Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.06.2020

САХОВАТПЕША ИНСОНЛАР

кўкрак нишони билан тақдирланади

Бугунги кунда, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Ҳар куни коронавирус касаллигининг тарқалиши ҳамда унинг олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилмоқда. Қанчалик қийин бўлмасин, карантин қоидалари жорий этилиб, вазият қўлга олинмоқда. Мамлакатимизда қарийб икки ойдирки, жуда катта куч сафарбар қилиниб, қанчалик оғир бўлмасин, барча зарур шароит яратилмоқда. Бу пандемияга агар эътиборсизлик қилинса, қанчалик хавф туғдиришини шифокор сифатида яхши биламан. Шу боис ушбу офатга қарши курашни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслигимиз керак. Бу одамлар, аҳоли соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масаладир.

Айтиш керакки, халқимиз бирлашиб, уйда қолиш талабига қатъий амал қилди. Бу билан нафақат ўзини балки бутун жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Дастлаб коронавирус, ундан кейин Бухоро, Навоий вилоятларида кучли табиий офат рўй берди. Энди, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш учун чоралар кўрилаётган бир пайтда, Сардоба сув омбори фожеаси билан тўқнашдик. Халқимизнинг иродаси мустаҳкам. Ушбу синовларни мардонавор енгиб ўтишига шубҳа йўқ.

Қанчадан-қанча одамлар уйсиз, жойсиз қолган эди. Қишлоқ хўжалиги экинларини айтмайсизми? Эҳ-ҳе, етган зарарлар жуда катта. Мазкур сув омборини қуриш жараёнлари ҳам осон кечмаган эди. Уни қуришдан мақсадимиз катта эди. Ушбу ҳудудлардаги пахта, буғдой ва бошқа экинларга сув айнан шу омбордан етказилаётганди.

Фавқулодда вазиятдан сўнг бошпанасидан, даромадидан, бор будидан айрилган аҳолини ҳеч ким эътиборсиз қолдирмади. Ҳозиргача саховатпеша инсонлар қалб амри билан жабр кўрганларга меҳр улашмоқда. Асрлар давомида шаклланган меҳр-мурувват, саховат кўрсатиш, кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олишда тадбиркорлар бош-қош бўлишди.

Пандемия сабаб ишлолмай қолган ҳамюртларимиз бошпанасини ҳам йўқотди. Бундай шароитда биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз қатлам кўпроқ жабр кўради. Тасаввур қилинг, бир миллоиндан ортиқ фуқаро бир марталик, мавсумий ишларда икки миллионга яқин аҳоли меҳнат қилаётганди. Улар кўпроқ қийналди, оғир аҳволда қолди.

Шундай вазиятда Президентимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусини жамоатчилик самимий, қизғин кутиб олди. Очиғи, саховатпеша инсонлар анчагина кўп экан. Кимдир озиқ-овқат, кимдир дори-дармон, ҳатто, озгина имкони борлар ҳам савоб йўлида уйидаги чорвасигача сотиб, қийналган инсонларга ёрдам бермоқда.

Ўзим сайланган округ аҳолисининг ҳолидан хабар олиш учун борганимда, 60 ёшлар атрофидаги отахонни учратдик. У зиёли ва ўртаҳол оиладан экан. Маҳалла раисларидан бири, отахон ўғлини тўйига боқаётган молини сотиб, қийналиб қолган оилаларни озиқ-овқат билан таъминлаганини айтди.

Аслида, саховат кўрсатиш ҳам ориятли, қалби пок, оқибатли, имони бут инсонлар амалидир. Мана шундай инсонлар халқимизни чинакам мурувватли эканини ­исботлайди. Бундай самимий, меҳр-мурувватли инсонлар минглаб эҳтиёжмандлар руҳини кўтармоқда, уларнинг бошига иш тушган қийин дамларда елкадош бўлмоқда. Бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида азалдан мужассам. Фақат бугун улар янада баландроқ бўй кўрсатмоқда.

Таъкидлаш керакки, ҳеч бир хайрли иш эътибордан четда қолмайди. Давлатимиз раҳбарининг “Меҳр ва саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги фармони бунинг яққол исботидир. Бу орқали саховатпеша инсонлар қадрланадиган бўлди, улар юрт бошига тушган синовли кунларда меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат кўрсатгани учун муносиб тақдирланади. Эътиборли жиҳати, ушбу фармонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани учун тақдирлаш назарда тутилмоқда. Мана шундай инсонлар, ўзининг юксак хислатлари, олижаноблик фазилатлари билан қариндош-уруғи, маҳалласи, атрофдагиларга ўрнак бўлади. Фармонда коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларни тақдирлаш белгиланди. Улар орасида жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизнинг борлиги айниқса, қувонарлидир.

  Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, ушбу касалликка қарши курашаётган шифокорлар, тинчлик-осойишталикни таъминлаётган ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда саховатпеша инсонларни бугуннинг қаҳрамонлари, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш энг устувор вазифа саналади. Шу жиҳатдан улар ҳар қандай эътирофга муносиб саналади.

Албатта, саховатпеша инсонлар нимадир илинжида яхшилик қилмайди. Уларга савоб, халқимиз дуоси энг катта совға ҳисобланади. Шундай бўлса-да, давлатимиз қўли очиқ, кўнгли очиқ ҳамюртларимизни юксак мукофотга муносиб ҳисоблайди. Зеро, сахийлик, кўмакка шайлик, беғараз ва беминнат ёрдам қўлини чўзиш каби қадриятларни эъзозлаш, қадрлаш муҳимдир.

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: