18.11.2020

АССАЛОМ КЕЛАЖАК, АССАЛОМ ЯНГИ ОРЗУЛАР!

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига навбатдаги ташрифи пайтида билдирган фикрлари воҳа аҳлини янги марралар сари руҳлантирмоқда

Катта йўлдан Шаҳрисабз шаҳри ичкарисига машинамни бураман. Донни қайта ишлаш корхонасидан ўтиб, кўриниши бутунлай ўзгача иморатлар сари юзланаман. Бу- “Оқсарой-текстиль” мажмуаси. Мамлакатимиз раҳбари Қашқадарёга бу галги ташрифни бу йирик корхона билан танишишдан бошлади.

Эслайман, 90-йилларнинг ўртасида бу корхона қурилишига бир неча бор келгандим. Хорижда ясалган замонавий ип-йигирув дастгоҳлари ўрнатилганди. Маҳсулот тўла экспорт қилиб келинди. Кейинчалик корхона тўла хусусийлашди, ҳозир саноат кластери сифатида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши туманларининг пахта толаларини қайта ишламоқда. Раҳбаримиз иш унумини оширувчи қимматли маслаҳатлар бериб, ишчилар билан суҳбатлашди. Яна янги бир корхона билан танишди.

Корхона технологи Ўктамжон Тоштемиров мени Туркиядан келган тажрибали ҳамкорларимиз – мутахассис Тарик Гужеш ва Аделе Чейхам билан таништирди. Улар корхона фаолияти ҳақида гапириб беришди. Шу йилнинг октябрь ойи бошида яна бир – корхона “Vortex” масъулияти чекланган жамият иш бошлабди. Бу янги корхона синтетик толаларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантиради. Ҳозирча 5,5 минг тонна синтетик калава ўралади ва 3,5 минг тонна мато тўқилади, 250 ишчи меҳнат қилаяпти. Хомашё Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатлардан келтирилмоқда. Келгусида синтетик толага ип ҳам аралаштириб, ундан мато тўқиларкан. Ҳозирдан маҳсулотга талабгорлар кўп. Корхона ҳовлисига чиққанимда, унинг бир томонида яна бир ип йигирув корхонасини кўриш тараддуди кетаётганини кўрдим. Бу кўрганларим яқин тарихимизни эслатди. Бундан 40 йилча бурун Китоб шаҳрида кенг истеъмол моллар фабрикаси бўларди. Қадимги ҳунармандлар ипакдан беқасамлар тўқишган. Бурхон Қурбонов деган моҳир тадбиркор корхонага раҳбар бўлгач, уйларига дастгоҳлар қуриб, 450-500 ҳунармандни бирлаштиради. Ипак тақчил бўлгач, Россиядан сунъий тола олиб келиб, бўяш цехини қуради ва ниҳоятда чиройли ранг-баранг беқасам ишлаб чиқара бошлашади. Талаб жуда катта бўлади. Мана, адрас тўқиш яна йўлга қўйилди-ку! Наҳотки Шаҳрисабзда сунъий тола ишлаб чиқарилса-ю, Китоб шаҳрида яна беқасам тўқишни йўлга қўйиб бўлмаса...

 Ана шу ўйлар билан анча қоғозни қоралаб қўйибман. Бир томондан телевизорни томоша қилар эдим. Орадан анча вақт ўтиб, телефоним жиринглади – олдим, Саломат опа Комилова экан. У киши “Қаршимебель” хусусий корхонаси эгаси, ЎзХДП дан вилоят кенгаши депутати. Катта ташкилотчи, ҳамиша янги режалар билан яшайди.

— Безовта қилмадимми? — сўради ­Саломат опа.

— Йўқ, қоғоз қоралаётган эдим...

— Ҳа, чуқур уйлайдиган, ҳаракат қиладиган замонлар келди, — дейди Саломат опа. – Биласизми, Президентимиз илгари вилоятимизга ташриф буюрганларида ҳам сўзларини эшитганман. Бу гал жуда кўп масалаларни ўртага ташладилар. Кўпроқ танқидий мулоҳазалар билдирилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, ёшлар билан ишлаш, мактаблар, тиббий хизмат ва бошқа соҳалардаги камчиликлар кўпроқ айтилди. Нега Фарғона вилояти кўп, аммо Қашқадарё анча оз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилади, деган масала ҳам ўртага ташланди...

— Ростдан ҳам бунинг сабаби нимада? Сиз нима деб уйлайсиз.

— Илгари айтмаганмидим. Хўжайиним иккаламиз Москвадаги технология институтида бирга ўқиганмиз. Кейин Фарғонага ишга юборишди. Вилоятдаги мебель корхонасида бирга ишладик. Фарғоналиклар нима ўстириш, қаерда, қандай сотишни яхши билишади. Уларнинг тажрибасини ўрганишимиз керак. Кейин хўжайиним Қаршига ишга келди. Мен Қаршида мебель корхонасини очдим. Корхонамиз ҳар хил, жумладан, мактаблар учун ҳам мебель ишлаб чиқаради. Ишчи-хизматчимиз 40 кишидан ошиқ. Пандемия халқимизнинг меҳрини жўш урдирди. Биз ҳам жамғармага 80 миллион сўм ўтказдик. Муҳтожларга ёрдам беришни яна давом эттирамиз. Мамлакатимиз раҳбарининг фикрларини эшитгач, қалбимда янги орзулар пайдо бўлди. Ишлаб чиқаришни яна кенгайтирамиз. Ҳадемай, мебеллар уйини ишга туширамиз. Яна 18 киши ишли бўлади.

Шаҳрисабздан Қаршигача 125-130 км масофа бор. Бундай узоқ йўлга машина ҳайдаб бориш осон эмас. Ҳамқишлоғим Воҳиджон деган йигит машинаси билан аҳолига хизмат кўрсатади. Ундан илтимос қилдим. Эрта тонгда “Нексия”да йўлга чиқдик. Воҳиджонни гапга соламан.

Қачонки, Қаршига келсам, Рашид ака ­Муртозаев билан учрашаман ёки телефон орқали маслаҳатлашаман. Бир кун олдин келишимни қўнғироқ қилиб кўйгандим. У киши ҳозир 68 да. Мактабларга раҳбарлик қилган. Етти йил шаҳар “Маҳалла” ташкилотини бошқарган. 22 йилдан буён партиямизнинг Қарши шаҳар кенгашини раиси. Бир неча бор депутатликка сайланган. Ҳозир ҳам шаҳар кенгаши депутати. Чуқур мулоҳазали инсон.

— Кечаги йиғилишда Қарши шаҳрида кўплаб камчиликлар танқид қилибди, — дедим Рашид акага. — Айрим вилоят депутатлари қўнғироқ қилиб айтишди.

— Аввал кўришиб қўяйлик, — деди Рашид ака кулумсираб. — Соғ-омонмисиз, уйдагиларингиз ҳам яхшими? Хўп, биз ҳам барча депутатлар онлайн тарзда вилоят фаоллар йиғилишида Президентимиз билдирган мулоҳазаларини тингладик. У киши барча шаҳар ва туманларнинг муаммоларидан яхши хабардор. Жумладан, Қарши шаҳрида ечилмаган масалалар кўп. Буни яшириш мумкин эмас. Ёши улуғ бир акангиз сифатида бир нарсани айтайми? Шаҳримиз ҳокими Нормўмин Холбоев вазмин, илмли, одамлар кўнглига йўл топа олдиган раҳбар. Йўқ, мақташ ёки мақтаниш ёшимга тўғри келмайди. Биз фаоллар мамлакатимиз раҳбарининг келажакка қаратилган мулоҳазаларини эшитгач, шаҳар ҳокими атрофига жипслашиб, фаол ишлашимиз керак, деган фикрга келдик. Сиз албатта, ҳоким билан учрашинг...

Янгидан қурилган “Ёшлар маркази” Юртбошимиз ташрифи билан очилди. Қўшқаватли бинода барча замонавий шароитлар муҳайё. Шу жойда Абдулвафо Тиловатов билан танишиб қолдим. Тошкентдаги Ислом университети битирган, Қарши тумани “Ёшлар агентлиги” раҳбари экан. “Президентимиз билан учрашганда, у киши ёшларимиз кўзларида фидоийлик-садоқат нурлари ёниб турибди, дедилар. Бу жуда катта ишонч. Бизнинг туманимизда 500 яқин тадбиркор бўлса, келаси йили улар 2,5 мингтадан ошади. Раҳбаримиз айтганларидек, янги йил вилоятимизда ҳақиқий тадбиркорлик йили бўлади. Биз бунга ишонамиз...”, деди Абдулвафо.

Бу йил очилган IТ паркда ёш тадқиқотчи Акобир Исмоилов билан суҳбатлашдик. Раҳбаримиз бу ерда бўлганларида ёшларга кўплаб маслаҳатлар берибди. Режа шундайки, ёшлар бир неча касб йўналишида бир йил ўқитилиб, уларга сертификат бериларкан. Лойиҳалар устида ишлашга ўргатишаркан. Ёнидаги бино “Давлат хизматлари маркази”га келдик. Мурожаат қилувчилар, шанба куни эмасми, кўп эмас экан. Мамлакатимиз раҳбари мурожаатларни маҳаллаларда туриб ҳал қилиш вазифаларини қўйди.

Чақар маҳалласига йўл олдим. Чунки партиямизнинг фаоли Норгул опа Мустафақулова қарийб ўттиз йилдан буён шу МФЙ раиси, маҳалла бекаси. “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Ҳаж зиёратини адо этган. 4 фарзандни улғайтириб элга қўшган. Шу ердаги 4-мактабга келган экан, унинг ва бошқаларнинг айниқса, маҳалла ҳақидаги фикрларини ёзиб олдим.

Норгул Мустафақулова, Чақар МФЙ раиси: — Президенимизнинг фикрлари бизга маъқул бўлди. Одамлар маҳаллада туриб, давлат хизматларидан баҳраманд бўлишса, қандай яхши. Масалан, маҳалламизда 3361 киши истиқомат қилади. Одамлар аҳил, пандемия шароитида муҳтожларга доим ёрдам бериб келяпмиз. Камчиликларимиз бор, уларни кўплашиб тузатамиз.

Шоҳистахон Давронова, 21 – мактаб директори: — Таълим соҳасида камчиликлар ҳақиқат. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар. Бизнинг мактабимизда 1364 ўқувчи таълим олади. Аммо икки сменада ўқитишга мажбурмиз. Чунки синфхоналар етишмайди. Мен “Давлат хизматлари марказида” раҳбаримизнинг фикрларини тинглаганимда, таълим бериш тубдан ўзгаришига чин юракдан ишондим.

Гулноза Уразбоева, 4-оилавий поликлиника шифокори: — Мен ҳам Президентимизнинг тиббиётдаги камчиликлар ҳақидаги фикрларини бевосита ўзларидан эшитдим. Халқимизнинг саломатлигини сақлаш учун тинмай кураш олиб бориляпти. Касални даволагандан кўра, олдини олиш муҳим. Биз оилавий шифокорлар ўз ишларимизни режалаштириб олдик. Менга Насафий маҳалласи бириктирилди. Касбим билан фахрланаман.

Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев илгари Касби тумани ҳокими бўлиб ишлаган. Бир йилдан ошдики, Қарши шаҳар ҳокими.

— Мен ҳеч нарсани яширмайман, шаҳарда муаммолар кўп, — дейди у. — Битта муаммони айтай, 60,70-йилларда тортилган қувурлар чириб-ёрилиб, чучук истеъмол сувини исроф қилмоқда. Натижада маъёрида етказиб берилса-да, шаҳар аҳолисини етарли ичимлик суви билан таъминлай олмаяпмиз. Бу каби муаммоларни фаоллар йиғилишида буни мамлакатимиз раҳбарига очиқ айтдим. Президентимиз Қарши шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича ҳукумат қарорини тай­ёрлаш ҳақида тегишли вазирларга кўрсатма берди. Ҳозирдан аҳволни ўрганиш, лойиҳа тайёрлаш бошланиб кетди. Яна бир гап, 27 гектар майдонда “Қарши сити” мажмуи барпо этилмоқда. Раҳбаримиз қурилаётган уйларни бориб кўрдилар, маслаҳатлар бердилар. Ҳозир 39 квартирали 2 та уй битиб қолди. Бу жойда мактабгача тарбия муассасаси, мактаб, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қурилади.

Давлатимиз раҳбари энг муҳим объектлардан бири – корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида ҳам бўлдилар. Бу йил вилоятда 52 та объект хусусийлашар экан. Тадбиркорлар онлайн тарзда барча объектлар ҳақида маълумотлар олиши мумкин. Бу клиника ишлари ҳақида Республика Бош вазирининг вилоятдаги қабулхонаси мудири Муродулло Эшназаров гапириб берди.

Қашқадарё мамлакатда мўл-кўл пахта, дон, сабзавот, узум етиштириб бераётган воҳа. Вилоят қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосари Рашид ака Муҳаммадиев бу йил 400 минг тонна пахта сотилгани, 1,2 миллион тонна дон етиштирилгани, эндиликда нафақат Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, балки Чироқчи Қамаши туманларида ҳам янги боғлар узумзорлар барпо этилишини айтди

— Мен ҳам раҳбаримиз қўйган вазифаларни йиғилиш қатнашчиларидан эшитдим, – дейди қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, меҳнат фахрийси, ҳозир ҳам Шаҳрисабз тумани тоғларида қаерда картошка яхши ўсишини кўриб, белгилаб юрган лойиҳачиларга ҳамроҳлик қилган Тура ака Шавриков. — Битта тарихий мисолни айтай. 1840-50-йилларида Бухоро амирига Аҳмад Дониш вазир бўлган. Амирликка Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё­нинг адирларига сув чиқариб, дон экиш, мевазорлар барпо этиш режасини тақдим этилади. Аммо амир бу қутлуғ ишни рад қилади. Орзулари амалга ошмаган Аҳмад Дониш ўз қишлоғига кетиб, китоблар ёзади ва ўша жойда вафот этади. Мустақиллик йилларида Бухоро, ­Сурхондарё вилоятларида кўплаб қўриқ ерлар ўзлаштирилди. Шаҳрисабз туманининг Ғилон ва бошқа қишлоқларида илгаридан картошка экиб келинарди. Аммо кам эди. Энди Тамшуш ва Оқдарё сувлари адирларга чиқарилиб, 3000 гектардан ошиқ ер ўзлаштирилиши, картошка экилиши, боғлар яратилиши режалаштирилди. Улуғ донишманднинг орзулари бизнинг давримизда амалга ошмоқда.

Мен воҳанинг кўплаб фаоллари, тадбиркорлари билан бевосита ва телефон орқали суҳбатлашдим. ЎзХДП Шаҳрисабз туман кенгаши раиси, шаҳар кенгаши депутати Дилшоджон Ёров кўплаб маҳаллалардаги хонадонларга ­иссиқхоналар қуриб берилгани, бу ишлар давом этилаётгани ҳақида айтиб берди.

Мен Январ ака Иноятов билан учрашишни келишиб олгандим. Вилоят ҳокимлигининг биринчи қаватидаги ишхонасига маҳтал қилмай етиб бордим. У киши анча йиллардан буён партиямиздан вилоят кенгаши депутатлигига сайланиб келади. Донишманд, китобни танлаб ўқийдиган, матбуотдан ҳамиша хабардор бўлиб борадиган маърифатли инсон. Ҳозир вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси.

— Биласизми, Президентимиз Қашқадарёга ҳар гал келганларида катта эзгу ниятларни дилда тугиб келадилар. Кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг ташаббускори бўладилар, — дейди Январ ака ёши улуғларга хос. — Бу сафар фаоллар йиғилишида янада жиддий режалар, мулоҳазалар ўртага ташланди. Буларнинг ҳаммаси мамлактимизни юксалтириш, шу жумладан Қашқадарёнинг имкониятларини юзага чиқариш, одамларнинг соғлом ва тўкин яшаши, ёшлар келажаги, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиши, йиллаб ҳал бўлмаётган муаммоларни ечишга қаратилган. Вазифалар масъулиятли, иш оғир, биров эплайди, биров эплолмайди. Аммо вилоятимиз ҳокими Зоир Мирзаев катта тажрибага эга, улкан ишларни бажаришга қодир инсон. Йиғилишда айтганимдай, ғайратли, ўта талабчан, аммо одамларга меҳрибон раҳбар. Фақат биз катта-ю кичик бирлашиб, бир куч бўлиб ҳаракат қилмоғимиз керак. Насиб этса, Ўзбекистон дунёдаги энг тараққий этган давлатлардан бирига айланади. Бунда Қашқадарёнинг ҳам ўз ўрни бўлади...

Вилоят ҳокимлигидан ташқарига чиққач, қалбимдаги ҳислар тилимга кўчди:

— Ассалом келажак, ассалом янги орзулар!

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: