05.08.2020

ШАРОФИДДИН НАЗАРОВ: «ВАЗИЯТ ЎЗГАРИШИНИ КУТИШ ЭМАС, УНГА МОСЛАШИШ КЕРАК»

Одамлар янги парламентдан жуда катта ўзгаришлар кутяпти. Айтиш керакки, янги парламент бошланган XXI асрнинг иккинчи 10 йиллиги янги Ўзбекистонни қуриш билан бир даврга тўғри келди. Депутатлар олдида турган энг асосий вазифа давр талабидан келиб чиққан ҳолда янги қонунлар қабул қилиш, мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги кунга, замонга мослаштириш, модернизациялашдан иборат. Бироқ янги парламент ўз фаолиятини коронавирус пандемияси карантини шароитида бошлашига тўғри келди. Шу сабабли белгилаб олинган иш режаларига жиддий ўзгартириш киритилишига мажбур бўлинди.

Хусусан, ҳаётнинг ўзи Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига пандемия шароитида иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳоли даромадлари камайиб кетишининг олдини олиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ қонуний асосларни такомиллаштириш вазифасини юклади. Ушбу вазифалар қай даражада амалга оширилмоқда?

Саҳифамиз меҳмони қўмита раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин НАЗАРОВ бўлди.

— Ўтган вақт давомида қонун ижодкорлиги йўналишида қўмитамиз 8 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Шундан 5 қонун лойиҳаси қабул қилинди, 3 таси иккинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланмоқда. Шунингдек, қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича 32 марта ишчи гуруҳлар ва 3 та экспертлар гуруҳи йиғилиши ташкил этилди. Ана шу йиғилишлардаги муҳокама ва мунозаралар натижасида қўмитага келиб тушган қонун лойиҳаларининг 5 таси концептуал жиҳатдан қайта ишланди. Улардан 2 таси қарийб 60-70 фоизгача ўзгартирилди.

Парламент аъзоларининг яна бир муҳим вазифаси назорат таҳлил ишларини олиб бориш ҳамда эшитувларини ташкил қилиш ҳисобланади. Вазирлик ва идоралар, ижро органларининг олиб бораётган фаолияти ҳақидаги ахборотларини эшитиш йўлга қўйилган. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, яширин иқтисодиётни камайтириш бўйича қўмитамиз бевосита эшитув ташкил қилди. Унда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборотини эшитдик.

Пандемия айрим соҳаларда мураккабликларни юзага келтирган бўлса, рақамли иқтисодиёт, рақамли технология тушунчаларини тез суръатларда ривожлантириб юборди. Бу бизнинг фаолиятимизда ҳам акс этмоқда. Эшитувларда турли илмий муассасаларнинг олимлари, экспертларини ҳам кенг жалб қилиш имкони юзага келди. Натижада эшитувлар қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Айнан бугунги пандемия шароитида юзага келган иқтисодий қийинчиликларнинг ечими билан боғлиқ танқидий таҳлилий масалалар ўртага ташланди. Мамлакат ичида аҳоли даромадлари пасайиб кетишининг олдини олиш, инфляцияни жиловлаш билан бирга, ташқи иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Экспорт масаласи, четдан келаётган инвестициялар кўламини кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

— Бугунги вазият қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритиш кераклигини кўрсатди? Умуман, айни пайтда қўмита қозони нималар билан қайнамоқда?

— Давлатимиз раҳбари парламент олдига бир қанча масалаларда, хусусан, миллий стратегияни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида халқ­аро экспертларни жалб қилган ҳолда миллий стратегия ишлаб чиқишимиз лозим. Ҳар бир соҳада бу тизимни жорий этиш давр талаби ҳисобланади. Яна бир муҳим масала бор. Яъни, ҳудудларни ривожлантириш концепцияси, дастури, стратегияси ва уларнинг узвийлигини тартибга солиш билан боғлиқ вазифа ким томонидан амалга оширилади? Ушбу ташаббусни бошлаш, қонунлар ишлаб чиқиш, тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва муҳокамага қўйиш, қабул қилиш каби долзарб саволларга жавоб топиш керак. Шунингдек, ижрога йўналтириш ҳам назарда тутилиши лозим. Шу маънода тегишли давлат органлари, биринчи навбатда Вазирлар Маҳкамаси ваколати янги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида белгиланмоқда. Ваколатли давлат органи сифатида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги олдига аниқ функциялар қўйилмоқда. Сабаби ушбу ташкилот жараённинг катта мувофиқлаштирувчиси сифатида фаолият олиб боради.

Биз тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қиламиз, ҳамкорлар излаб топамиз. Лекин уларнинг юқори даражадаги, замон талабларига мос бўлган аудиторлик хизматига талаби бор. Савол туғилади: бугун биз буни қай даражада қаноатлантира оляпмиз? Буни биз давра суҳбатлари, видеоконференцалоқа асосида халқаро ҳамда миллий экспертлар иштирокида муҳокама қилдик.

Бу биринчи навбатда, Ўзбекистонда аудиторлик бозорини ривожлантиришга туртки беради. Ҳозир бор йўғи 96 та аудиторлик ташкилотига эгамиз. Аудиторлар эса 2 миллионни ташкил қиляпти. 34 миллиондан ошиқ аҳолиси бор мамлакатимиз учун бу жуда ҳам кам, дегани. Талабни қондира олмайди. Навбатдаги масала эса кўрсатилаётган аудиторлик хизмати сифати бугунги кун талабига жавоб берадими ёки йўқ? Шу нуқтаи назардан тегишли қонун лойиҳасида меъёрлар белгиланмоқда. Унга кўра, аудиторлар халқаро андозаларга ҳар томонлама мос равишда фаолият олиб бориши талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қонун амалиётга татбиқ этилса, турли тўсиқларга барҳам берилади ва аудиторлик фаолияти мустақил равишда йўлга қўйилади. Натижада ички аудиторлик бозорида рақобат юзага келади ва соғлом рақобат асосида соҳа ривожланади, имкониятлар кенгаяди.

Бундан ташқари, акционерлик жамияти ва акциядорларнинг таъкидлашича, соҳада баъзи муаммолар бор. Ана шуларни ечиш мақсадида тузилган йўл харитасига мувофиқ қонунлар мавжуд. Биз уларни қайта кўриб чиқаяпмиз. Ички тадбиркорлик муҳитини янада такомиллаштириш, юртимиз ишбилармонлари нуфузини юксалтириб, чет эллик инвесторларга жозибадорликни ошириш нуқтаи назаридан ёндашилмоқда. Ўйлайманки, чуқур ва пухта ўйланган масала юзасидан тайёрланаётган лойиҳалар келгусида албатта самара беради.

— Парламент эшитуви масаласида қандай янгиликлар бор?

— Монопол корхоналар графигини тузиб чиққанмиз ва шу асосда эшитувларни йўлга қўйганмиз. Монополияга қарши курашишда бу муҳим саналади. Чунки биз масаланинг ичига кириб бормасдан унинг моҳиятини тушунишимиз қийин. Қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳам айнан шу билан боғлиқ. Шундай экан, муаммолар қачон ва қандай ҳосил бўлди, қай тариқа ечим топиши зарур экани ҳақида тасаввурга эга бўлиш, масалани тўғри англаб олишда эшитувларнинг аҳамияти катта.

Бундан ташқари, иқтисодиётни барқарорлаштириш, яширин иқтисодиёт масалаларида ҳар чоракда эшитувлар режалаштирганмиз. Аҳолининг камбағал қатламини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича имкониятлар яратиб берилди. Фермерларга кооперация йўли билан бўш ётган, заҳирадаги ерлар бериляпти, кредитлар ажратиляпти, давлат маблағлари эвазига сув етиб бормаган жойларга сув чиқариляпти, томчилатиб суғориш тизимигача етказиляпти. Йирик хўжаликлар мана шундай шароитда етиштирилаётган маҳсулотларни белгиланган шартномалари асосида реализация қилмоқда. Лекин оддий деҳқон, уй хўжалиги, томорқа, кичик иссиқхонадан олинган маҳсулотларни сотишга қийналмоқда. Агар ҳамма ички бозорга олиб борса, исрофгарчилик бўлади, деҳқон касодга учрайди, катта талофат кўради. Чет бозорни топиш керак. Бироқ ҳамма ҳам четга чиқиб савдо қилиш имконига эга эмас. Демак, маҳсулотни тайёрлаш, сақлаш ва логистика хизмати кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар бор. Шу нуқтаи-назардан масала қўйганмиз ва Қонунчилик палатасида эшитув ташкил қилишни мўлжаллаяпмиз.

Карантин пайтида ижтимоий кўмак борасида бюджет ва ҳомийлик маблағлари сарфланяпти. Уларнинг қанчалик даражада самарали ишлатилаётгани, эгасига етиб бориши ва қандай натижа бериши билан боғлиқ саволлар ҳамиша эътиборимизда. Август ойида бўлиб ўтадиган бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ярим йиллик ижроси қуйи палатада муҳокама қилинади. Масалага кенгроқ ёндашиш мақсадида Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда эшитув ташкил қилиняпти. Ҳисобот тўлақонли ва кенг қамровли тақдим этилишига масъуллар ҳам тайёргарлик кўрмоқда.

Масалан, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати қандайлиги ўрганилмоқда. Пандемия шароитида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатлами билан янада кўпроқ иш олиб бориляпти. Тузилган “темир дафтар” асосида танлов кузатув ўтказяпмиз. Дафтардан ҳаққоний жой олдими, нима ва қандай ёрдам бериляпти, каби масалалар Қонунчилик палатасидаги барча депутатларнинг кундалик бажариб келаётган вазифасига айланган.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига юкламалар ниҳоятда ортиб кетди. Тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича чоралар йўлга қўйилган. Асосийси, рағбатлар ўз эгаларига вақтида етиб боришида. Фуқаролардан мурожаатлар бўляпти, парламент сўровлари юборяпмиз, эшитувларни кун тартибига киритяпмиз. Кўп ҳолларда муаммолар жойида ҳал бўляпти.

— Депутатнинг ўзи учун ўзи қўядиган талаблари қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Янги қонунлар, қарор ва фармонлар бўладими, ҳар бир депутат бундан хабардор. Улар сайловчиларни янгилик билан таништириши керак. Масалан, тадбиркорликни мувофиқлаштириш билан боғлиқ 54 та йирик қонун бор. Айни пайтда уларнинг инвентаризацияси муҳим саналади ва биз шу йўналишда иш олиб боряпмиз.

Яқинда коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ва унга қатор вазифалар юклатилди. Уларнинг ишини тўғри ва самарали ташкил қилиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш талаб этилади. Шунингдек, янги қонунларни ишлаб чиқиш, мавжудларини модернизация қилиш борасида ўз таклифларимизни беришимиз лозим.

— Пандемия кўплаб режаларимизни ўзгартиришга сабаб бўлади. Мана шу вазиятда йилнинг иккинчи ярмида қўмитанинг режалари қандай?

— Бу вазият қачон ўзгаради, деб кутсак, кўп нарсани бой берамиз. Вазиятга мослашиш энг тўғри йўл, назаримда. Масалан, камбағалликни қисқартириш, айниқса, ҳозир жуда муҳим ва бунинг ечимига йўл очилди. Вазирлик тизимли равишда иш олиб боряпти. Бизнинг вазифамиз ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ қонун лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқишдан иборат. Қонунни тайёрлаш масала ечимига катта туртки бўлади ва бу иккинчи ярим йилликдаги муҳим вазифаларимиздан бири сифатида белгиланган.

Суғурта фаолияти ҳам мамлакатимизда яхши йўлга қўйилмаган. Пандемия шароитида, айниқса, бу сезилиб қолди. Айрим тадбиркорлар фаолияти юрмаяпти. Суғурта тўғри ташкил қилинганида, улар аввалги ҳолига қайта олмаса ҳам, оёққа туриб олиб, ишлашда давом этарди. Суғурта бозор талабига қанчалик жавоб беради, рақобат қандай ёки деҳқон, тадбиркор, ишлаб чиқариш эгаси улардан қай даражада манфаат кўрди, деган саволларга аниқ жавоб бериш қийин. Бунинг учун расмий статистика билан боғлиқ қонун лойиҳасини ҳам тезроқ ишлаб чиқиш ва жорий этиш керак. Янги қонун яширин иқтисодиёт ҳисобини олиш, тўғри баҳолаш масалаларида ва бошқа йўналишларда замонавий статистика кузатувини йўлга қўйиш имконини беради. Муаммоларга қарши курашиш, коррупциянинг олдини олишда қонуний асос пайдо бўлади.

Шу билан бирга, махсус ишчи гуруҳ ҳукуматда давлат молиявий назорати ҳақидаги қонун лойиҳаси устида ишлаяпти. Тўғри, мазкур лойиҳа ҳукумат томонидан ҳозирча расмий равишда парламентга юборилмади. Лекин биз жараённинг ичидамиз. Қанчалик эртароқ, тезроқ жараёнга киришилса, қонун лойиҳаси шунчалик сифатли бўлади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: