15.07.2020

БОБО

Ой ботиши тонгдан, қуёшдан — дарак,

Ёруғлик-нур келар зулматдан кейин. 

Қайғуга йўл бериб бўлма-жонсарак,

Ғамдан сўнг келар шодмон дам яқин.

Тоғ бағридаги дарахтларга бурканган сўлим қишлоқ. Ёши саксондан ошса-да, ҳали анча тетик, асли табиатан хушфеъл бобонинг бугун эрталабдан юзи бўғриққан, қовоғи солиқ. Ўғли, бобонинг уйда ҳамма нарса бўлса, бозорда нима қиласан, деган гапини ерда қолдириб, ўз айтганидан қолмасдан, бирон заруратсиз бозор  айланишга кетди.

Бобо дарахт тагидаги сўрида чордона қуриб ўтирганича ўйга толди.  Қирққа яқинлаб қолган бўлса-да қуйилмаган боласининг ўйсизлиги, бозор баҳона ҳар якшанба ўзига ўхшаган боқи-беғам ўртоқлари билан учрашиб, ароқ ичиб, улфатчилик қилиб қайтиш одатга айланганини хаёлидан ўтказиб аччиқланди, ҳам ўғлининг умр-вақт қадрини билмаётганидан афсусланди, у билан яхшилаб гаплашиб қўйишни кўнглига тугди.

 Бобонинг хаёлини радиода берилаётган хабар тўзғитди. Унда коронавирусга қанча одам чалингани,  қанча одам вафот этганлиги ва вирус янада тарқалиб бораётгани ҳақида  гап бораётган эди.

Бобо тавба-тавба, одамзодни ўзинг асра Оллоҳим, деб қўйди.

Сўнг бобонинг хаёли узоқ ўтмишга, болалигига кетди. Ота-энаси бир-бир кўз олдидан ўтди. Адирликдаги ота мерос кенг ҳовли адоғидаги икки одам қулочи базўр етадиган тутга назари тушди. Тут тагида отаси, сўнг тутдан нари ловуллаб ёнган олов кўзига кўрингандай бўлди.

Бобо дастлаб тушунмайроқ бўлиб, бошини сарак-сарак қилди, кейин нега тут тагида  отам кўзимга кўрингандай бўлди, дея ўйланди. Тутга тикилганча ўйчан ҳолда хотиралари қатини бир-бир титкилар бўлди. Нохос саккиз ё тўққиз ёшлигида ўзини ҳайрону лол қолдирган ҳолат лоп этиб ёдига тушди.

Элга ўлат келиб, ҳамма уй-уйида, биров-бировга қўшилмай, зарурат сабаб кўчага чиқар бўлса, кийим-бошига ўраниб юрган кунлар. Бот-бот ота-энасининг гапларидан қай бир ҳамқишлоқларининг вафот этганлигини эшитиб қоларди. Тўй-маърака, айниқса, таъзиядан қолмайдиган отаси ҳам ҳеч қаерга чиқмай, совуқ хабар эшитганида ўтирган жойида қўлларини кўтариб дуо қилиб қўяр бўлди.

Энасининг болаларини уйдан чиқармай гоҳ андизли, гоҳида алқор ўтли ёки кийик ўтли чой дамлаб, мақтаб-мажбурлаб ичириб юргани ёдига тушди, оғзида ўша чойлар таъмини туйгандай бўлди...

Ҳар куни уй ишлари билан андармон бўлиб, ривоят, масал ё матал айтиб ўтиргувчи отаси кунларнинг бирида  энасининг эътирозига ҳам қарамай, “Мен  ўлиги кўчада қолди, деган гапни кўтармайман. Кечга қайтаман, тут тагига сув иситишга ўтин, бир сидра кийимларимни тахт қилиб қўй, буёғи Оллоҳга таваккал”, деб  отига миниб, ошиғич жўнаб кетди.

Энаси кўз ёшларини болаларидан яширган бўлиб, рўмолининг учига артиб қолаверди. Шунда, нима бўлаётганини тушуниб-тушунмай мўлтираб қараган ўғлига: – Эсиз-эсиз, аммажонинг ҳам,  ўғли ҳам касалликдан вафот этибди, отанг шунга кетди, болам, – деганида жимиб қолди.  Эри уришдан қайтмаган, ёлғиз боласи билан қўшни овулда яшайдиган қирқ ёшлардаги  узун бўйли, истараси иссиқ аммаси, унинг ҳали уйланмаган ўғлини энди қайта кўролмаслигини, улардан жудо бўлганликларини ҳис қилиб, пиққиллаб йиғлаганида энаси бағрига босиб “на иложимиз бор, болам, икковининг ҳам у дунёсини берсин, деб унсиз йиғлагани эсида.

Аммасининг уйи унча узоқ бўлмаса-да, отаси энди-энди қоронғи туша бошлаган пайт қайтди. Қилар иши аввал отни чекка дарахтга боғлаш, эгар-жабдуғини, ўзининг сиртки уст-бошларини  ечиб, бир жойга уйиб, ёқиб юбориш бўлди. Кейин омонат ўрнатилган ўчоқда сув иситиб, тут тагида ювиниб, онаси олдиндан тайёрлаб қўйган кийимларини кийиб олди. Отни айвонга боғлаш ўрнига, негадир одатига зид равишда ҳовли четидаги дарахтда боғлиқ ҳолда қолдирди. Кунлар ҳали бироз салқин бўлишига қарамай, ўзи ҳам уйга кирмасдан, ташқари айвонда ётиб қолди.

Эртаси куни уйғониб, эшикдан мўралаганида отасининг ҳеч кимга ишонмайдиган, ўзи ардоқлаб қарайдиган улоқчи отини сўйиб, терисини шилаётганига кўзи тушди. Ҳайрон бўлиб анграйиб қараганида, онаси “Болажоним, жонларинг омон бўлсин, мол-мулк топилади. Отанг отини сўйиб, муҳтожларга тарқатишни ният қилибди”, деб тушунтирган бўлди.

Эсини таниганидан кейин онасидан сўраб, отаси отда бориб, синглиси ва жиянини бир ўзи отда ўнгариб қабристонга олиб боргани ва қабр ковлаб, дафн этганини, ўлат юқмасин деб, эҳтиётини қилиб, кийим-боши ва отнинг эгар-жабдуғини ёққанлигини, шунингдек, одамлар ўлат сабаб тирикчилигидан маҳрум бўлиб, емоқ-ичмоқдан қийналаётганини ўйлаб, яхши кўрган отини сўйиб, элга тарқатганини билди.

Ҳали-ҳануз кўпчилик отасини “Раҳматли улуғ одам эди, ўлат пайти, биров-бировдан хабар ололмайдиган қийин пайтда кўпга яхшилик қилган, улоқчи отини сўйиб, муҳтож оилаларга улашган экан, илоҳим, жойи жаннатдан бўлсин!”, деб дуо қилишини эслаб, Эрдон бобонинг кўнглига таскин иниб, юзи бироз ёришди.

Сўнг бобо чордона қуриб жойлашиб, руҳан ота-онасига бағишлаб Қуръон тиловат қилди, ҳам элу юртга тинчлик-омонлик тилади, олов, сув, туҳмат-у ўлат балосидан элни асрашини, ўғлига ҳам сабр, инсофу тавфиқ ато этишини сўраб Оллоҳга узоқ муножот қилди.

Бобо дуога қўлларини очиб турган пайт кўчадан безовта бўлиб кириб келган ўғил ҳам сўри четига чўк тушиб, қўлларини жуфтлаб юзига олиб борган бўлди, сўнг шоша-пиша: – Ота, эшитдингизми, вирус бизга ҳам келибди, қишлоғимиздан иккита касал чиқибди. Энди нима бўлади, нима қиламиз? – дея отасининг авзойига қараб жимиб қолди.

Ўғлига бургутқараш назар солиб, сўнг бир дам сукутга чўмган бобо:

– Болам, аввало, ваҳимага берилманг, бу ҳам Яратганнинг бир синови.  Лекин кимнинг кимлиги ана шундай эл бошига иш тушганда билинади.  Не бир ўлатларни кўрмади эл, бари ўтди-кетди. Бу вирус балоси ҳам ўтиб кетиши аниқ, сабр қилинг,  болам, сабр, – деди. – Оллоҳ ўзи меҳрибон, сақланганни сақлайман, деган! Севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам  аввал отни боғла, кейин Оллоҳга таваккал қил, деганлар! Сиз-у биз ҳам аввало ўрнатилган тартиб-интизомга, тозаликка риоя қилайлик, қолгани Яратганга ҳавола...

Бобо кечаси билан болалигидаги воқеаларни, отасини ўйлаб чиқди. Айрим боқувчисини йўқотган, кам таъминланган серфарзанд ҳамқишлоқлари бир-бир кўз ўнгидан ўта бошлади.

Бобо эрталаб уйқудан туриб, намозини ўқиб бўлгач,  овоз бериб ўғлини чақирди. “Лаббай, ота”, деб чиққан ўғлига “Боқувдаги қўчқорнинг каттасини олиб чиқинг”,  деди.

Ўғил қўрага, ота пичоғини олиб чиқиш учун уйга қараб юрди...

 

Холмўмин Ёдгоров


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: