Ўзбекистон — Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар йилдан йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, энди ҳар икки мамлакатнинг айрим шаҳарлари тўғридан-тўғри иқтисодий, маданий алоқалар ўрнатиб, турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу борада Фарғона вилоятидаги ишлар эътиборга лойиқдир. 2012 йил якуни бўйича вилоятнинг Корея Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 50,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2011 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиқдир.
Ушбу кўрсаткич жорий йилда янада сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда. Гап шундаки, вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан Корея Республикасининг Ёнгин ва Ёнсангу шаҳри тадбиркор, ишбилармон ҳамда ишлаб чиқарувчилари ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорликда янги корхоналар ташкил этиш, инвестиция киритиш каби йўналишларда жадал ишлар олиб борилмоқда.
2012 йилда дастлаб Ёнгин шаҳри мэри Ким Хак Куй бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлди. Ташриф доирасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликни амалга оширишга келишиб олинди. Сўнгра Фарғона вилояти делегацияси Корея Республикасига сафар уюштирди. Унда Президентимиз Фармонида белгилаб берилган имтиёзлар, вилоятнинг инвестицион имкониятлари ҳақидаги тақдимот учрашув ва семинарларда намойиш этилди. Натижада, ўзимизнинг маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган бир қатор компаниялар ўртасида алоқалар ўрнатилди. Ошхона жиҳозлари ишлаб чиқарувчи «Seongchan Benifica Co.,Ltd.», кондиционер ва иситиш мосламалари ишлаб чиқарувчи «SEL Air Conditioning Co.,Ltd.», пластмассадан турли маҳсулотлар тайёрлайдиган «Gummyeong Idustry», тайёр текстиль ва ётоқхона буюмлари ишлаб чиқариш ускуналарини етказиб берувчи «Micro Corporation» компаниялар, шунингдек, деҳқон хўжаликлари учун томчилаб суғорувчи ускуналарга ихтисослашган «Celltirion» компаниялар шулар жумласидан.
Ўтган йил охирида ишлаб чиқарувчилар ва хорижий ишбилармонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида вилоят ҳокимлигининг таклифи билан ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркасига Франция, Корея ҳамда республикамизда фаолият юритаётган хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди. Ярмаркада 9 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда экспорт шартномалари тузилди.
Ёнсангу шаҳар маъмурияти билан олиб борилган музокаралар туфайли 2012 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари Ёнсангу шаҳар мэри Сунг Жанг Хюн бошчилигидаги делегациянинг Фарғона шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Юртимизда Наврўз байрами нишонланаётган паллада эса Ёнгин шаҳрининг 20 нафарга яқин тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилари яна Фарғонага келдилар.
— Бу гал аниқ йўналишлар бўйича ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилди, — дейди делегация раҳбари, Ёнгин шаҳар мэри ўринбосари Хонг Сеунг По жаноблари. — Яна бир неча ойдан сўнг фарғоналик тадбиркорларнинг Корея Республикасига сафари чоғида вилоятингизга тўғридан-тўғри инвестиция киритиш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш ҳақидаги амалий шартномалар имзоланади.
Дарвоқе, ҳозирда Фарғона вилоятида Корея сармояси иштирокида 8 та қўшма корхона ташкил этилган. Улар томонидан биргина ўтган йилда 97 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.
Меҳмонлар «UZ Sangwoo», «Турон текстиль», каби корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, Марғилон, Қувасой, Қўқон шаҳарларида бўлиб, ҳунармандлар кўргазмаларида иштирок этди. Тарихий обидаларга саёҳат уюштирилди. Ташриф чоғида кореялик ҳамда фарғоналик тадбиркор ва ишбилармонлар учун «Бизнес форум» ўтказилди.
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.