17.06.2020

ЭРКИНЛИК — ЎЗБОШИМЧАЛИК ЭМАС

Ижтимоий тармоқларда, менимча, кўпроқ ёшларимиз тарбиясига ижобий таъсир этувчи ахборот ва янгиликларни бериб бориш керак. Қайси бир раҳбар кимнидир сўкди, қайсидир санъаткор ким ҳақида номаъқул гапни айтди, кимдир кимнидир пичоқлади каби хабарлар кўпайиб кетмаяптими?

Айрим тармоқларда кимдир ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиш билан овора. Ҳар бир хабар кўриладими, ўқиладими,барибир, вақтни олади. Шундай экан, ўйлаб кўрайлик, ёшларимиз ўз вақтини нимага кўпроқ сарфламоқда?

Ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган шароитда, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тезлик билан кенг оммага тарқалмоқда. Шу орқали дунёда бўлаётган ҳодисалар, турли иқтисодий-ижтимоий жараёнлар, дунё олимлари томонидан яратилаётган ихтиролардан ҳам тезда хабардор бўлаяпмиз. Лекин айни дамда ижтимоий тармоқларда кишининг ғашига тегиб, ғазабини келтирадиган хабар ва воқеалар ҳам кўпайиб бораётганига бефарқ қараб бўлмайди, деб ўйлайман.

Яқинда ижтимоий тармоқларда кам таъминланган оилаларга берилган беғараз ёрдамга ўз норозилигини билдирган айрим одамларнинг чиқишлари видеода намойиш қилинди. Ижтимоий ёрдам тариқасида берилган озиқ-овқат маҳсулотларини тарозида қайта тортиб қарасанг, бор-йўғи тўрт кило ун, икки литр ёғ берибди, каби сўзларни айтганлар бўлди. Оғир бир шароитда кўрсатилаётган беғараз ёрдамга номуносиб тус бераётганларни тушуниш қийин. Боқувчисини йўқотган, ногирон ёки якка-ёлғизларга ёрдам кўрсатиш зарур, албатта. Аммо эр-хотин соғ-саломат, биттаси бўлмаса, иккинчиси ишлайди, моддий кўмак олиб турибди. Лекин шундайларга ҳам ёрдам кўрсатилди. Афсус, булар битта эмас.

Тўғри, баъзи жойларда ижтимоий ёрдам учун ажратилган маблағга хиёнат қилинган ҳолатлар бўлмади, деб айтолмаймиз. Бироқ бу алоҳида ўрганилиб, асослангач, айтиладиган масала. Лекин берилган ёрдамни ўлчаб, видеога олиб, одамларга кўрсатишни тўғри иш деб бўлмайди. Яна бир масала. Ҳозирги кунда қаттиқ интизом ўрнатилишига масъул бўлган ички ишлар ходимларига айрим фуқароларнинг муносабати кишини ранжитмоқда. ИИХ билан жанжаллашилган ҳолатлар ижтимоий тармоқларга қўйиб юборилмоқда. Яна битта йўналишмаҳаллий ҳокимият вакилларининг гапларидан камчилик топиб, улар ҳам кенг оммага тарқатилаяпти.

Булар айрим кишиларнинг маънавий савияси пастлигини намоён қилишдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Бундай шахслар эркинликни ўзбошимчалик, деб тушунади шекилли. Бундай бебошликлар ўрнига китоб ўқиб, тафаккуримизни чархлаб, фарзандларимизга, ука-сингилларимизга сабоқ берсак, уларга яхшиликларимиз билан ўрнак бўлсак бўлмайдими? Бизнинг болаларимиз кимдан кам? Мана, дунёдаги энг ёш олим 1989 йилда Нью-Йорк шаҳрида туғилган Алия Сабур. Унинг ёши иккига тўлганида, салоҳияти (IQ тест билан аниқлаганда) биринчи синф ўқувчисига мос келган. 10 ёшида мактабни тугатиб Стони Брукдаги Нью-Йорк давлат университети талабаси бўлган. 17 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бундай иқтидорли ёшлар бизда ҳам бор, фақат излаб топиш керак.

Ҳозирги пайтда ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Лекин ёшларимизнинг кўпчилиги буюк аждодларимиз, уларнинг илмий мерослари, дунё тан олган илмий асарлари ҳақида ҳеч нарса билмайди ва ўқимайди.

Ахборот технологияларидан кўпроқ ёшлар фойдаланилмоқда. Улар кўп нарсани билади, аммо миллий ўзликни англаш, тарихимизни тараннум қилиш бобида яна суст ишлаяпмиз. Бу ҳақда хорижда ўқиб ишлаётган тенгдошларимиз куйиниб гапиради. Ёшларда миллий ифтихор туйғуси бўлиши керак. Шундагина миллат дунёга танилади. Биз буларнинг ўрнига асосий вақтимизни ҳар хил кераксиз сайт ва маълумотлар билан банд қилиб, умримизни бесамар ўтказамиз.

Яна эътиборингизни мақоланинг бошланишида қайд этилган ижтимоий тармоқлардаги ноўрин видеолавҳаларга жалб этмоқчиман. Агар юқорида айтилганларга амал қилиб ўз вақтида китоб мутолаа билан шуғулланганимизда, бундай номақбул ҳолатлар рўй бермаган бўларди. Агар ўша эҳсондан норизо кишилар вақтида китоб ўқиганда, озгина билими бўлганда, ҳаёси ҳам, озгина бўлса-да орияти ҳам бўларди. Беғараз олган ёрдамни, кимнингдир эҳсонини “Нега кам?” деб ўзининг ношукурлигини кўрсатмаган бўлар эди. Бизнинг бу ҳаракатларимиз аҳолига қилинган ғамхўрликка нисбатан ҳурматсизлик эмасми?

Ҳозирги вақтда жамиятимизда вазият бутунлай ўзгарди. Кечаги аудиторияда жонли мулоқот асосида ўтаётган дарсларимиз бугун масофавий шаклда олиб борилмоқда. Бунга ўтиш дастури бўйича шу йил айрим фанлар бўйича курслар бошлашимиз керак эди. Аммо вазият шуни тақозо қилдики, ушбу усулга бирданига ўтишга мажбур бўлдик. Энди бемалол кўпгина ривожланган мамлакатларда мактаб ўқувчилари, ОТМ талабалари ўртасида ташкил этилаётган онлайн олимпиадаларида ҳам иштирок этиш имконияти яратилди. Буларнинг барчаси мамлакатда ижтимоий тармоқлардан турли майнавозчиликларни кўрсатиш учун эмас, балки мақсадга мувофиқ тарзда, илғор технология имкониятларидан самарали фойдаланиш асосида амалга оширилади. Зеро, шу йўл билан талаба ўз билимларини қайта синаб кўради, хатоларини тузатиш имкониятига эга бўлади. Буларнинг бари талаба ёшларнинг юқори марраларни эгаллашига асос бўлади.

Болалар ёшлигида қандай тарбия қилинса, унинг кейинги ҳаёти ҳам худди шундай кечади. Ёшларни тарбиялашга катта имконият эшиклари очилган паллада болаларимизни тўғри йўлда юрадиган қилиб тарбиялайлик. Муҳими, уларнинг онгига миллий ғурур билан биргаликда эркинлик ўзбошимчалик эмаслигини ҳам сингдириб боришимиз зарур.

 Севара БОБОНАЗАРОВА,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси,

факультет хотин-қизлар кенгаши раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: