Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

ПАНДЕМИЯНИ ҲАМЖИҲАТЛИКДА ЕНГАМИЗ

Айни синовли кунларда Юқори Чирчиқ туманида карантин тадбирларини олиб бориш асносида ҳудудда яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд оилалар ҳамда боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олишда прокуратура ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, ҳудудий ишчи гуруҳ ҳамда Юқори Чирчиқ туман прокуратураси томонидан аҳолининг бирламчи эҳтиёжидаги товарлар — озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз ошириш ва сунъий танқислигини юзага келтириш ҳолатлари олдини олиш юзасидан зарур ва қатъий чоралар кўриб борилмоқда.

Туман прокуратураси ташаббуси билан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозор ёки савдо нуқталаридан узоқ ҳудудда жойлашган маҳаллаларда мунтазам равишда кўчма савдо нуқталари ташкил этилмоқда. Жумладан, туман прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг туман бўлими билан ҳамкорликда прокурор секторидаги “Қорасув”, “Маърифат”, “Чумчуқжар”, “Кавардон”, “Султонравот”, “Янгиобод”, “Булоқбоши”, “Қўрсой”, “Қанғли”, “Миям-Қанғли”, “Саксонота”, “Марказий” ва “Тоштўғизоқ” маҳаллаларида арзонлаштирилган кўчма озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди. Бундан ташқари, “Чумчуқжар” ва “Қорасув” маҳаллаларида аҳолини мунтазам сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Даладан – дастурхонга” шиори остида турғун савдо ярмаркаси фаолияти йўлга қўйилди.

Яширишга ҳожат йўқ, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар учун карантин қаттиқ синовга айланди. Карантин бошланганидан буён сектор ҳудудидаги 2100 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган ва ёлғиз фуқарога кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ҳамда шахсий гигиена воситалари етказиб берилди. Шунингдек, 11 та кам таъминланган оилага 11 бош қорамол тарқатилди. Бундан ташқари, секторимиздаги 22 та эҳтиёжманд оилага прокуратура томонидан жорий йил апрель ва май ойида 500 минг сўмдан ёрдам кўрсатилди.

Афсуски, аҳолининг саломатлигига жиддий хавф-хатар туғдираётган коронавирус балосининг оқибатлари ҳақида жойларда олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан айрим фуқаролар томонидан карантин талабларини менсимаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Масалан, тадбирлар давомида ниқобсиз бемақсад юрган 787 нафар фуқарога нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Шу билан бирга Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг туман бўлими томонидан жойлардаги озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ҳамда “Юқори Чирчиқ деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини сунъий равишда оширилмаслиги юзасидан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Натижада туманда озиқ-овқат товарлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари барқарор нархларда сақланиб қолинди.

Синовли кунларда бир қарич бўлса-да, томорқаси бор инсон фурсатни қўлдан бермай ерга уруғ қадаши муҳим эканлигини тушунтира олишимиз керак. Ана шу мақсадда сектор масъуллари томонидан ҳудудларда аҳоли томорқаларидан қай даражада фойдаланаётганлиги ўрганилди. Томорқаларда экиш ишларини жадаллаштириш учун 30 мингдан зиёд кўчат аҳолига арзон нархларда етказилди ҳамда 15 нафар эҳтиёжманд, имконияти чекланган ва якка ёлғиз фуқароларнинг томорқаларидан фойдаланишда кўмак кўрсатилди.

Натижада туман прокурори секторидаги 6435 та томорқа ер эгаларининг 261 гектар томорқа майдонларида эртаки экинлар (сабзавот, картошка ва бошқа экинлар) экилиши таъминланди.

Шунингдек, пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам долзарб масалалардан бири бўлганлиги боис, туман прокуратураси ташаббуси билан сектор ҳудудидаги жами 271 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Жумладан, уларнинг 213 нафари ҳақ тўланадиган жамоатчилик, 19 нафари доимий ишларга жалб қилинди. Шу билан бирга, 14 нафар вақтинча ишсиз ёшларга мева-сабзавотчиликни ташкил этиш учун 20 сотихдан суғориладиган ер ва 12 та эҳтиёжманд оилага енгил конструкцияли иссиқхона қуриш ва суғориш воситалари харид қилиш учун 2 230 минг сўмдан субсидия ажратилиб, уларнинг ҳам бандлиги таъминланишига эришилди.

Бугунги синовли давр ота-боболаримизга хос донишмандлик, зийраклик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни талаб этади. Унутмайлик, бу кунлар ўткинчи. Саховатпешалик, муҳтож бўлганларга ёрдам қўлини узатиш билан офатни биргаликда енгамиз. Юқори Чирчиқ туман прокуратураси томонидан карантин даврида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу аслида.

   Ғанишер АБДУСАЛОМОВ,

Юқори Чирчиқ туман прокурори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: