Бунга Президентимиз томонидан замин яратилди
Ҳозир воҳадаги тўй-маъракаларда суҳбатлар мавзуси асосан бир хил кечади: қанча янги завод ва фабрика қурилади-ю уларда қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, янгидан қанчадан-қанча иш ўринлари очилади?
«Дамас» машиналари ҳам шу ерда чиқадиган бўлибдими?»
Бу саволга билағон ғурур билан жавоб қайтаради: «Чиқади, бува, чиқади! Машинасозлик касбини эгаллаш учун йигитларимиз Андижонга ўқишга боришаркан... Танлаб-танлаб ишга олишаётганмиш...»
Қария суҳбатдошини қўллайди: «Танлаб олади-да! Нима сенга машина ясаш варрак ясашми? ...Шу ёшларга ҳавасим келади-да. Қани йигитликдаги куч-қувватим бўлса, иш ўргансам. Бизнинг ёшлик замонамизда Хоразмда ҳеч бўлмаса велосипед ҳам ишлаб чиқарилмаган...»
Буванинг гапи оғзида қолади, гапни учинчи суҳбатдош олиб кетади:
«Велосипед дедингизми, бува? Хоразмда энди велосипед ҳам чиқариладиган бўлибди».
Булар миш-миш эмас. Булар бугун, эртага хоразмликлар ҳаётида ўз аксини топадиган ҳақиқатлар.
Президентимизнинг «2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги тарихий қароридан кейин амалиётга аллақачон татбиқ қилинаётган улкан қурилишу таъмирлаш, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириш, керакли мутахассисларни ўқитиш, ўргатиш жараёни ана шулардан дарак бермоқда.
Вилоятнинг энг чекка ҳудуди Питнак шаҳрида жойлашган «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси»да сўнгги йилларда енгил машиналарнинг эҳтиёт ва бутлов қисмлари ишлаб чиқарилаётганди. Эндиликда шу ерда йилига қирқ минг дона «Дамас» енгил автомашинаси ишлаб чиқарадиган замонавий корхона бунёд бўлади. Бу ерда тўрт юз нафар ёш муқим иш билан таъминланади. Барча бутловчи қисмлар ҳам шу ернинг ўзида тайёрланади. Бу эса транспорт харажатлари камайишига, даромад ўсишига замин яратади. Корхонага ёндош яна саккизта корхона фаолият бошлайди. Ёндош корхоналарнинг ўзида яна қўшимча 100 нафар киши меҳнат қилади.
Янгиариқ туманида ўрта ва паст босимли газ узатиш тармоқлари учун полимер қувурлар ишлаб чиқарадиган корхона йилига уч минг тонна ҳажмдаги полимер маҳсулотларини «Ўзнефтгаз» компаниясига етказиб беради. Бу ерда икки юз иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда.
Шунингдек, Урганч туманида телевизор ҳамда монитор ишлаб чиқарадиган корхона иш бошласа, Хивада музлатгич ва совутгичлар тайёрлайдиган «Хива маиший техник» корхонаси шу йилнинг охирида илк маҳсулотларини харидорларга тақдим қилади. Қўшкўпирда эса «Сино Урганч» очиқ акциядорлик жамияти базасида велосипед тайёрлаш йўлга қўйилади. Хонқада спорт тренажёрлари ҳамда спорт инвентарлари тайёрлайдиган корхона иш бошлаш арафасида...
Бу турдаги маҳсулотлар воҳа учун тамоман янгилик. Улар воҳага четдан келтириларди. Бу эса йўл харажатлари ҳисобига маҳсулотнинг дўкон пештахталарида бошқа ҳудудларга кўра бироз қиммат бўлишининг бош сабаби эди.
Кўп йиллардан буён Боғот туманида қурилиши чала ётган тўқимачилик корхонаси йилига олти минг тонна ип калава ишлаб чиқара бошлайди. Йирик енгил саноат мажмуасида янгидан 220 иш ўрни очиш кўзда тутилган. Яна шундай корхоналардан бири Шовотда ҳам фаолият бошлайди. Тўқимачилик, тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлайдиган 34 та корхонанинг 17 таси жорий йилнинг ўзида иш бошлаши — амалга оширилаётган бунёдкорлик, қурилиш ишларининг кўламидан дарак беради.
Урганч шаҳрида «Ўзфармсаноат» ДАКнинг йилига олти миллион флакон миқдорида дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхонаси иш бошлаб, 70 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозиргача воҳада тиббий дори-дармонлар ишлаб чиқарилиши йўқ даражада эди. Эндиликда ўн иккита фармацевтик йўналишдаги корхона барпо этилади.
Шу пайтгача қурилиш материалларининг аксарияти воҳага четдан келтирилаётган эди. Бу эса вилоятда турли иншоотлар, бинолар қурилиши суръати ва қийматига салбий таъсир кўрсатарди. Якка тартибда уй-жой қурувчиларнинг сарсон-саргардон бўлиб юришларини айтинг. Пишиқ ғишт, замонавий том ёпқич (черепица) ҳамда ёғочсозликнинг саноат ишлаб чиқарилиши даражасига кўтарилиши ҳам қурувчиларга, ҳам аҳолига қулайликлар яратади. Буни ўзаро таққослашда кўриш мумкин.
Ўтган йили вилоятда юз миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилган бўлса, яна икки йилдан сўнг бу миқдор салкам икки юз миллион донага етади. Том ёпқичларни ишлаб чиқариш 3,2 баробарга ошади. Ёғочсозлик кўрсаткичлари ҳам қарийб икки баробар ўсиши кўзда тутилган. Умуман яқин йиллар ичида вилоятда 45 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Вилоят аграр ҳудуд. Эндиликда ихтисослашган хўжаликлар етиштираётган маҳсулотларини консерва, пишлоқ, қуритилган мева тарзида истеъмолчиларга етказиб бериш имкониятига эга бўлади. Бунга мустаҳкам асос — 23 ўринда сут маҳсулотларини қайта ишлаш, томат ва мевани қуритиш корхоналари иш бошлайди.
Яна қирқ тўрт ўринда нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар қурилиши режалаштирилган. Улардан ўн биттаси шу йилдаёқ илк маҳсулотлари билан аҳоли дастурхонини безайди.
Дастур ғоятда салмоқли. Ҳали биз оёқ кийимлари, пахта матолар, турли мебеллар тайёрлайдиган корхоналар ҳақида гап очганимиз йўқ. Дастурдаги икки юз элликдан ортиқ лойиҳаларнинг фақат айримлари ҳақида қисқагина тўхталдик, холос.
Мазкур Дастур доирасида 253 та лойиҳанинг амалга ошиши туфайли вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 маротаба, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш қарийб икки марта ошади. Ушбу лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш учун 462 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади.
Бир сўз билан айтганда, диёримизнинг чекка Хоразм воҳасида жами қарийб саккиз мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса бугун касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган, замонавий касбларни эгаллаётган минглаб ёшлар учун ўз ҳаёт йўлини белгилаб олишда, оилаларнинг фаровон, тўқ яшашларида мустаҳкам замин бўлади.
Рўзимбой ҲАСАН,
«Ўзбекистон овози» мухбири.