«Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси корхоналари моддий-техник базасини модернизациялаш ва янгилашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бугунги кунда холдинг компанияси асосий маҳсулотдан ташқари консерва ва шиша идишларни ишлаб чиқарувчи ўнлаб корхоналарга, шунингдек, улгуржи-чакана савдо бўйича ихтисослашган тармоққа эга.
Соҳада замонавий технологияларни жорий этишга асосий эътибор қаратилмоқда. Чунончи охирги олти йил мобайнида компания корхоналари томонидан ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобига қуриш, қайта таъмирлаш ва модернизациялаш бўйича 50 дан кўпроқ лойиҳа амалга оширилди. 134 млрд сўмдан зиёд ҳажмда инвестициялар жалб этилиб, бир қатор корхоналар замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2013-2015 йилларда соҳани янада юқори сифат даражасига кўтаришга қаратилган модернизациялаш йўли изчил давом эттирилади. Бунинг учун 2015 йилгача тахминан 135 млрд сўм ҳажмдаги 80 дан зиёд инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, компания корхоналари таркибида нон-булка ва қандолат маҳсулотлари, шарбатлар, салқин ичимликлар ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади. Бу эса янги иш жойлар яратилишини таъминлаш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш имкониятини кенгайтиради.
Алишер РЎЗИЕВ