11.11.2020

НУРАФШОН ШАҲРИ НОМИГА МУНОСИБ

Тошкент вилоятининг собиқ Тўйтепа шаҳри негизида Нурафшон шаҳри ва унинг юраги ҳисобланмиш “SMART CITY” (Ақлли шаҳар)нинг бунёд этилиши аҳолининг ҳаётга муносабати ва дунёқарашини ўзгартирмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳамда Қуйи Чирчиқ туманида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар билан марказий оммавий ахборот воситалари ходимларини яқиндан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.

Нурафшон шаҳрига кираверишдаги марказий йўл ҳисобланган Тошкент йўлида бизни Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов кутиб олди ва ҳамроҳлик қилди.

— Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йилда Тошкент вилоятининг собиқ Тўйтепа шаҳри негизида Нурафшон шаҳрини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди, — дейди шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов. — Аслида умумий ер майдони 217 гектардан иборат бўлган собиқ Тўйтепа шаҳарчаси ўрнида барпо этилган Нурафшон шаҳрининг бугунги жами ер майдони қарийб 16 баробарга кенгайган бўлиб, айни пайтда 3248 гектарни ташкил этади. Шаҳардаги мавжуд 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 48 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Бундан уч йил олдин Тошкент вилоят ҳокимлиги ва уларнинг бошқармалари-ю, идораларининг барчаси пойтахтда жойлашган эди. Энди улар Нурафшон шаҳрига кўчириб келтирилмоқда. Ташкилот, муассаса, идоралар бинолари янгидан бунёд этиляпти. Бир сўз билан айтганда, вилоят маркази шу ерда шаклланмоқда.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, вилоят ҳокимлиги ва бошқармалар, банк, идора ҳамда ташкилотларда бугунги кунда 4 минг 700 нафардан ортиқ киши меҳнат қилиб келмоқда. Улар оила аъзолари билан ҳисоблаганда 18 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Нурафшон шаҳрига келиб иш бошлаши учун уларга аввало уй-жой ҳамда оила аъзоларига муносиб иш жойи тайин бўлиши лозим. Шуни инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий кўп қаватли уй-жойлар, соноат корхоналари бунёд этилмоқда. Уларнинг фаолияти билан медиа-тур давомида яқиндан таништириб бораман.

Шаҳар марказига олиб борувчи Тошкент йўли яқинда қайтадан таъмирланди ва кенгайтирилди. Кўча атрофидаги 213 та объект бузилиб, жой эгаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 24 миллиард сўм товон пули тўланди. Марказий кўчада 172 та бино ва иншоот қад кўтариши режалаштирилган бўлиб, ҳозир 78 та объектда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Адлия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ёшлар ижодиёт маркази” “Қишлоққурилишбанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Асака” банки, “Ҳамкорбанк” каби ўндан ортиқ объектлар фойдаланишга топширилди. Қолаверса, Тошкент йўлининг икки томонида, ён-атрофларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Шаҳримизда соноат корхоналари кўпаяётгани, шунга мос равишда аҳоли сони ҳам ортаётганини эътиборга олиб, автомобиллар тирбандлигининг олдини олиш мақсадида унга ёндош бўлган Бобур кўчаси ҳам таъмирланиб фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Тошкент йўлининг икки томонида бунёд этилаётган кўп қаватли уйларни ўзимизнинг тадбиркорларимиз қуришмоқда. Эътиборли жиҳати, бу кўп-қаватли уй-жойлар пойтахтимизда қурилаётган уй-жойлардан ҳеч қолишмайди. Қолаверса, кўп-қаватли уй-жойлар ўрнида олдин фуқароларимизнинг ҳовлиси бўлган. Уларни рози қилиб, яъни, уларга бошқа жойдан ер ҳамда баҳолаш идораси томонидан ҳисоблаб чиқарилган 300 миллиондан бир миллиард 200 миллион сўмгача пул тўлаб берилди. Хоҳловчиларига кўп қаватли уй-жойдан ҳам берилди. Бир сўз билан айтганда, уларни рози қилиб, бу қурилишларни ташкил қилмоқдамиз.

Мана, яқиндагина қурилиши тугалланиб, эгаларига калити билан топширилаётган кўп қаватли тижорат уйларининг бири билан танишишингиз мумкин. Бу уйнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, иккинчи ва бошқа қаватлари хонадонлардан иборат. Қўшимча равишда спорт ва болалар майдончаси ҳамда автотураргоҳлар ҳам барпо этилган. Кўпчиликни қизиқтирадиган яна бир саволга ҳам жавоб бериб кетмоқчиман. Бу уйлар ипотека кредитлари орқали фуқароларимизга квадрат метри 5 миллион 700 минг сўмдан 6 миллион 400 минг сўмгача сотилмоқда.

