17.09.2020

НАРХ-НАВОНИНГ ЎСИШИДАН

кам даромадли аҳоли қатлами кўпроқ азият чекмоқда

Озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб ҳеч қачон камаймайди, балки кундан-кунга ошаверади. Аҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпайиб бораверади. Давлатда қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор муаммолар юзага келаверади.

Масалан, эҳтиёж ўсиб борса-ю, зарур чоралар кўрилмаса, хусусан, мамлакатимизда ишлаб чиқариш ривожлантирилмаса, импорт маҳсулотлар кўпаяди. Бу эса ўз навбатида нарх-наво ўсишига олиб келади. Табиийки, бундан биринчи навбатда кам даромадли аҳоли қатлами азият чекади. Бугунги синовли даврда бу янада жиддий масала сифатида кун тартибига чиқди.

Шундан келиб чиқиб, сўнгги вақтларда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув ўзгариб бормоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарларини узлуксиз етказиб бериш, ички бозорда нарх-наволар сунъий кўтарилишининг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Айниқса, бугунги пандемия шароитида соҳани янада ривожлантириш, ички бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш долзарб масалага айланди.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг мазкур йўналишдаги яна бир муҳим қарори қабул қилинди. “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу қарори миллий озиқ-овқат саноати ривожи учун муҳим ислоҳотлар даврини бошлаб берди.

Қарор мамлакатимизда мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари асосида қайта ишлаш ҳажмларини оширишга хизмат қилади. Ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади. Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилашга олиб келади.

Эндиликда ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделлари ишлаб чиқилади. Аслида юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, даромадни кўпайтириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжуд. Ана шу жиҳатларнинг ҳар бири тўлиқ инобатга олиниб, табиий ва иқтисодий реурслардан унумли фойдаланилса, бу одамларга ҳам, давлатга ҳам катта фойда келтиради.

Қарор билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси негизида Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилади. Унга соҳага алоқадор бир қатор муҳим ва масъулиятли вазифалар юкланди. Энг муҳими, шу орқали қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш, уларнинг рақобатбардошлигини, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ислоҳотлар янада кенгаяди.

Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кўп омиллар билан боғлиқ. Бу кўп жиҳатидан маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражаларини оқилона уйғунлаштиришга, бу борада аҳоли учун кафолатланган имкониятлар яратилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга боғлиқ. Президентимизнинг қарори билан бу йўналишда бир қатор дастурлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Хусусан, тегишли вазирликларга республикада қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларига мавжуд ички талабни ҳисобга олган ҳолда 2021-2023 йилларга мўлжалланган саноатбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. 2021 йил 1 мартга қадар эса мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни жадал ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Ўйлаймизки, бу партиямиз электоратининг манфаати ва ҳаёт тарзини янада енгиллатишга хизмат қилади.

 

Лазиза Шерова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: