Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

КУЧ-ҚУДРАТИМИЗ ИЛМИЙ САЛОҲИЯТДА

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим тизимида, айниқса, олий таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг кўлами тобора кенгайиб, замон талабларига мос сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Хусусан, жорий йил апрель ойида давлатимиз раҳбарининг «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Мухбиримиз Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева билан мазкур қарор ижроси ва унинг соҳада тутган аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

– Ҳурматли Гулчеҳра Шавкатовна, аввало мазкур қарорга бўлган ҳаётий зарурат ва бу қарорнинг шарқшунос кадрларни тайёрлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори, энг аввало, олий таълимни ривожлантириш, қолаверса, шарқшунослик соҳасига берилаётган катта эътиборнинг самараси, деб биламан. Бугунги кунда шарқ мамлакатларининг дунёдаги мавқеи, хусусан, уларнинг мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги тобора янги босқичларга кўтарилиб бораётгани биз, шарқшуносларнинг олдимиздаги вазифалар кўламини кенгайтириб, янада масъулият билан илмий изланишларни олиб бориш, таълим жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда. Маълумки, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан узлуксиз таълим тизими, жумладан, олий таълим тизимини модернизация қилиш, уни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, олий таълим муассасаларимизнинг дунё рейтингларида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган муҳим сиёсати натижасида катта ислоҳотлар бошлаб юборилди. «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» ишлаб чиқилди. Бу олий таълим тизими учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга стратегик ҳужжат бўлиб, унинг асосида босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу концепцияда олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш бўйича институт мақомидаги олий таълим муассасалари фаолияти кўламини кенгайтириш ва институционал салоҳиятини кучайтириш орқали уларни университетга айлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш вазифаси ҳам белгилаб берилди.

Президентимизнинг «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида таълим муассасамизга университет мақомининг берилиши, ўзбек шарқшунослигининг жаҳонга чиқишига кенг йўл очиб берадиган қадам бўлди дея оламиз. Бу албатта, жамоага жуда катта масъулиятни юклайди. Ўзбекистоннинг шарқ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи, шарқ тиллари бўйича малакали мутахассислар тайёрлайдиган, жаҳонда рўй бераётган жараёнларни тўғри талқин қила оладиган таҳлилий тафаккурга, комплекс билимларга эга кадрларни тайёрлаш вазифасини бажарувчи университетимиз эндиликда замонавий олий таълим муассасаси сифатида жаҳон илм фани ва таълим жараёнларига дадил кириб бора олади. Шунингдек, янги ислоҳотларни амалга ошириш борасида республикамиздаги 10 та олий таълим муассасаси ва шарқшунослик университетининг ҳам ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказилганлиги янги тизимга ўтишнинг яна бир муҳим омили бўлди, деб ўйлайман.

– Маълумки, шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш, деганда аввало, дунёга сочилиб кетган халқимиз тарихи, унинг минг йиллик маънавий қадриятлари билан боғлиқ манбаларни ўрганадиган, қилни қирқ ёришга қодир мутахассислар кўз ўнгимизда намоён бўлади, бу борада олиб борилаётган илмий изланишлар кўлами, уларнинг самараси ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Шарқшунос мутахассис шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузини ўрганиш учун ҳар томонлама билимга эга бўлиши лозим. Албатта, узоқ ўтмишга ва бой миллий маънавий қадриятларга эга юртимиз тарихини манбалар асосида холис ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Қарорда айнан ушбу масалада ҳам қатор вазифалар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш жараёни асрлар давомида сақланиб келаётган қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича ёш шарқшунос-манбашуносларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва бу орқали мамлакатимиз ва миллатимизни дунёга тарғиб этиш билан боғлиқ фаолиятни кучайтиришимизни тақозо этади. Қарорда илмий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида университет ҳузурида «Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази»ни ҳамда «Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази»ни очиш белгиланди. Мазкур марказлар шарқ халқлари маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий, фалсафий манбаларни чуқур ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, юртимиз қадриятлари, миллий меросимизни дунёга тарғиб этиш, шарқ мамлакатларининг тарихи, ривожланиш босқичи, иқтисодий-сиёсий тараққиёт хусусиятларини комплекс тадқиқ этиш, айниқса, Ўзбекистоннинг шарқ халқлари билан ўзаро муносабатларини ривожлантиришда ўз ўрнига эга бўлади, деб ўйлайман. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида ажратиладиган илмий грантларга эга бўлиш учун янги илмий лойиҳаларни ҳам ишлаб чиқиш, молиялаштиришга эришиш ва самарадор тадқиқотларни бажариш зарур бўлади.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тарих институти, Темурийлар тарихи давлат музейи каби муассасалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, университетнинг манбашунослик йўналишидаги кафедралари филиалларини ташкил этиш ҳам янги тадқиқотлар учун шароитларни кенгайтиришини таъкидлаш жоиз.

– Мазкур қарорнинг бир бандида таълим сифатини ошириш, ўқув ва илмий фаолиятни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этиш тўғрисида вазифа қўйилган. Мамлакатимизда дунёга ёйилган коронавирус туфайли эълон қилинган карантин даврида талабаларни онлайн ўқитиш амалда бир синовдан ўтди ва у бу амалиётни янада такомиллаштириш зарурлигини тақозо қилмоқда. Айтингчи, бу йўналишда қарорда назарда тутилган ишларга тайёргарлик қандай кетяпти, янгича ёндашувлар нималарда намоён бўлади?

– Дунё мамлакатларининг тобора тараққий этиб бораётгани барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ўқитишнинг илғор, янгича, таъсирчан усулларидан фойдаланиш, дарс амалиётларига замонавий технологияларни жорий этишни тақозо қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, қарорда университетда замонавий таълим технологиялари, талабалар билимини баҳоловчи илғор методикалар, шарқ мамлакатларини ўрганиш бўйича замонавий медиамаҳсулотлар ва электрон адабиётларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш масаласига алоҳида банд киритилган. Албатта, бу вазифаларни амалга ошириш ўз-ўзидан таълимнинг сифатига ижобий таъсир этади. Таълим жараёнига хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг жалб этилиши ҳам талабаларимизда ўзи ўрганаётган мамлакатнинг мутахассисидан дарс олишига қизиқишининг кучайиши натижаларнинг юқори бўлишини таъминлайди. Коронавирус пандемияси боис эълон қилинган карантин шароити университетимиз педагоглари жамоаси ва талабалари учун ҳам бир томондан ўз устида ишлаш даври бўлди, десам муболаға бўлмайди. Масофавий таълим шаклларидан фойдаланиш, онлайн дарслар учун интернет тармоғидаги платформаларни ўрганиш, глобал тармоқдаги нуфузли ресурслар базалари билан ишлаган ҳолда таълимий ва илмий манбаларни излаш, улардан фойдаланиш каби кўникмалар мустаҳкамланди. Интернетдаги дастурий тармоқлар, таълим платформалари орқали дарс жараёнлари ташкил этилди, талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳам онлайн қайд этилди. Таълим жараёнида нафақат ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, балки университетга Япония, Корея, Миср, Хитой, Туркия, Индонезия каби давлатлардан жалб этилган мутахассисларнинг ҳам дарслари онлайн ташкил этилди.

 Дарс жараёнларидан ташқари илмий фаолият ҳам онлайн шаклда давом эттирилмоқда. Бир қатор илмий анжуманлар онлайн платформалар орқали ўтказилди. Улар жумласида коронавирус пандемияси шароитида дунё мамлакатларидаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар муҳокамасига бағишланган анжуманда 7 та давлатдан олим ва мутахассислар иштирок этиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга, университетимиз олимларининг таҳлилий илмий қарашларига юқори баҳо бердилар. Шунингдек, янги иқтисодиёт йўналишидаги тарихий манбашуносликнинг долзарб масалалари муҳокамалари қизғин ташкил этилган республика миқёсидаги илмий конференциялар, ёш шарқшуносларнинг илмий анжуманлари ҳам онлайн ўтказилди. Бугунги кунда эса магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоялари белгиланган жадвал асосида мунтазам ташкил этилмоқда.

Янгича ёндашувлар албатта, университетда талабаларнинг ҳам, ўқитувчиларнинг ҳам, тадқиқотчиларнинг ҳам замонавий фикрлашга, мустақил таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланишларига ижобий таъсир этади.

– Қарорда университет салоҳиятини босқичма-босқич ошириш мақсадида докторантурага қабул квотасини кўпайтириш, янги ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилган. Унинг мазмун ва моҳияти, аҳамиятини кенгроқ изоҳлаб берсангиз.

– Университетда илмий салоҳиятни ошириш энг муҳим долзарб масала. Салоҳият юқори бўлган жойда ҳамма йўналишда: таълим жараёнида ҳам, илмий фаолиятда ҳам кутилган натижага эришиш мумкин бўлади. Илмий даражали кадрларга бўлган эҳтиёж асосида ёшларни илмий тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг мамлакатимиз учун устувор йўналишлардаги мавзуларда изланиш олиб боришлари ва илмий натижаларни амалиётга жорий этишлари учун шароитларни янада яхшилаш зарурати бор. Бугунги кунда университетда филология, тарих, сиёсий фанлар ва иқтисодиёт фанлари тармоғида 10 та ихтисослик доирасида докторантура ва мустақил изланувчилик шаклида илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрланади. Қарорда белгиланган вазифаларни амалга оширишда меросни ўрганишга қаратилган манбашунослик йўналишида ҳамда сиёсий-иқтисодий мунасабатлар ҳолатини замонавий босқич нуқтаи назаридан ўрганувчи сиёсатшунос кадрларни тайёрлашга миқдор ва сифат жиҳатидан эътиборни кучайтириш, шунингдек, янги ихтисосликларни очиш асосида муҳим йўналишларда салоҳиятли кадрларни тайёрлаш зарур. Жумладан, докторантурага янги қабул жараёнида «Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат тарихи» ҳамда «Этнология ва этнография» ихтисосликлари бўйича ҳам тадқиқотчиларни жалб этиш режа қилинмоқда.

– Қарорда қайд этилишича, шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилиши таъкидланган. Бу борада бошқа ҳудудларда ишлар қандай йўлга қўйилади?

– Бўлажак мутахассис болалигидан соҳага қизиқса, қобилиятли, ўз олдига қўйган мақсадларга интилувчан бўлса, келгусида соҳанинг илғори бўлади. Бунинг учун ёшларни ўқувчилик давриданоқ қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда касбга йўналтириш жуда муҳим. Бу жиҳатдан Президентимизнинг профессионал таълимни ривожлантиришга қаратилган топшириқлари асосида ҳудудларда турли соҳалар бўйича техникумларни очиш, вилоятларда олий таълим муассасаларининг иштирокида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга имконият яратади. Бу борада қарорда белгиланган Наманган ва Хива шаҳарларида техникумлар ташкил этилади. Бу таълим даргоҳларини битирган ёшлар шарқ тилларини ўрганиш асосида таржимонлик, туризм, педагоглик йўналишларида ишлаши мумкин бўлади. Шунингдек, техникумларда ҳудуднинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бошқа ёндош йўналишларда ҳам иш берувчиларнинг талабларига кўра мутахассислар тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

– Маълумки, университет ёзма ёдгорликлар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан бепул таъминланади, дейилган. Хорижий мамлакатлардаги ана шундай манбалар билан ишлаш бўйича қандай алоқалар ўрнатилган, бу йўналишда эришилган муваффақиятлар, келгусида турган вазифалар ҳақида газетхонларимизга тушунча берсангиз.

– Қарорда Фанлар академиясининг илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа буюк аждодларимиз томонидан яратилган Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тили, маданияти ва тарихига оид ёзма манбаларни ўрганиш, университетнинг кафедралари филиалларини очиш каби масалалар ҳам бор. Айнан Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан бепул таъминланишимиз масаласига тўхталсак, бу ҳам фан ва таълим интеграциясини кучайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Дунё бўйича мамлакат ва миллат тарихини акс эттирувчи қўлёзма манбалар сақланадиган фондларда қўлёзмаларнинг нусхаларини олишнинг ўзига хос тартиблари бор. Бу фондлардаги ноёб қўлёзмаларнинг тарқалиб кетмаслиги, нотўғри ва илмий асосланмаган нашрларнинг пайдо бўлиши олдини олади. Қарорда назарда тутилган ҳолатда эса, университет талаба ва тадқиқотчилари томонидан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий жамоаси билан мақсадли тарзда алоҳида белгилаб олинган, ўрганилиши, илмий муомалага кириши зарур, долзарблиги юқори бўлган қўлёзмаларнинг электрон нусхалари билан ишлашни жадаллаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорлик амалга оширилади. Бу узоқ йиллардан бери жуда кам қисми ўрганилган қўлёзмаларни ўрганиш, илмий истифода этиш кўламини кенгайтиради. Мазкур институт олимлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ишлар доирасида қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш лабораториясига, хаттотлик ишларини ўрганишга ҳам талабаларнинг жалб этилиши келажакда ниҳоятда қийин аммо, жуда керакли бўлган соҳани ривожлантиришда ўз самарасини беради, деб ишонаман.

 

Ўктам МИРЗАЁРОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: