15.05.2020

ДАВЛАТЧИЛИК МАЪРИФАТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ёхуд коронавирус пандемияси давлат ва ҳуқуқнинг ривожига қандай таъсир этди?

Давлат ва ҳуқуқ инсоният тарихида пайдо бўлганидан бери ривожланиб, тобора  муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Зеро, одамлар ўзаро муросага келиб яшаши, ички ва ташқи хавфдан ҳимояланиши, қийинчилик ва муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиши учун ҳам давлат ва ҳуқуқ юзага келган. Ушбу феноменаль тушунчалар жамиятда одамлар ишончини қозониб, замонлар талабини қондириб, адолат, тенглик, холислик, тартиб ва интизомни таъминлагани боис инсоният томонидан тан олинган..

Бугун дунёда башарият учун ташвиш ва муаммо туғдираётган коронавирус пандемияси хавфининг даражаси ҳам айнан давлат ва ҳуқуқнинг реал имконияти билан боғлаб талқин этилмоқда. Хитой коронавирусни енгибди, АҚШ, Италия, Испания ва Франция, Россия  COVID-19 дан энг кўп зарар кўрган мамлакат саналмоқда, Буюк Британияда коронавирус билан боғлиқ оғир касаллик болаларда пайдо бўлаётгани, Швейцарияда пандемия даврида ҳам катта чекловлар амалга оширилмагани, Исроилда карантин қоидаларини такрорий тарзда, мунтазам бузувчилар кўпаяётгани каби ҳолатлар ҳам айнан давлат ва ҳуқуқнинг амалдаги фаолият ҳамда таъсир доирасига боғлиқлигини  кўрсатди.

Коронавирус  инфекциясининг олдини олиш бўйича қамровли ишлар амалга оширилаётган мамлакатимизда ҳам давлат ва ҳуқуқнинг миссияси ҳамда амалий аҳамияти юксаклигини миллий давлатчиликнинг ўзига хос хусусияти сифатида эътироф этиш лозим.

Ўзбекистонда давлат ўзининг бошқарув вазифасидан келиб чиқиб, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамиятни ягона мушт сифатида мустаҳкам жипслаштирди. Мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича ўз ваколатига кўра давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи  ва ваколатли давлат органлари ҳамда ҳукумат вакилларидан иборат республика махсус комиссияси ташкил этилди. Давлат мазкур сафарбарлик даврида халқ иродасини ифодалаш учун зарур эҳтиёж чораларини кўрди. Яъни, давлат ўз вақтида тезкор, қатъият, ишонч, мулоҳазакорлик билан коллегиал асосда ҳуқуқдан самарали фойдаланди. Мамлакатимиз Президенти халққа бир неча марта мурожаат қилди. Қатор хорижий давлатларга чартер рейслар ташкил этилиб,  беш мингдан ортиқ фуқаромиз ватанимизга олиб келинди. Давлат ўз конституциявий ваколатини амалга оширмоқда. Натижа ёмон бўлмади. Талафот камайиб, давлатнинг ҳуқуқ асосидаги фаолияти ижобий самара берди.

Аммо коронавирус пандемияси бир-бири билан мустаҳкам алоқадор, оқибати чўнг бўлган иқтисодий, ижтимоий, экологик, демографик, сиёсий ва маданий муаммоларни юзага келтириб, мавжудларининг хавфини янада оширишга замин яратди.   Шу боис мазкур муаммони тан олиш ва уни енгиб ўтишга тайёргарлик кўриш талаб этилади. Биз мамлакатимизда тарқалган COVID-19   жараёнлардаги ютуқ ёки муаммоларимизнинг бевосита давлат ва ҳуқуқни англаш, ҳуқуқни қўллаш билан ўзаро боғлиқлигини тушуниб етдик.

Агар давлат жамиятни бошқариш, уюштириш – ҳуқуқ эса  ижтимоий муносабатларни жамият ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солиш воситаси эканлигини ҳисобга олиб фикрласак, бир қатор муаммоларга дуч келамиз. Бинобарин, айрим ҳолларда, давлатни мажбурлов кучига эга, кўп сонли давлат органлари  ёки мансабдор шахсларнинг иродасини ифодаловчи тузилма сифатида жамиятни бошқариш – ҳуқуқни мажбуриятдан холи чексиз эркинлик, деб тушуниш сингари нотўғри ёндашув ҳали ҳам мавжудлиги кўзга ташланмоқда. Бундай ёндашув фуқароларнинг маълум гуруҳини давлатдан бегоналашуви ва ҳуқуқни суиистеъмол қилишга олиб келаётган ҳолатлардан афсуски ҳар куни ОАВ орқали хабардор бўлаяпмиз.”Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам”, дегандай, жамиятимизда на ҳуқуққа, на миллий қадриятларга амал қилмайдиган боқибеғамлар йўқ эмас экан.

Аслида давлат – ҳуқуқ асосида уюшган, ягона ҳудуд устидан ҳукм юритиш ва ягона ҳокимиятга бўйсуниш асосида уюшган эркин одамларнинг умумий иттифоқи. Ҳуқуқ – қонун билан ўрнатилиб, давлат томонидан қўриқланадиган, мамлакат аҳолисининг умумий ва шахсий манфаатларини ифодаловчи ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи умуммажбурий хулқ-атвор қоидалари тизими саналади. Маълум бўладики, давлат моҳиятига кўра жамият аъзолари хулқ-атворини ҳуқуқий нормалар асосида мажбурий тартибга солишдан иборат вазифани бажарувчи ижтимоий зарурат. Ҳуқуқ  нормалари билан ўрнатилган талаблар барча томонидан бирдек бажарилиши шартлиги боис маънавий қадриятдир. Инчунун, давлат ва ҳуқуқ жамият аъзолари томонидан моҳиятан тўғри тушунилиб, қўллаб-қувватланиб ва мустаҳкам ҳамкорлик қилинганида кутилган  натижани беради.

Зотан, мутафаккир Абу Наср Форобий Х асрда сабоқ бериб айтганидек, давлатни ақл-идрок билан бошқариш – халқ бошига тушган хавф-хатарни камайтириш ва бартараф этишдан иборат. Биз бунинг исботини ўтган сўнгги икки ой давомида давлатнинг ҳуқуқ асосидаги фаолияти тимсолида ўз кўзимиз билан кўриб,  гувоҳи бўлдик.

Конституциямизнинг муқаддимасига кўра, Ўзбекистонда давлатчилик тарихий тажриба ҳамда демократия ва ижтимоий адолат асосида қурилиши белгиланган. Халқимиз давлат воситасида ҳуқуққа таяниб, том маънода бирлашди. Давлат ва халқ орасида ҳуқуқ воситасида бошланган бевосита мулоқот ўз самарасини берди. Хусусан, миллий давлатчилигимизнинг қайд этилган тамойили асосида давлатмиз раҳбарининг ташаббуси билан Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати миллий қадриятларга кўра,  аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Халқимизнинг саховатпешалиги, эътиборлилиги, меҳр-мурувватлилиги ҳамда тантилигига асосланган бу ҳаракат миллий давлатчилигимизнинг тарихий тамойиллари билан ўзаро уйғунлиги боис ҳам тезда кенг оммалашди. 

Коронавирус пандемияси ЖСТнинг таъкидлашича, инсон учун юқумли, тез тарқалувчан ва хавфли касаллик. У бутун дунёда, шу жумладан, республикамизда ҳам нормал ҳаёт тарзига катта салбий таъсир кўрсатди. Мазкур инфекция тарқалишининг олдини олиш жараёнида аҳоли транспорт воситалари, хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, маъмурий, тиббий-санитария ҳамда кўплаб фаолиятни чеклашга сабаб бўлди. Табиийки, мамлакатга ҳар томонлама катта зиён етди. Лекин ҳар қандай ёмон нарсанинг яхши томони бўлганидек, COVID 19 инсон – жамият – давлат учун улкан синов вазифасини бажариб,  халқимиз иродаси ва бирлигини янада мустаҳкамлади, миллий қадриятларимиз қаддини тиклади.  Хусусан, жамият ҳуқуқий тизимида: ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий мафкура, амалдаги ҳуқуқий нормалар, ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш, қонунийлик муҳити ва юридик амалиёт каби йўналишларга  катта эътибор қаратилди.

Халқаро ҳуқуқ нормалари стандартига мувофиқ демократик давлатчиликнинг қуйидаги учта асосий мезони мавжуд: биринчиси, давлат томонидан халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчиликнинг тан олинганлиги ҳамда унга амал қилиниши; иккинчиси, давлат ҳокимиятининг бевосита халқ иштирокида сайлов орқали ташкил этилиши; учинчиси, давлат ҳокимиятининг мамлакат ичкарисида ва ташқарисида тан олинганлиги.      

Ушбу халқаро стандартга демократик тараққиёт йўлидаги миллий давлатчилигимиз тўлиқ мос келади. 

Халқимиз ўзининг адолатли, ислоҳотчи, фидойи раҳбари, ўз қалъаси, ўз руҳий паноҳи борлигидан фахрланмоқда. Сўнгги йиллардаги залворли ислоҳотлар натижасида халқнинг давлат ва ҳуқуққа бўлган муносабатида ишонч, муҳаббат ва эъзоз руҳи орта бошлади. Миллий давлатчилигимизнинг шаклланишида халқ бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Энг муҳими – халқимиз янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишонмоқда ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Дуч келган қийинчиликларга қарамай, жамиятни янгилаш, ўзгаришларни идрок этиб, фаровон ҳаёт қуриш истаги устун келмоқда. Ташаббус ва ижодкорлик ҳар соҳада намоён бўлмоқда.

Бу мисоллардан кўриниб турибдики,  давлат бугун халқ ишончига сазовор бўлди. Бу эса, сўнгги уч йилдан ортиқ давр мобайнида давлатчилик маърифатида эришган энг катта ютуқларимиздандир. Халқ ишончига сазовор бўлган давлат ҳеч қачон таназзулга учрамайди. Бундан кейинги миллий давлатчилигимизни такомиллаштириш ишларида, аччиқ ва реал тажрибани инобатга олиб инсон – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатни мустаҳкамлашга янада эътиборни кучайтиришимиз лозим бўлади.     

 

Эшмуҳаммад ҚОДИРОВ,

Тошкент давлат юридик университети давлат ҳуқуқи ва бошқаруви кафедраси профессори вазифасини бажарувчи, юридик фанлар доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: