«Ўзэкспомарказ»да 24 апрель куни Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар VI Республика ярмаркаси очилди
Президентимизнинг 2006 йил 7 августда қабул қилинган «Фан ва
технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2008 йил 15 июлда имзоланган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2010 йил 15 декабрдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорларида белгиланган Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантириш йўналиши инновацион иқтисодиётга ўтишни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада вазирликлар, идоралар, банклар, иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси корхоналари, фермер хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси институтлари, олий ўқув юртлари, илмий марказлар ҳамда тажриба-конструкторлик ташкилотлари иштирок этмоқда.
Маълумки, шу кунгача ўтказилган ярмаркаларда 2000 дан ортиқ инновацион ғоя ва технологиялар намойиш этилиб, ҳажми 44,7 миллиард сўмга тенг бўлган 1545 та шартнома изоланган.
Натижада 480 миллиард сўм ҳажмда маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, 19 номдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошланган, 24 та шартнома доирасида маҳсулотларни саноат-тажриба, ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, инновациялар ярмаркалари илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу йилги ярмаркада 100 дан ортиқ илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим ва тажриба конструкторлик ташкилотларнинг
— Пахта тойларини қадоқлаш маҳсулотини тайёрлаш технологияси ишланмаси билан қатнашмоқдамиз, — дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, техника фанлари номзоди Фарҳод Раҳимов. — Намойиш қилаётган технологияда чоксиз енгсимон трикотаждан фойдаланилган. Унинг ўлчамлари ва кўрсаткичлари илмий жиҳатдан асосланган.
Енгсимон трикотаж фақат энига тегишли ўлчамда бичилиши ва бир томонидан тикилиши билан аҳамиятли.
Тақдим этилаётган ишланмаларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган маҳсулот ва технологиялар бўлиб, улар янги юқори самарали материаллар, машиналар, препаратлар ва жаҳон андозаларига мос бўлган бошқа тегишли илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш имконини беради.
Ишланмаларнинг 100 таси «Технологиялар трансфери» бўлимида алоҳида намойиш этилади. Уларнинг 69 таси саноат соҳасида, 18 таси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, 13 таси соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги ишланмалардир.
Ярмаркада ёш олимларни илмий-тадқиқот ишларига ва инновация фаолиятига жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари ва «Келажак овози» республика танлови ғолибларининг 74 та ишланмаси ҳам тақдим этилмоқда.
— Бир қатор янги лойиҳалар ва ишланмалар билан қатнашмоқдамиз, — дейди ЎзРФА Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ходими Фаррух Юлчиев. — Булар қаторида янги типдаги менбранали клапнга эга гидротарқатгич (амортизатор) ҳаракатланаётганда машина хавфсизлигини, узоқ муддат ишлашини ва юмшоқ юришини таъминлайди.
Менбранали клапнга эга гидротарқатгични ўзимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарга қўйиш режалаштирилмоқда.
Ярмарка доирасида, шунингдек, мавзулар бўйича илмий-амалий семинарлар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ғ.Ибрагимов, У.Розуқулов иштирок этди.
Шуҳрат ИСЛОМОВ