Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан палата аъзолари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили палатанинг мурожаатларига асосан бошқарма томонидан судларга 12 миллиард сўмдан кўпроқ маблағни ундиришга қаратилган 308 та даъво аризаси киритилди. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Натижада палата аъзолари томонидан тўланиши лозим бўлган 1 миллиард сўмдан зиёд давлат божи тежалиб, уни палата аъзоларнинг фаолиятини янада ривожлантириш учун сарфлаш имконияти юзага келди.
Палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси янги иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган масаласига алоҳида аҳамият қаратаяпти. Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган «Canton fair — 2012» халқаро технологиялар кўргазмасида андижонлик 10 нафар тадбиркор иштирок этиб, 1 миллион доллар миқдоридаги ишлаб чиқариш технологияларини сотиб олиш юзасидан шартномалар имзолади.
Ҳудудий бошқарма қошида «Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш» маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили ушбу марказ ташаббуси билан вилоятдаги 313 та тадбиркорлик субъекти 18 та лойиҳа асосида республикада ҳамда хорижий давлатларда ўз малакаларини оширишди. Берилаётган имтиёз ва яратилаётган имкониятлар туфайли мазкур соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 57,4 фоизни ташкил этмоқда. Бу, пировард натижада янги иш ўринларининг кўпайиши, аҳоли бандлиги таъминланишини англатади.
Умрбек ТАДЖИБАЕВ,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.