Энди шаҳримизда фаолият кўрсатаётган “TEXTIL MILL TASHKENT” саноат корхонаси билан танишамиз. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзимизнинг маҳаллий хомашёдан тайёрланиб, юз фоиз Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

— Корхонамизда кунига 50-60 минг жуфт турли хил кўриниш ва ўлчамдаги пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз, — дейди “TEXTIL MILL TASHKENT” МЧЖ директори ўринбосари Исмоил Нурматов. — Уларнинг 98 фоизи Германия, Россия ва Европанинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, талабга қараб, ички бозорга ҳам маҳсулот чиқ­ар­япмиз. Ҳозир корхонамизда 360 нафар киши  ишламоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар. Ўртача ойлик маоши бир миллион сўмдан 3 миллион сўмгача. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида оёқ кийим, яъни кроссовкалар ишлаб чиқариш цехини ишга тушуришни мўлжаллаб турибмиз. Бу цех ишга тушадиган бўлса, яна 100 га яқин иш ўрни ташкил этилади.

— Корхонада ишлаётганимга 4 ой бўлди, — дейди дастурчи Моҳинур Ашурова. — Мактабни тамомлаб, университетга ҳужжатларимни топширдим. Фанлардан яхши тайёрланмаганлигим сабаблими, тест имтиҳонларидан ўта олмадим. Шундан сўнг бу ерга ишга кирдим. Корхонада ишлаётганимдан жуда хурсандман. Боиси, университетга ҳам тўқимачилик мутахассислиги бўйича ҳужжат топширгандим. Бу ерда ишлаш менга соҳамни амалиётда яхшироқ ўрганишга ҳамда оиламиз даромадига ўз ҳиссамни қўшиш имкониятини бермоқда. Бундан ташқари, ойига 20 кун ишлайман, ойнинг қолган 10 кунида университетга кириш учун тайёрланаяпман. Ойига 20 кун ишлаганимга бир миллиондан ошиқроқ пул оламан.

— Бугунги кунда кўплаб уй бекалари, яъни аёлларимиз бу фабрикада меҳнат қилишмоқда, — дейди корхонада сифат назоратчиси бўлиб ишлаётган Диёра Воситова. — Ойлик маошларимиз ишимизга қараб тўланади. Мен ҳозир ойига 2 миллион 500 минг сўм маош оламан. Яна қўшимча қилиб шуни айтмоқчи эдимки, Нурафшон шаҳри янгидан бунёд этилаётгани, кўплаб саноат корхоналари қурилиб, ишга тушаётгани, шунингдек, турар-жой массивларининг қад ростлаётгани шаҳримиздаги қанчалаб ишсиз юрган эркак ва аёлларни иш билан банд қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, янги иш ўринларининг очилиши оилалар даромадини ошириб, фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Корхона билан танишиб бўлганимиздан сўнг, шаҳар ҳокими бизни Нурафшон шаҳридаги, таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, Марказий Осиёдаги илк бор бунёд этилаётган “SMART CITY” (Ақлли шаҳар)нинг қурилиши билан яқиндан таништиришга таклиф этди.

Шаҳарнинг иқтисодиёти бугун жадаллик билан ривожланмоқда. Ҳозир бу ерда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, кўп тармоқли шифохона, мактаблар бунёд этилмоқда.

— Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бўлажак “SMART CITY” (Ақлли шаҳар)нинг умумий ер майдони тахминан 2 минг 833 гектарни ташкил этади, — дейди шаҳар ҳокими Қаҳрамон ­Ҳакимов. — Қурилиш уч босқичда амалга оширилади. Ҳозир “SMART CITY” (Ақлли шаҳар) ҳудудида вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармасининг маъмурий биноси қурилиши бошланган. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳамда давлат солиқ бошқармаси, Марказий банк бош бошқармаси ва вилоят судларининг маъмурий биноларини лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, “SMART CITY” билан пойтахтимизни тўғридан-тўғри боғлаш учун автомобиль йўлидан ташқари, 22 километрлик метрополитен ҳамда тезюрар поезд йўлларини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Бундан ташқари, бош режага мувофиқ, лойиҳа концепциясини бир нечта хорижий давлатларнинг компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Бугунгача 3 та давлатнинг қурилиш соҳасидаги йирик компанияларидан “SMART CITY”нинг қурилиши бўйича таклиф лойиҳаларини олдик. Улар Жанубий Корея, Туркия ва Хитой давлатларидан. Жанубий Корея компаниясининг берган таклифи бўйича “SMART CITY”ни бунёд этилишидаги кўп-қаватли бинолар 7 қават бўлиб, 20 минг аҳолига мўлжалланган. Туркия компаниясининг берган таклифи бўйича бинолар 9-12 қаватдан иборат бўлиб, 26 минг аҳолига мўлжалланган. Энди Хитой давлатининг компанияси берган таклифига кўра, шаҳарда 22 қаватли бинолар бўлиб, 46 минг аҳолини ўзига сиғдира олади.

Биз бу таклифларни ўрганиб чиқмоқдамиз. Шу ерда савол туғилиши мумкин, қайси давлат компанияларининг таклифи ўтиши мумкин, деган? Шуни айтиш мумкинки, “SMART CITY”да қурилиши мўлжалланган бино ва иншоотлар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз ивесторини кутиб турибди. Бир сўз билан айтганда, “SMART CITY”да вилоятнинг маъмурий бинолари, конгресс холл, бизнес марказлари, замонавий турар-жойлар, университетлар, боғча, мактаб ҳамда шифохоналар, аҳолини дам олиши учун истироҳат боғлари ва бошқа сўлим масканлар барпо этилиши бош лойиҳа концепциясида назарда тутилган. Нурафшон шаҳри кўз ўнгимизда том маънода ўзгармоқда, яқин келажакда у мамлакатимиз пойтахтидаги “Тошкент сити”нинг эгизагига айланади.

Тошкент вилоят матбуот хизматининг маълум қилишича, “SMART CITY”нинг бош режасига мувофиқ, лойиҳа концепцияси бир нечта давлатларнинг инвестор компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар ўрганилиб чиқилди. Яқинда эса Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва Сингапурнинг “Universal Success Enterprises Limited” компанияси раиси Прасун Мукержи билан мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш борасида онлайн тарзда келишув имзоланган.

Қуйи Чирчиқ туманида беш ташаббус...

Медиа-тур иштирокчиларининг кейинги манзили Президентмиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусга кўра, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” МФЙдаги намунавий лойиҳалар билан танишиш билан давом этди. Бу ерда ёшларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишларига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ҳар бир ҳудудга турли мавзулардаги китоблар етказиб бериш, аёлларни иш билан банд қилиш каби саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

— Бир неча йиллар давомида қаровсиз ва таъмиртаълаб ҳолатда ётган Беруний маданият маркази бугун Маданият вазирлиги томонидан аажратилган 6,5 миллиард сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди, — дейди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Зоит Холбўтаев. — Бинога ёндош ҳудудда Ёшлар инновацион маркази, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёридаги “Меҳнат гузари” ташкил қилинган. Кутубхона, компьютер хизмати, ўқув маркази, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, тиббий хизмат кўрсатиш каби хизмат турлари, шунингдек, фитнес клуби ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда,

Маҳаллада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳомийлигида 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 15-мактабгача таълим муассасаси, 48, 52-умумтаълим мактабларини мукаммал таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оширилди. Мактаб футбол майдонидаги ўриндиқлар янгиланиб, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар келтирилди. Спорт тўгаракларига энг тажрибали ўқитувчилар жалб этилди. Мактаб биносида рақамли технологиялар ўқув маркази ҳам ташкил этилган.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида, “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан тикувчилик-трикотаж мажмуаси ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, ҳудудда спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш мўлжлланган “SHOY-MENG BUSINESS” цехининг ҳам ишга туширилиши маҳаллада истиқомат қилаётган кўплаб йигит-қизларни иш билан таъминлашга сабаб бўлди.

— Олдинлари, яъни бу цехни ташкил этишдан олдин чет давлатлардан спорт пойабзалларини олиб келиб сотардим, тўғрироғи, шу бизнес билан шуғулланардим, — дейди “SHOY-MENG BUSINESS” МЧЖ раҳбари Фахриддин Юсупов. — Ўша вақтлари бир имконият бўлиб, ушбу спорт пойабзалларини ўзимизда ишлаб чиқаришни орзу қилиб юрардим. Мана, орзуим амалга ошди. Давлатимизни мен каби тадбиркорларга яратиб бераётган шароити туфайли, банкдан 3 миллиард сўмлик имтиёзли кредит эвазига спорт пойабзалларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цехимни фаолиятини йўлга қўйдим. Ҳозирда ички бозорга ойига 5-6 минг жуфт спорт пойабзалларини етказиб бермоқдамиз. Ушбу маҳалладаги йигит-қизларнинг 40 нафарини иш билан таъминладим. Улар ҳар ойда ишига қараб 1 миллион 500 минг сўмдан 5 миллион сўмгача ойлик маош олишмоқда. Ўз фаолиятимизни янада кенгайтиишни режалаштириб турибмиз. Яқин йилларда қўшимча иш ўринлари яратишга эришамиз.

Медиа-тур якунида шунга амин бўлдикки, бугун давлатимиз томонидан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аҳоли ҳаётини, дунёқарашини ўзгартирмоқда. Умуммиллий кайфиятни кўтармоқда.

Медиа-тур сўнггида иштирокчилар учун матбуот анжумани ташкил этилди ва бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Хуллас, медиа-турдан бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: