06.04.2013

ОҚСАРОЙДА ҚАБУЛ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5 апрель куни Оқсаройда Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти, Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси Томаш Аянни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Халқаро оғир атлетика федерацияси ва шахсан Томаш Аяннинг жаҳон миқёсида спортнинг оғир атлетика каби кенг тарқалган турини, шунингдек, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва хизматларини юксак баҳолади.

Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбарининг Ўзбекистонга ушбу ташрифи оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида кечмоқда. Мазкур халқаро спорт форуми 2013 йилда Халқаро федерация шафелигида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақалардан биридир. Беллашувларда спортчилар Хитойда бўлиб ўтадиган “Нанкин – 2014” Ўсмирлар олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берадиган лицензияларни қўлга киритиш учун курашади.

Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда оғир атлетикани ривожлантириш истиқболлари, мазкур нуфузли ташкилот билан самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томаш Аян бугунги кунда Ўзбекистонда оғир атлетика оммавий спорт турларидан бири эканини мамнуният билан таъкидлади. Буни Ўзбекистон спортчиларининг Осиё ва Олимпия ўйинларидаги, шунингдек, жаҳон чемпионатларидаги муваффақиятли иштироки яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистонда маънавий ва жисмоний ривожланган ёш авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани, жисмоний тарбия ва спорт эса таълим ва тарбия тизимининг узвий қисмига айлангани жаҳон жамоатчилигига яхши маълум.

Томаш Аян Ўзбекистон спортчиларининг кўплаб спорт турлари бўйича мусобақаларда эришган муваффақиятлари натижасида халқаро спорт майдонларида мамлакатимизнинг нуфузи ошиб бораётганига юксак баҳо берди. Ўзбекистонда ўсмирлар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрилганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов мазкур мусобақаларнинг муваффақиятли ўтишини, спортчиларга эса янги ғалабалар тилади.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: