17.06.2020

МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ

модулли ўқитиш тизими асосида ташкил этилади

Инсоният йигирманчи аср ниҳоясида бир туркум муаммоларга дуч келдики, улар бевосита ахборот телекоммуникация соҳасидаги жиддий ўзгаришлар, хусусан ахборот технологияларининг жадал суръатлар билан ривожланишига боғлиқ. Таълим, ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларига янги ахборот коммуникация воситалари кириб кела бошлади. Интернет глобал компьютер тармоғини ривожланиши бутун дунё таълим тизимини такомиллаштиришнинг янги йўналишлари очилишига сабаб бўлди.

Коронавирус «COVID-19» пандемияси сабабли бутун ­дунё­даги каби Ўзбекистон ҳам таълим соҳасида масофавий ўқитиш тизимига ўтишга мажбур бўлмоқда.

Илгари таълим деганда, ўқитиш ва тарбиялаш тушунилар эди. Бугунги кунда модулли ўқитишда таълим – бу ўқитиш, тарбиялаш ва ривожлантиришдир. Бакалавриат йўналишлари ва магистратурада давлат таълим стандартлари ва малакавий талабларда битирувчиларга қўйиладиган талаблар назарий билим, амалий малака ва кўникмалардан иборат эди. Бугунги кунда модулли ўқитиш тизимида эса бу талаблар назарий билим, амалий малака, кўникма ва компетенциялардан таркиб топган. Бунинг сабаби – илгари, техника ва технология секин ривожланаётган даврда битирувчиларнинг эгаллаган касбий малакалари кўп йилларга етарли бўлар эди. Бугунги кунда автоматлаштирилган информацион технологияларнинг ўта тез ривожланиши ва бутун дунё бўйича кенг тарқалиши туфайли янги билимлар ҳамда технологиялар пайдо бўлмоқда ва жамиятга ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда. Ўқиётган пайтда эгалланган базавий билим етарлича бўлмасдан қолмоқда. Шу сабабли мутахассис ўзининг касбий билимларини узлуксиз равишда ривожлантириб бориши ва янги технологияларни жорий этишда вужудга келаётган муаммоларни самарали ҳал эта олиши лозим.

Бугун модулли ўқитиш тизими бу талабларга жавоб берадиган сифатларни битирувчиларда шакллантиради. Ўқув мазмуни оддийликдан изланувчан-муаммоли даражага кўтарилиб боради, бу ўқиётганларда керакли материалларни излаб топиш, уларни саралаш, структурлаш, таҳлил этиш, бунда вужудга келаётган ўқув муаммоларнинг ечимларини таклиф этиш сифатларини шакллантиради ва ривожлантиради. Ушбу талабларга мос мутахассисларни тайёрлаш учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ҳам модулли ўқитиш тизимига ўтилган, бунга тааллуқли меъёрий ҳужжатлар, методик йўриқлар, ўқув қўлланмалар ва бошқа материаллар тайёрланган.

Ривожланган хорижий мамлакатларда, жумладан, Жанубий Корея Республикасида модулли ўқитиш тизимига ўтилгандан кейин таълимга масофавий ўқитиш ҳам киритилди, чунки модулли ўқитишда аудитория соатлари камайди, талабаларнинг мустақил иши, жумладан, ўқув тадқиқот ва мустақил иш топшириқлари кўпайди. Ҳар бир ниммодуллар бўйича талаба мустақил иш, бўйича топшириқларни муваффиқиятли топширмагунича унга кейинги ниммодул бўйича материаллар ва топшириқлар очилмайди.

Масофавий ўқитиш янги ва анча прогрессив бўлган ўқитиш шаклидир. Бу усулни таълим муассасаларида қўллаш ўқувчи-талаба ва ўқитувчиларнинг дунёнинг илғор илмий мактабларининг юқори сифатли ўқув-услубий ишланмалари, замонавий ва сўнгги ахборотларидан, қаерда бўлишидан қатъи назар, тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятини беради. Замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари воситаларининг таълим жараёнига кириб келиши анъанавий ўқитиш усулларига қўшимча равишда янги ўқитиш шакли – масофавий ўқитиш яратилишига омил бўлди.

Масофавий ўқитиш – анъ­анавий ўқитиш жараёнларининг ҳамма элементларини сақлаган ҳолда ўқитувчининг ўқиётганлар билан ўзаро таъсиридир.

Жаҳоннинг илғор мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам 2000 йилдан бошлаб масофавий ўқитишга тайёргарлик ишлари бошланган ва масофавий ўқитишнинг моддий-техник ресурслари, жумладан, масофавий ўқитиш дастурлари тайёрланган. Ўқитувчиларнинг бир қисми янги ўқув методологиясини масофадан тартибли бошқариш ва электрон курслари методлари бўйича қайта тайёрланган. Масофавий таълимда таълим олувчи ва ўқитувчи фазовий бир-биридан ажралган ҳолда ўзаро махсус яратилган ўқув курслари, назорат шакллари, электрон алоқа ва Интернетнинг бошқа технологиялари ёрдамида доимий мулоқотда бўладилар. Интернет технологиясини қўллашга асосланган масофавий ўқитиш жаҳон ахборот таълим тармоғига кириш имконини беради.

Масофавий ўқитиш анъанавий ўқитиш шаклларидан қуйидаги хусусиятлари билан фарқланади:

— Талабаларга ўзига қулай вақтда, қулай жойда ва шароитда ўқиш имкониятини беради;

— Бир вақтнинг ўзида кўп иштирокчиларга ўқув ахбороти бўйича мурожаат қилиш. Тармоқ ёрдамида ўзаро ахборот алмашинувини тўғри ташкил қилиш;

— Ўқув майдонлари, техник воситалар, транспорт воситаларидан унумли фойдаланиш, ўқув ахборотларини тўпланган ва бир хилликка келтирилган ҳолда ифодалаш ҳамда уларга эришилган мутахассисларни тайёрлаш харажатларини камайтиради;

— Таълим бериш жараёнида янги эришилган ахборот ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланиш;

— Ҳамма ўқиётганларда таълим олишда бир хил имконият бўлади;

— Таълим хизматлари бозорида эришилган ютуқларнинг экспорти ва импорти таъминланади.

Масофавий ўқитиш ўқитувчининг вазифаларини кенгайтиради ва янгилайди. Ўқитилаётган курсларни доимо такомиллаштириш, ижодий фаоллигини ва малакасини ошириш, киритилган янгилик ва инновацияларга мос билим жараёнини мувофиқлаштириши зарур.

Масофавий ўқитиш талабага ижобий таъсир этади. Ўз-ўзини назорат этишда, билим олишга интилишда, компьютер техникаси билан ўзаро ишлаш ва мустақил масъулиятли вазифаларни ҳал қилишда унинг ижодий ва тафаккур салоҳиятини ўстиради. Масофавий ўқитиш сифати кундузги таълим олиш тартибидан сифат жиҳатидан қолишмайди.

Масофавий таълимнинг асосий вазифаларидан бири – ўқитиш жараёни, усуллари ва ташкилий тартибини амалга ошириш унинг таркиби билан ифодаланади. Бу ўқув ахборотнинг таркиби, тузилиши ва маълумоти ҳамда масалалар, топшириқлар ва машғулотлар тўплами, улар касбий малака ва идрокларни шакллантиради, меҳнат фаолиятининг дастлабки тажрибасини йиғишга имкон беради.

Масофавий ўқитиш тартиби ўз ичига қуйидаги умумдидактик ўқитиш методларини қамрайди: ахборот-рецептив; репродуктив (борини такрорлаш); маҳсулдор (продуктив), талаба, кўрилаётган мазмун бўйича ўзининг мустақил фикрларини баён этади; муаммоли ўқитиш, талаба топшириқ мазмунидаги муаммоларни ечиш йўлларини излайди, топади ва таклиф этади; ижодий изланувчан-илмий тадқиқот талаба ўрганилаётган объектни такомиллаштириш бўйича таклифларини баён этади.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Машинасозлик факультетида масофавий таълим тизимида талабалар ўзига берилган шахсий код орқали белгиланган бўлимига киради, ҳамда ўзига керакли фанни ўқитиш йўналишига ўтади.

Модулли ўқитиш тизимида жорий баҳолаш ниммодулга тааллуқли бўлган маърузалар қисми, амалий машғулотлар ва лаборатория ишлари йиғиндиси баҳоланади. Жавоб қўлда ёзилади, чизилади ва суратга олинади. Суратларнинг ҳаммаси “word” ёки “pdf” шаклидаги файлга жойланади. Сўнгра файл сайтга жўнатилади. Бунда талабанинг мустақил ишлаши кафолатланади.

Жасур САФАРОВ,

Тошкент давлат техника университети Машинасозлик факультети декани, техника фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: