қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси юксалишининг муҳим омили
Қишлоқ жойлари, хусусан, тоғли ва дашт қишлоқларида янги, шинам уйлар ва турар-жой массивларини барпо этиш билан бирга, мазкур дастур доирасида ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бунинг натижасида қишлоқ аҳоли пунктлари қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси ва сифати ошмоқда.
Таъкидлаш зарурки, дастур амалга оширилиши бошланган 2009 йилдан буён бугунги кунга қадар мамлакатимизда 23 мингдан зиёд уйлар қурилди. Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган «Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуидаги халқаро конференцияда бу дунё жамоатчилигининг яна бир бор эътирофига сазовор бўлди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқда уй-жой қурилишини кенгайтириш, соҳага қўшимча сармояларни жалб қилиш ва самарали сарфлаш мақсадида Дастур иштирокчиларига қатор имтиёз ҳамда кафолатлар яратилган. Қишлоқни янгилаш учун аҳоли сармояларини жалб қилиш жараёнини рағбатлантиришда уларга берилаётган имтиёз ва преференциялар муҳим омил ҳисобланади.
Ипотека кредити 15 йил муддатга 7 фоиз ставкаси билан берилади. 2012 йилда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредити бўйича асосий қарзни қоплаш учун берилган имтиёзли муддат олти ойдан бир йилга узайтирилди.
Мазкур йилдан жисмоний шахслар Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши Дастури доирасида сотиб олган турар-жойлари бўйича мулк солиғини тўлашдан ипотека кредити тўлиқ қайтарилгунга қадар озод қилинган. Бу ҳам аҳолининг уй-жойга сармоя йўналтиришга қизиқиши ошишига хизмат қилади.
Мазкур имтиёз ва қулайликлар мамлакатимизда амалга оширилаётган, уй-жой-коммунал соҳаси, қишлоқ жойларида инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигини яққол намоён этмоқда.
Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида турар-жой қуриш дастурини амалга ошириш натижасида мамлакатимизда нафақат ижтимоий, бозор, балки ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳам жадал суръатлар билан ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Масалан, замонавий, барча қулайликларга эга ва шинам уйлар барпо этилган янги мавзеда савдо марказлари, нон, сут, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки мева-сабзавотни қайта ишлаш цехлари очилмоқда. Бундан ташқари, интернет-кафе, пойабзал тузатиш, кийим тикиш устахонаси, гўзаллик салони кабиларни ўз ичига олган хизмат кўрсатиш марказлари иш бошлаяпти. Минибанклар, тижорат марказлари ҳамда ижтимоий соҳа муассасалари очилмоқда. Натижада қишлоқ жойларида яшовчи оилалар учун барқарор иш ўринлари, даромад манбаи яратилмоқда. Бу ЎзХДПнинг дастурий мақсадларига тўла мувофиқ келади.
Ўз навбатида, қурилиш, безак материаллари ишлаб чиқариш, замонавий технологияларнинг маҳаллий даражада ҳам ривожланиши кузатилмоқда, инновацион ғоялар чекка ҳудудларга ҳам кириб бормоқда. Мазкур давлат дастурини амалга ошириш учун қисқа муддат ичида ҳудудларда замонавий ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ўнлаб саноат корхоналари барпо этилди, юзлаб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Масалан, биргина Андижон вилоятида бу йил қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 174та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 2280 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.
«Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуидаги халқаро конференцияда бу борада мамлакатимизда эришилган тажриба кўриб чиқилди.
Умуман олганда, анжуман уй-жой қурилиши соҳасида дунёда юз бераётган тенденцияни муҳокама этиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтади. Иштирокчилар мазкур бозорни ривожлантиришнинг янги механизмлари ва уларни минтақамиз шароитида қўллаш ва мослаштириш имкониятлари ҳақида фикр алмашдилар. Бунда халқаро экспертлар томонидан мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши бўйича эришилган натижалар ва тажрибалар юқори баҳоланди.
Конференциянинг кўплаб иштирокчилари таъкидлаганидек, қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда саноат, аграр комплекси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда маҳаллий хомашёни қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш ҳамда бандлик масалаларини ҳал этишга кўмаклашувчи реал ва таъсирчан чоралар ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, намунавий лойиҳалар асосидаги қишлоқ уй-жойларини бунёд этиш қишлоқ аҳолиси турмуш сифати, ҳаёти даражаси янада юксалишининг муҳим омилидир.
Улуғбек ВАФОЕВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.