2010 йил 28 декабрда Давлат мулки қўмитаси ва Корея фонд биржаси ўртасида қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми ва 2011 йил 23 августда Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини модернизациялаш бўйича Бош шартнома имзоланганди.
Шартнома доирасида, Корея фонд биржасига мамлакатимиз фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуани 2013 йилнинг охиригача етказиб бериш ва жорий этишни таъминлаш мажбурияти юклатилганди. Ушбу дастурий мажмуа сервер ва телекоммуникация ускуналарининг дастурий таъминотини, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш, бир йил мобайнида хизмат кўрсатиш кафолатини ҳамда мавжуд қонунчилик базасини такомиллаштириш кабиларни ўз ичига олади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида жаноб Хонг Хи Шин бошчилигидаги Корея фонд биржаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда республика фонд бозорини модернизациялаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ягона дастурий-техник мажмуани жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Корея фонд биржаси ўртасидаги шартномага қўшимча келишув имзоланди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