15.10.2019

Икки ёшли боласи бор оналар уйда ўтиришга мажбур

Уларнинг ишлаш ҳуқуқи чекланмаяптими?

Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш 3 ёш этиб белгилангани ҳақида турлича фикрлар билдириляпти.

Албатта, ёшни танлашда боланинг жисмоний, руҳий-психологик ва бошқа томонлама ўзини тўлақонли эплай олиши назарда тутилган. Бола ҳаётининг дастлабки йилларини кўпроқ онаси билан ўтказгани яхши, албатта. Чунки ҳеч ким болага ўз онасидан меҳрибонроқ, яхшироқ қарай олмайди.

Бироқ масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бу борада кўпчиликни қийнаётган муаммолар борки, улардан кўз юмиб бўлмайди. Ёш боласи бор аёллар билан суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз уларнинг ҳақли эътирозларини эшитиб қоласиз:

– Болаларни уч ёшдан боғчага қабул қилиниши бизга яхши бўлмади-да. Ҳозир уч ёшгача болага қараб ўтирадиган замонми? Аёл ишламаса, рўзғорнинг бир учини тортишиб, эрига кўмаклашмаса бўлмайди. Аввалги замонлардагидек қайнонага “боламни боқиб беринг!” дейишга ҳаққимиз йўқ. Уларнинг ҳам ўз иши, ташвиши бор. Хусусий боғча ёки энага ёллаш фалон пул, – дейди оналардан бири.

– Турмуш ўртоғим  иккимиз мактабда ишлаймиз. Келин бўлиб тушган оилам жуда катта. Шу туфайли қайнонам "Ўзларингга алоҳида уй олинглар", дедилар. Турмуш ўртоғим билан келишиб, кредитга уй олдик. Янги уйга кўчиб ўтдик. Бу орада фарзандимиз туғилди. Ишхонамдан бола тарбияси учун таътил олдим. Оилани ҳам моддий жиҳатдан таъминлашга, ҳам кредит тўлашга турмуш ўртоғим имконияти етмаяпти. Болам икки ёшдан ошди. Бемалол овқатини ўзи ейди, гапиради, ҳожатга боришини айтади. Уни боғчага бериб, ишга чиқмоқчи эдим...

Боғчаларда икки ёшли болалар учун кичик гуруҳлар ташкил қилинишини истардим, – дейди яна бир ёш она.

Шундай муаммолар юзасидан дардини кимга айтишни билмай юрган аёллар, оналаримиз кам эмас. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш ишлари жадал кетяпти. Аммо муаммолар ҳали-ҳануз барҳам топгани, айрим ўткир саволларга жавоб топилгани йўқ. Бу борадаги муаммоларни яхшилаб ўрганиб, нуқта қўйиш вақти келди. Аёл ишлашга муҳтожми, демак, у бунга ҳақли. У оиласи учун, фарзандларининг келажаги учун ишлаш истагида бўлса, унинг бу хоҳишини чеклаш нотўғридир. Чунки бу аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи чекланишига олиб келиши мумкин.

Меҳнат кодекси 233-моддасига мувофиқ аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Ана шу муддатдан кейин аёллар ишга чиқиш ҳуқуқига эга эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

Орамизда ўзига тўқ ва тинч оилалар кам эмас. Бундай оилаларда яшаётган аёллар истаса, бола тарбияси билан шуғулланиб уйда ўтириши мумкин. Агар хоҳласалар ҳеч иккиланмай хусусий боғчага фарзандини бера олади.

Аммо ҳамманинг ҳам моддий томондан бунга қурби етмайди. Таъкидлаб ўтганимдек, замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Одамлар ҳам замонга қараб яшашни ўрганмоқдалар. Фуқароларимиз учун яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишиб, кредитга уй ва бошқа нарсалар харид қилишмоқда. Демак, айрим оилаларда фақатгина эркакнинг топгани кифоя қилмаяпти. Яхши яшаш учун аёллар ҳам ишлашга интилмоқдалар. Бу интилишни тўғри тушуниш ва имконият яратиш долзарб масаладир.

Ечилмайдиган ва ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Шундай экан, икки ёшли фарзандлари бор аёлларимизни ўйлантириб турган муаммо ҳам албатта ўз ечимини топади, деб умид қиламиз.

 

Дилбархон Мамажонова,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: