Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
15.05.2020

ОЛИМЛАРНИНГ ОЛИМИ, ИНСОНЛАРНИНГ ИНСОНИ

2009 йил, қиш чилласи тугаб, кунлар илий бошлаган, адиб айтмоқчи, баҳор мозоратдан бошланаётган дамлар. Чиғатой қабристони. Ариқ бўйларида нафармон бинафшалар яшил гиламдек тўшалган. “Академик Саъди Ҳасанович Сирожиддинов” лавҳи қўйилган қабр этагида бир одам чўк тушиб дуои фотиҳа қилмоқда. Бир қарашда кимлигини илғаб бўлмайдиган бу инсон устоздан недир бир яхшилик кўргандирки, шунча улуғлар орасидан айнан шу қадамжога келиб тиз чўкмоқда, деган ўй кечди кўнглимдан. Яқинроқ борганим сари бу чеҳра тобора танишдек туюлаверди. Тиловатини тугатиб, мен томонга қараган ҳам эдики, бир-биримизни таниб сўрашдик. Бу киши таниқли адабиётшунос олим, адиб ва публицист Маҳмуд Сатторов эди.

Ўзининг буюк илмий кашфиётлари билан умумбашарий тараққиётга мислсиз ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг маънавий жасорати, ибратли фазилатлари ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Илк уйғониш давридаёқ Туронзаминдан қомусий билим соҳиблари етишиб чиққанига кўҳна тарихимиз гувоҳ. Чор Россияси мамлакатимизни босиб олганидан кейин ҳам, не бахтки, юзага келган қийинчиликларга қарамасдан, самандар каби ўт ичида қайта туғилган ноёб истеъдодлар илмий салоҳиятини намойиш этишдан тўхтамади. Халқимиз билиб айтганидек, оққан дарё оқаверди. Бу олимлар билим доирасининг нақадар кенглиги, бетакрор илмий салоҳияти, буюк аждодларимизга хос инсоний фазилатлари билан эл-юртимиз қалбидан чуқур жой олгани ҳам айни ҳақиқат. Янги-янги кашфиётлар яратиб, жаҳондаги етакчи илмий доиралар томонидан тан олинган, улуғ салафларининг давомчиларидан бўлган ана шундай атоқли олимларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

 

Эътироф

Тарихимизнинг ғоят мураккаб бир даврида Ватанимиз илм-фани ривожига салмоқли улуш қўшган академиклар Ҳабиб Абдуллаев, Қори Ниёзий, Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Яҳё Ғуломов, Содиқ Азимов, Убай Орипов сингари устоз олимларимизнинг ҳаёти, фаолияти, эзгу фазилатлари бугун ҳам барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Улар қомусий билимларни ўзида мужассам этган ноёб истеъдод соҳиблари, минглаб солиҳ шогирдларнинг устозлари эдилар.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 11 йиллиги арафасида мамлакатимиз илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган, бутун ҳаётини Ватан, халқ ва миллат тараққиётига бахшида этган истеъдодли ватандошларимизнинг катта илмий-ижодий мероси инобатга олиниб, Президент фармонига кўра, улардан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Улар орасида Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг ҳам борлиги барчамизни қувонтирди.

Бундай юксак эътиборга ҳар жиҳатдан муносиб бўлган жонкуяр ва заҳматкаш олим, моҳир педагог хусусида қанча сўзласак, шунча камдек туюлаверади. Саъди Сирожиддинов докторлик диссертациясини ҳимоя қилганидан сўнг жаҳонга машҳур математик А.Н.Колмогоровнинг тавсияси билан 1953-56 йиллар давомида Москва давлат университетида профессор лавозимида ишлайди. У киши 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига мухбир аъзо бўлиб сайланганидан кейин Тошкентга қайтиб келади ва Тошкент давлат университетида кафедра мудири, Математика институтида директор, Тошкент давлат университетида ректор (икки марта 1966-70 ва 1983-87 йиллар), Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимларида ишлайди. 1966 йилда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси  этиб сайланади.

 

Ёрқин таассурот

Мамлакатимизнинг етакчи илм даргоҳи – Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ректори лавозимида фаолият кўрсатган йилларида бу даргоҳда таҳсил олган талабалар қатори камина ҳам ректоримизнинг ёшларга нисбатан оталарча эътибори ва ғамхўрлигини ўз тақдиримда ҳис этганман, у кишининг самимий меҳридан баҳраманд бўлганман. Университетимизда бўлиб ўтадиган катта-кичик тадбирларда Саъди Сирожиддинов билан мулоқотда бўлиш биз талабаларга ҳам кўп бор насиб этганини ҳозирги кунларгача ҳаётимдаги энг қувончли лаҳзалар сифатида эслайман. Домланинг нутқи равон, ўзбек ва рус тилларида бирдек эркин сўзлашар, у кишидаги камтарлик, оддийлик биз учун ийманмасдан суҳбатлашиш, ижодий мулоқот муҳитини яратар эди. Бу нурли сиймо профессор-ўқитувчиларга қандай муносабатда бўлса, талабалар билан ҳам худди шундай муомалада бўлар, ҳар қандай муаммо, таклиф ва мулоҳазаларимизни у кишига бемалол айта олардик. Саволимиз жавобсиз қолмас, муаммолар  вақтида ижобий ечимини топарди.

Ўша даврлардаги ниҳоятда самимий ва мароқли ўтган сайловолди учрашувлари бунга бир мисолки, бундай тадбирлардан биз талабалар кўнглимиз тоғдек ўсиб чиқардик. Дарвоқе, домла депутатликка сайланганларидан кейин Талабалар шаҳарчаси қиёфаси ўзгариб кетгани, жуда кўп қулайликларга эга бўлганимиз кечагидек ёдимда. Ўша сайловолди йиғинида сўзга чиққанлардан бири Талабалар шаҳарчасидаги жузъий камчиликларни бартараф этиш масаласини кўтарган эди. Барча таклиф ва мулоҳазаларни очиқ чеҳра билан, жиддий туриб эшитган домламиз учрашув охирида сўз олиб, бундай деганлари кечагидек ёдимда: “Бу муаммоларни ҳал қилиш учун депутат бўлиш шарт эмас. Бу менинг, аввало, хизмат вазифам, қолаверса, инсоний бурчимдир”.

Домла жамоатчилик ишларида ҳам анча фаол эдилар. 1970 йилда Саъди Ҳасанович Ўзбекистондаги иқтидорли ёшлар учун физика ва математика фанларига чуқур ўргатиладиган махсус мактаб интернатни ташкил этдилар (ҳозирги академик Саъди Сирожиддинов номидаги академик лицей). Эринмасдан ҳисоблаб чиқдим, шу пайтга қадар бу интернатни битирганлардан профессор унвонига эришганлар кўпчиликни ташкил этар экан.

1986 йилда Тошкентда ўтказилган Бернулли жамиятининг Биринчи Халқаро конгресси фан тарихида Саъди Ҳасанович Сирожиддинов номи билан абадий боғлиқ бўлиб қолди.

 

Хотира уйғонса гўзалдир

– Биз барчамиз Саъди Ҳасановични ҳурмат қилиб, унинг одамшавандалиги, билимдонлиги, зукколиги, оқ кўнгиллиги учун сидқидилдан яхши кўрар эдик, – деб хотирлайди академик Ёлқин Тўрақулов. – Саъди Сирожиддинов ажойиб суҳбатдош, қадим Турон, араб Шарқи, Ҳиндистон, Кичик Осиё тарихи ва маданиятининг билимдони эди. Улуғ бобокалонларимиз Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек ва бошқаларнинг нодир асарларини замондошларимизга танитишда унинг хизматлари беқиёс. Шунингдек, у киши Алишер Навоий, Фирдавсий, Умар Хайём каби мумтоз шеърият даҳоларининг лирик-фалсафий шеъру достонлари, бетакрор асарларини чуқур ўрганибгина қолмасдан, балки кўп ғазал, рубоийлар, тўртликларни ёд билар ва тез-тез давраларда ўқиб берардилар. Саъди Ҳасанович жаҳон адабиёти, жумладан, рус адабиёти намояндалари – Гомер, Данте, Шекспир, Пушкин, Лермонтов, Гёте, Байрон, Толстой ва қатор бошқа қалам соҳибларининг ижодини жуда яхши биларди...

Саъди Сирожиддиновнинг илм-маърифат оламидаги салоҳиятига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам  тан берилган.

 “Жиндаккина шоирлиги бўлмаган одам ҳақиқий математик бўла олмайди”, деган экан немис олими Карл Вейерштрасс. Муҳтарам устозимиз табиатига ҳам шоирлик фазилати бегона эмас эди. Талабалик кезларимизда бунга кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Масалан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг эллик йиллиги арафасида университетимиз маданият саройи шеърият мухлислари билан тўлиб-тошган эди. Бундай ҳаяжонли, тарихий ва ноёб дақиқаларни унутиб бўладими?  Катта тадбирларда доимо ректоримизнинг ўзи бош-қош бўларди.   

– Домла Саъди Сирожиддинов адабиётни, хусусан, миллий адабиётимизни жуда қадрлардилар, – деб эслаган эди марҳум шоиримиз Муҳаммад Раҳмон. – 1967 йили Тошкент давлат университетининг эски биноси (ҳозирги Амир Темур хиёбони)да Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллиги нишонланганини яхши эслайман. Тантанага домланинг шахсан ўзлари етакчилик қилгани ҳам ёдимда. Ҳолбуки, ўшанда замон қалтис, “тили аччиқ”, чўрткесар ёзувчига муносабат ҳам бошқача эди.

Шуни алоҳида эътироф этмоқчимизки, ректоримиз ташаббуси билан қутлуғ илм даргоҳида  халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам тез-тез ўтказилар эди. Хусусан, ЮНЕСКО қарори билан 1983 йилда улуғ аллома бобомиз Муҳаммад Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган симпозиум, 1987 йили Якоб Бернулли номидаги “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика” бўйича биринчи жаҳон конгресси Ўзбекистонда ўтказилган эди. Бундай нуфузли илмий анжуманлар ўша пайтларда юртимиз обрўсига обрў қўшгани бор гап.

– Менинг математик бўлишимда Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг таъсирлари беқиёс, – дея эслайди Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти директори, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, фан арбоби академик Шавкат Аюпов. – Биз ўрта мактабда ўқиган кезларимизда математика бўйича ўтказиладиган республика олимпиадаларида академик С. Сирожиддинов раислик қилар эдилар. Ҳакамлар ҳайъати асосан олимпиада ҳаракатининг фидойилари бўлган профессионал математик олимлардан иборат бўларди. Математикага қизиқувчи  биз ўқувчилар “Сирожиддинов олимпиадаси”да қатнашиш учун бор кучимиз билан интилар эдик. Мен 9-синфда республика олимпиадасида ғолиб чиқиб, ўша йили ёзда Новосибирскдаги академиклар шаҳарчасида жойлашган физика-математика мактабида ўқиб келиб, узил-кесил математик бўламан, деб азму қарор қилган эдим. Кейинчалик, тақдир тақозоси билан Саъди Ҳасанович Фанлар академияси вице-президенти бўлган даврларда менга академиянинг Математика институтида фаолият юритиш бахти насиб этди. Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон  Миллий университети) дан Математика институтига ўтишимга устоз Саъди Сирожиддинов асосий сабабчилардан бири бўлган эдилар. Физика-математика фанлари доктори даражасини олиш учун тайёрланган диссертациямни ҳам 1983 йили айнан Саъди Ҳасанович раислик қилган илмий кенгашда ҳимоя қилдим.

 

Адолатпарварлик унинг шиори эди

Буюк олим талабаларнинг хоҳ катта, хоҳ кичик, барча муаммоларига жиддий эътибор қаратарди. Талабаларнинг ётоқхоналарини ўзлари бирма-бир айланиб чиқар, ҳатто пахта терими пайтида аҳволимиздан хабар олиб турар, ёшларни йиғиб, самимий мулоқотлар ўтказар эдилар. Шундай кезларда домлага кўпинча талабалар касаба қўмитаси ва ёшлар ташкилотининг ўша пайтдаги навқирон, серғайрат етакчилари ҳамроҳлик қилар, муаммоларни биргаликда маслаҳатлашиб, жойида ҳал этишарди. 

Саъди Сирожиддиновнинг раҳбар сифатида кимгадир қаттиқ гапириб, беҳуда танбеҳ берганини эслай олмаймиз. “Э, ҳали шунақами?” деб, мийиғида кулиб қўйсалар, шунинг ўзи кифоя эди. Айниқса, университетнинг ёзги қабул маросимлари бошқа олий ўқув юртларидагига қараганда сокинроқ ўтар, ҳеч ким адолатсизликдан нолимасди.

Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Афғонистонда ҳарбий хизматда бўлиб қайтган аскарларга олий ўқув юртига киришда бир қатор имтиёзлар берилди. Хусусан, улар барча кириш имтиҳонларини “қониқарли” топширса, мандатдан ташқари қабул қилинадиган бўлди. Бироқ кириш имтиҳонидан “йиқилган” баъзи абитуриентлар ректор қабулига киришга қарор қилишади. Домла улардан етти-саккиз  нафарини қабул қилиб, ҳар қайсига бир пиёладан чой узатиб, дейди: “Болаларим, сизлар ношуд сиёсатнинг айби билан жабр кўргансизлар. Аммо кириш имтиҳонидан ўтолмаган абитуриентга ижобий баҳо қўйиб бўлмайди. Келаси йили келиб, ҳамма фанлардан “уч” баҳо олсаларингиз ҳам, албатта имтиёзли талабалар сифатида қабул қилинасизлар. Мабодо сизларни ноҳақ “йиқитишса”, тўғри менинг олдимга келаверинглар. Физика-математика фанларидан шахсан ўзим апелляция ўтказаман, ҳаракат қилсангиз, албатта ижобий натижа бўлади”.

Бундай оталарча маслаҳат, самимий сўзлардан йигитларнинг кўнгиллари таскин топиб, домланинг камтарлиги ва оддийлигига қойил қолишади.

 

Сафардаги қизиқ воқеа

Саъди Ҳасанович Москва давлат университетида ишлаб юрган кезларида таътилга чиқиб, қадрдон юртига жўнабди. Москва – Тошкент поездининг купеларидан бирига жойлашибди. Уч-тўрт кунлик йўлда купедагилар навбатма-навбат чой, озиқ-овқат ташиб, гурунглашиб келибди. Ўз навбатида, домла ҳам ҳамроҳлари хизматида бўлибди. Поезд манзилга яқинлашганида забардастроқ бир йигит ўртага савол ташлабди: “Оғайнилар, қаранглар, Тошкентга яқинлашиб қолибмиз. Лекин шунча йўл юриб, бир-биримиз билан тузукроқ танишиб ҳам олмабмиз-а?”

Сўнг у: “Мен фалон олий ўқув юртининг аспиранти Фалончи Пистончиев бўламан, билиб қўйсанглар зарар қилмайди”, деб аввало ўзини таништирибди. Қолган икки ҳамроҳ охирги курс талабалари бўлиб, улар ҳам паст кетмасдан,   ўзларини таърифлай кетишибди. Таништириш навбати ўттиз ёшлар атрофидаги ўрта бўй, қуюқ қошли йигитга келгач, у киши ҳеч нарсага шама қилмасдан, вазмин оҳангда: “Мен Москва давлат университетининг профессори Саъди Сирожиддинов бўламан”, дебди. Буни эшитиши билан ўтирганлар бараварига ўринларидан туриб кетишибди: “Узр домла, сиз ҳақингизда кўп эшитганмиз, сиздек юртдошимиз билан доимо фахрланиб юрамиз, буни қаранг, танимасни сийламас, деганларидек, билмасдан сизни хизматга қўйибмиз”, деб қайта-қайта эгилиб, узр сўрашибди. Шунда домла, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, хотиржамгина: “Ҳечқиси йўқ, кемага тушганнинг жони бир”, деб қўйибдилар оҳиста жилмайиб.

 

ДОМЛАНИНГ ЧИРОҒИ ЎЧМАЙДИ

– Менинг домла билан биринчи танишувим тасодифан бўлган, – деб ҳикоя қилади академик Маҳмуд Салоҳиддинов. – Бир дўстим билан 1952 йили қишки таътил пайтида Тошкентга қайтиб келаётганимизда Марғилондан икки киши поездга чиқди. Мен домлани дарҳол танидим. Вагонимиз “плацкарт” бўлгани учун улар вагоннинг ўнг томонидаги, йўл устидаги пасту баланддаги икки ўринни эгаллашди. Мен дўстимга биз вагоннинг ўртасида қулай ўринларда кетсаг-у, домла ён томонда ётсалар, ноқулай бўлади, ўринларни алмаштиришимиз керак, дейишим билан ўртоғим дарров мени қўллаб-қувватлади. Биз домла билан саломлашиб, ўринларни алмаштиришни таклиф қилдик. У киши миннатдорлик билдириб, бизнинг ўрнимизга ўтишга розилик бермадилар. Шундан сўнг домла бизнинг ёнимизга келиб ўтириб, узоқ суҳбатлашдилар. Менинг бўлажак математик эканимни эшитиб, хурсанд бўлдилар ва математиканинг ҳаётдаги ўрни, бу фан билан мунтазам шуғулланилса, ўзлаштириш қийин эмаслиги ҳамда математиканинг республикамиздаги ривожи тўғрисида гапириб, бошқа масалалар бўйича жуда кўп қимматли маслаҳатлар бердилар...

1967 йил 10 майда илмий ишимни муваффақиятли ҳимоя қилганимни ва домланинг туғилган кунларини нишонладик. Икки-уч ҳафтадан сўнг мен Математика институтининг директори этиб тайинландим. Саъди Ҳасанович 1970 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти этиб сайландилар. Шундан сўнг домла билан биргаликда Математика институтининг илмий йўналишларини аниқлаш, кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. 1981 йилда институтнинг янги биноси ҳам қурилиб фойдаланишга топширилди. Домла 1983 йилда ТошДУга иккинчи марта ректор этиб тайинландилар ва 1987 йилгача шу лавозимда ишладилар. Бу даврда домла миллий фанимиз ва таълим-тарбия ривожи йўлида бор куч ва имкониятини ишга солиб қаттиқ меҳнат қилдилар.

Қарийб ўттиз йил давомида бу улуғ олим билан ёнма-ён ишлаганимдан фахрланаман. Саъди Ҳасанович турли вазиятларда – ишда, хизмат сафарларида,  оилавий дам олиш пайтларида ўзларини қандай тутишларини кузатганман ва катта қалб эгаси, юксак маданиятли, ниҳоятда адолатли, ҳалол-пок,  фидойи инсон эканлигига  ишонч ҳосил қилганман. Домла эҳтимоллар назарияси ва математик статистиканинг чуқур билимдони бўлибгина қолмай, фикрлаш доираси кенг, бошқа соҳалар билан ҳам қизиқар, айниқса, Ўзбекистон тарихи ва адабиётини яхши билардилар. Шу сабабли бўлса керак,  Саъди Ҳасанович иштирок этган давралар ҳар доим хушчақчақ ва мароқли ўтарди. 

– 1983 йил 8-13 сентябрь кунлари Ўзбекистонда ЮНЕСКО қарори билан Муҳаммад Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтган эди, – деб эслайди академик Восил Қобулов. – Бу мен учун бир умр эсда қоладиган воқеа бўлган эди. Саъди Ҳасанович бундай нуфузли тадбирнинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлиб, симпозиумнинг Тошкент ва Хоразмда ўтказилган мажлисларида фаол иштирок этдилар.

1959 йили мени Саъди Ҳасанович чақириб, қачон фан доктори бўласан, сенинг илминг ўзингга эмас, Ўзбекистон кибернитика фанига керак, деб мени Москвага Механика институтига докторант қилиб юборадилар. Докторлик диссертациямни ҳимоя қилиб, Тошкентга қайтганимда тантана билан кутиб олдилар яна бўлим мудири этиб буйруқ чиқардилар.

Агар Саъди Ҳасанович ўша вақтда келажакни кўриб, мени амалдан вақтинча “озод” қилиб, докторлик диссертациясини ёқлашга мажбур қилмаганида мен академик ҳам, кибернетика ташкилотчиси ҳам бўлмас эдим.  Шунинг учун ҳам Саъди Сирожиддинов мен учун ёрқин юлдуздир. 

Ўзбекистонда математика тарихига асос қўйган олимлардан бири Саъди Ҳасанович Сирожиддинов фан доктори, профессор, академик, кўплаб мукофотлар совриндори, жаҳондаги ўнлаб илмий жамоаларнинг фахрий аъзоси, халқаро конференцияларнинг қатнашчиси эди. Унинг эҳтимоллар назарияси мактаби  оламга машҳур бўлган.

Академик Иброҳим Ҳамробоев ўз хотираларида шундай ёзган эди: – Саъди Ҳасанович Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти бўлиб турган вақтларида бизнинг Геология ва геофизика институтига ҳам ҳомийлик қилардилар. Биз у киши билан геологияга оид масалалар тўғрисида кўп гаплашар эдик. Эсимда, дастлаб тоғ жинсларининг мутлақ ёшини ҳисоблаш, кейинроқ ўша эҳтимоллик назариясидан фойдаланиб, ишлаб турган конларни бурғилашнинг энг  арзон ва оптимал вариантларини топиш ва бошқа муҳим вазифалар хусусида анча бош қотирганмиз. Бу соҳада у киши, жумладан, Мурунтов конида бурғилаш қудуқларини қай тартибда жойлаштириш тўғрисида Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятига ўз тавсияларини айтган.

– Саъди Ҳасанович математика фанини севар эди, – деб хотирлайди домланинг рафиқаси Муносибхон ая. – Домланинг вақти кундузлари бутунлай академия ёки университетнинг жамоат ишлари билан банд бўлар, ишдан келгач, кеч бўлганига қарамай шогирдлари яна ишга шўнғиб кетар, машғулот кечаси уч-тўртгача давом этган вақтлар ҳам бўлган. Шеърни ҳам жуда ёқтирар, кўпинча менга ўқиб ёки ёддан айтиб, мағзини тушунтириб берарди. Инглиз, немис, француз тилларида бемалол суҳбатлашар, озарбайжонча ва грузинчада ёзиб, ўқишни биларди. Чет давлатларида ўтадиган симпозиум ва конференция каби математиклар анжуманларига раҳбар этиб юборишар эди.

Шахмат клубининг раиси сифатида бу ўйинга ҳам жуда қизиқар, жаҳон чемпиони А. Карпов Тошкентга келганида уйга таклиф қилиб, у билан шаҳмат ўйнаганди. Академиклар С. Азимов ва Ё. Тўрақуловлар билан оилавий яқин эдик. Уларнинг суҳбати кўпинча шаҳмат тахтаси устида давом этарди.   

Домла ўта камтар ва самимий инсон эди. Бизга шаҳар марказидан кўпқаватли уйлардан бирининг учинчи қаватидан бошпана бериладиган бўлди. Домла янги турар-жой билан танишиш учун борганида академик ёзувчи Комил Яшинни йўлакда учратиб қолади.

– Э, домла, қўшни бўлар эканмиз-да, менга охирги қават насиб этган экан, – дейди ёзувчи юқорига ишора қилиб.

Шунда домла камтарлик билан: “Сиздек ажойиб инсон билан ҳамсоя бўлганимдан хурсандман, ижодкорларга ҳурматим жуда баланд, сиздан кўра ёшроқмиз, тўртинчи қаватга биз чиқиб яшай қолайлик”, деб ҳали кўчиб кирмасидан хонадонини алмаштирган эканлар.

Мана, кўриб турганингиздек, ҳозиргача шу уйнинг юқори қаватида домланинг чироғини ёқиб, ўғлимиз, келинимиз ва неварамиз ардоғида яшаяпмиз.

 

Собиқ талабанинг хотиралари

Таниқли олим ва публицист Маҳмуд Сатторов домланинг ғоят камтарлик, одамохунлик фазилатлари хусусида “Тақдиримни белгилаган учрашув” мақоласида бундай ҳикоя қилади:

“… Пахтадан орттирган ғамламамиз билан биринчи семейстрни ҳам эсон-омон якунлаб олдик. Иккита имтиҳондан “беш” олиб,  аълочи талабалар сафига кирдим. Бироқ “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”, деганларидек, пахтада ишлаб топган пулимиз тугаб, ижара ҳақи тўлашга ҳам чоғим келмай қолди. Охири бўлмагач, курсдош ҳамхонам Акрам Аминовнинг маслаҳати билан ўқишни ташлайдиган, янаги йил қайтадан ТошДУга кирадиган бўлдим.

Икки оёғи ногирон, қўлтиқтаёқда юрадиган, яхши шеърлар ёзадиган, фарғоналик Тўлқин ака Матмусаев деган курсдошимиз жуда одамшаванда, меҳрибон, ғамхўр инсон эди. Шу киши мени ўз қароримдан қайтарди: “Сиз – иқтидорли йигитсиз. Не азоблар билан университетга киргансиз. Бу йил ўқишга киришнинг ўзи бўлгани йўқ. Ҳе йўқ, бе йўқ, ўқишни ташлаб кетаверасизми?! Ректоримизни кўп яхши одам деб эшитганман, бир қабулларига кириб, олдиларидан ўтинг. Истасангиз, ўзим бирга олиб бораман”, – деб қолди. Эртаси куни Тўлқин аканинг “пат-пат” араваси – ногиронлик машинасида хиёбондаги (ҳозирги Тошкент юридик институт биноси) ректорнинг қабулхонасига келдик.

Иккинчи қаватга кўтарилиб, раҳбарнинг хонасига чиқсам, истараси иссиқ, бодомқовоқ бир киши қўлидаги калитни кийим илгичга осиб, ташқарига отланяпти. Бўсағада мени кўргач: “Э, келинг, ўғлим, келинг, – деб калитни қайта олиб, кабинет эшигини очди. – Марҳамат!”.

Мен – талабанинг назаримда хона ҳайҳотдек катта, тўрда раҳбарнинг столи, унга уланиб кетган узун, катта стол, ёнида қатор стуллар жой олган эди. “Ректор шу одам экан-да”, деган хулосага келдим. У киши энг пойгакдаги стулга чўкиб, мени рўпараларига ўтқаздилар ва “Қани, гапиринг, ўғлим, нима гаплар?” дедилар.

Мен филология факультетининг 1-курсида ўқиётганим, отам йўқлиги, ёлғизгина онам ишламаслиги, нафақа ҳам олмаслиги, ўзим аъло ўқиганим билан стипендия олмаслигим, ижара пулига ҳам зор қолиб, оқибат ўқишни ташлаб кетмоқчилигимни, янаги йил бахтимни қайта синаб кўрмоқчилигимни айтдим.

– Ҳай-ҳай, – дедилар ректоримиз, – узоқ областимиздан келиб, шундай оғир йилда конкурслардан ўтиб, университетга кирибсиз, энди ташлаб кетсангиз увол бўлади-ку. Ўқишни давом эттирасиз, бир иложини қиламиз, – дедилар.

Шу пайт, Худонинг марҳамати билан осмондан тушдими, ердан чиқдими, эшик оҳиста очилиб, бўсағада қулоғида мўъжаз эшитиш аппарати, ўнг қўл – протезда, тўлқинли сочлари ўзига ярашган – инглиз лордларини эслатадиган деканимиз Анвар Шомақсудов пайдо бўлди.

– Э, келинг, Анвар ака, сизни кутиб турган эдим. Ҳамма деканлар пастда тўпланиб туришибди. Бугун Ойбек домланинг туғилган кунлари. Пешинда ҳаммамиз у кишиникига зиёратга борамиз, – деб сўнг менга юзланиб: – Бу йигитча сизнинг талабангиз экан, – деб сўз бошлаганларида, Анвар ака:

– Биламан, биринчи курс, Самарқанд қабулидан, китоблик бола, – деб ахборот берди.

– Моддий чамам келмаяпти. Оилавий шароитим оғир, ўқишни ташлаб кетаман, деяпти-ку! Бунга йўл қўёлмаймиз.

Анвар ака масаланинг моҳиятини тушуниб турса-да, ректорнинг хулосасини билиш учун елка қисди.

– Анвар ака, – деб ўз қарорини баён қилди ректор, – бюджет имконияти мушкул бўлса-да, истисно тариқасида бу йигитчанинг стипендиясини беринг. Аъло ўқиркан. Имконини қилсангиз, ётоқданми, бирор яқин оиладанми яшаш жойи ҳам тўғриланг. Бу болалар вилоятларимиз, республикамизнинг олтин фондлари, қўлдан чиқариб юборсак, келажакда яхши кадрларимиздан ажралиб қоламиз.

– Шу гапларингни ўзимга айтсанг бўлмасмиди, домлани овора қилмасдан?! – деб дашном берган бўлди менга деканимиз. – Ёрдам берамиз. Албатта ўқишини давом эттиради, – деб ваъда қилди Анвар ака Саъди Ҳасановичга юзланиб.

Ташқарига чиққанимизда ҳамкасблари сафига қўшилаётган деканимиз менга:

– Эртага ёнимга кир, стипендиянгни тўғрилаб бераман. Кейин Дўмбирободга борасан. У ерда менинг синглим туради. Шуларнинг оиласида бир ўғилдай яшаб турасан! – деди.

Пастда “пат-пат”ида мени илҳақ кутиб турган Тўлқин акани бориб, қучоқлаб ўпиб олдим.

– Ҳаммаси зўр бўлди, Тўлқин ака, ҳам ўқийдиган, ҳам стипендия оладиган, ҳам текин квартиралик бўлдим, – деб суюнчи олдим...”

Домланинг каминага қилган бир яхшилиги умрбод ёдимдан чиқмайди.

 

«Йўқолган» ариза

Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Университетнинг журналис¬тика факультетининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган кезларимда фарзандли бўлдим. Рўзғорнинг залворли юки елкамда. Талабалик стипендияси ва турмуш ўртоғимнинг аспирантурадан олаётган пули оилани тебратишга етмас эди. Ўқишимни кечки ёки сиртқи бўлимга ўтказишга ҳаракат қилдим. Роса елиб-югурдим, натижа чиқмади. Журналистика факультетининг ўша пайтдаги кечки ва сиртқи бўлимлари бўйича декани муовини аввалига очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатди. Кейин, вақт ўтгач, “аризанг йўқолиб қолди, келаси йил яна ариза билан мурожаат этасан, ўйлаб кўрамиз”, деб баҳона қилди.

Шу воқеа сабаб бўлиб ректоримиз Саъди Сирожиддинов қабулига ариза кўтариб кирдим. Домла сўзимни эътибор билан тинглаб, аризамнинг бир четига: “Проректор П.Б.Азизовга! Кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилинг!” деб ёзиб, имзо қўйдилар. Ҳаяжон билан домлага миннатдорлигимни изҳор қилиб, кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректор, профессор Полвон Бобоевич Азизов (раҳматли яхши инсон эдилар) қабулига кирдим. У киши “Журналистика факультети декани муовинига бориб учрашгин”, дедилар. Аризамни олиб, факультетга қараб югурдим. Декан муовини: “Ўн-ўн беш кун ичида ҳал қилиб бераман, ҳовлиқма”, деб қовоғини уйиб, аризамни олиб қолди. Орадан бир ой ўтди ҳамки, буйруқдан дарак йўқ. Афсуски, бу аризам ҳам турли сабабларга кўра “йўқолиб” қолибди.

Ноилож яна ректорнинг қабулига киришга мажбур бўлдим. Домла мени таниб: “Ҳа, ишинг ҳал бўлмадими, ўғлим? Ҳозир ижобий ҳал қиламиз, сенга ҳам осон эмас, олахуржун бўйнингга тушганидан кейин ишлаб ўқишингга қаршилик бўлмаслиги керак, албатта”, деди.

Ўпкам тўлиб турган эди, йиғлаб юбордим. Саъди Сирожиддинов “Хафа бўлма, болам. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, бу кунлар ҳам ўтиб кетади”, деб юпатди ва беш-олти дақиқа ичида проректорларни тўплади. Домла ҳаммага қарата: “Бу йигитнинг аризасига шахсан ўзим “виза” қўйиб бергандим, олдинги аризасини йўқотишган экан, буни ҳам йўқотиб қўйишибди. Бу қандай масъулиятсизлик?!”, – деди.

Шундан сўнг домла аризамга яна имзо қўйиб, уни менга бермасдан, тўғридан-тўғри кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректор, профессор Полвон Бобоевич Азизовга: “Гувоҳлар иштирокида беряпман, энди йўқолиб қолмас”, деб узатдилар. Пол¬вон Бобоевичдан бошқа ҳамма кулиб юборди. Шу воқеадан сўнг кечки бўлимга ўтишим тўғрисидаги буйруқ тезда тайёр бўлди.

Тасаввур қилинг, ўша вақтлар бундай нуфузли даргоҳда уч мингдан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатар, 20 мингга яқин талаба ва аспирантлар таҳсил олар эди. Ҳар бир талаба ва ўқитувчининг ўзига яраша ташвишию муаммолари борлигини албатта барчамиз яхши тасаввур этамиз. Уларнинг ҳар бири билан дардлашиш, муаммосини ечишда ёрдам бериш учун ғоятда куюнчак, бағрикенг инсон бўлиш, қанча куч, вақт, сабр-чидам керак. Ахир, бундай сон-саноқсиз юмушларни бартараф этишнинг ўзи бўладими? Беназир олим ва меҳрибон устоз Саъди Сирожиддинов ана шундай етук раҳбар, доимо кўмак беришга тайёр, беғараз ва хушфеъл инсон эдилар.

 

Сулола

Пировардида, юқоридаги сатрларни ёзар эканман, Сирожиддиновлар сулоласига қойил қолмай илож йўқ. Сирожиддин бобонинг уч ўғли ҳам дунё танийдиган инсонлар бўлиб етишган. Бундай оила билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Тўнғич фарзанд генерал-лейтенант Бурҳон Сирожиддинов, ўртанчаси биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз, академик Саъди Сирожиддинов, кенжа ўғил таниқли гидрогеолог олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог, профессор Абдуманнон Ҳасанов Сирожиддин бобонинг зурриёдлари эди. Ҳаммаси Москвада ишлаган ёки ўқиган. Бурҳон ота шу ўзга юртда ўқишни тамомлаб, Москвадаги Олий ҳарбий ўқув юртининг бўлажак  офицерларига сабоқ берган бўлса, Саъди домла Москва давлат университетида профессор, Абдуманнон ака эса шу университетнинг геология факультетини муваффақиятли тамомлаб, анча вақт геология соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган, узоқ йиллар ЎзМУда талабаларга сабоқ берган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог.

Шу битикларимни нега домланинг тириклигида ёзмадим, деган бир армон ҳануз кўксимни тиғлайди. Яна тасаввур қиляпман ўзимча: Ўша вақтлар ёзган тақдиримда ҳам домла: “Сал ошириб юборибсан-да болагинам, ҳар бир инсон қилиши лозим бўлган юмушни ваколатим доирасида бажарганман холос”, дея озгина танбеҳ берган бўларди, назаримда.    

Яхши инсондан эзгу ном, ёрқин хотиралар қолар экан. Бундай азиз зотларнинг хотираси биз учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқдаки, бу ҳам ажиб саодатдир.

 

Азамат СУЮНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

 ижодий уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: