ходимлари учун шароит қилиб берган раҳбарни яхши ишлаяпти, деб айтиш мумкин. Иккинчидан, раҳбар ҳалол бўлиши шарт. Ўшанда унинг ҳеч кимдан тили қисиқ бўлмайди. Хоҳлаган идорасига бемалол кира олади, қонуний талабларига муносиб жавоб олади. Коррупцияга йўл қўймаган раҳбарнинг ходимлари ҳамиша ундан миннатдор бўлади ҳамда унга мурожаат қилган фуқаронинг муаммоси осон ҳал этилади.

Мақтанишга кирса ҳам бир мисолни айтмоқчиман. Коллежлардаги штатлар қисқартирилганда 96 нафар ходимни ишдан бўшатишга тўғри келди. Улардан кимдир оила боқувчиси, 3-4 нафар фарзанднинг отаси бўлса, яна бошқаси отасиз фарзанд катта қилаётган аёллар эди. Ҳар бирини ишга жойлаштириш учун улар билан бирга юрдим. 96 нафар ходимнинг барчаси ишли бўлгачгина кўнглим таскин топади. Бу билан демоқчи бўлганим, яхши раҳбар ходимларининг яшаш тарзи билан қизиқади, барчага бирдек муомалада бўлади, ўзи ҳам, қўл остидагиларини ҳам коррупцион ҳолатга аралашишига йўл қўймайди.

Депутат билан яна бошқа масалаларда ҳам суҳбатлашдик. Унинг дилидаги гапларига қулоқ тутдик. Бошдан кечирганларини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаб берди. Шу сабаб баъзиларини ўзимизда олиб қолишни маъқул топдик. Зеро, инсон шаъни ва қадр-қиммати, хоҳиш-истаги ҳар нарсадан устундир. Муқаддас Ўразалиевадан блиц-саволларимизга қуйидаги жавобларни олдик.

 

— Аёлга таъриф беринг.

— Нозик гул, албатта.

— Оилада тинчликни асраш, бахтли бўлиш учун нима талаб этилади?

— Сабр.

— Депутат ва аёл ўртасидаги боғлиқлик.

— Ҳамма аёл ўз оиласида сиёсатчи, лекин ҳар бири депутат эмас.

— Депутатлик сиз учун нима?

— Бурч ва масъулият.

— Сизнинг кўнглингизни кўтарувчи, энг яхши гаплар қайси?

— Раҳмат, барака топинг.

— Биз ҳам сизга худди шундай, деймиз. Вақт ажратганингиз учун раҳмат, барака топинг...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: