Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
17.03.2020

ЁШЛАР МАЪНАВИЙ ҚИЁФАСИ – МИЛЛАТНИНГ БЕБАҲО БОЙЛИГИ

Ота-боболаримиз одамохун, ориф, адолатпарвар, меҳнатсевар бўлишган. Момоларимиз ўзларидан меҳрибон-мушфиқ, ҳаёли, андишали, сабр-қаноатли аёл деган табаррук ном – маънавий мерос қолдиришган. Шунинг учун ўзбеклар ёки ўзбек халқи дейилганда, бошқаларда ҳурмат-иззат, ўзимизда юксак ифтихор туйғулари намоён бўлади. Бу халқимиз маънавий қиёфасига бўлган умумэътирофнинг ўзига хос бир кўринишидир.

Лекин бугун айрим интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган хиёнат, фаҳш, жаҳолат ҳақидаги, ҳатто мазмун-мавзуини тилга ҳам олиб бўлмайдиган турли шов-шувли хабарлар кишининг бошини хам қилади, номусдан ерга қаратади ва хавотирли ўйга толдиради. Аждодларимиз асраб-авайлаб, ардоқлаб келган қадриятларимиз – шарм-ҳаё, уят, ор-номус, сабр-қаноат деган тушунчалар наҳот бугун биздан бегоналашиб бормоқда?!

Бировнинг ҳаққидан ҳазар, кимсага зарар, зулм етказишдан қўрқув наҳот энди ёт? Атрофимиздаги айрим одамлар маънавиятида урчиётган бундай салбий эврилишлар манбаи қаерда?

Бизнингча, уларнинг илдизи биринчидан, қарийб бир аср мобайнида миллатимиз мустақиллиги, миллий қадриятларимиз топталганида, ўзгача урф-одат ва ғоялар онгимизга турли йўллар билан тиқиштирилганида, иккинчидан, бугун ҳам турли ахборот тармоқлари орқали тарқатилаётган, маънавиятимизга буткул ёт хабар-маълумотларда, уларда ахлоқсизлик ташвиқ этилаётганида намоён бўлмоқда.

Масаланинг иккинчи томони, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган ушбу маълумотлардан фойдаланувчиларга бирон-бир наф борми? Фикримизча, ушбу маълумотларнинг заррача фойдали томони мавжуд эмас, аксинча, ёшлар онгининг заҳарланиши ва уларнинг ахлоқан бузилиши эҳтимоли жуда юқори. Чунки ёшларнинг катталарга нисбатан қизиқувчанлиги ҳамда кўрган-эшитган нарсасига мушоҳадасиз берилувчанлик табиатан баланд. Аслида улар ана шу хусусияти билан ёши улуғлардан фарқланади, айниқса, тақиқланган нарсаларга ўчлик уларда кучли бўлади.

Бугунги кунда нафақат талаба, балки аксарият мактаб ўқувчисининг қўлида ҳам айфон-телефон бор. Улар катталарга нисбатан интернет сайтларининг жуда фаол томошабини экани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ёшлар тарбиясига тез ва салбий таъсир кўрсатувчи, иззат-ҳурмат ўрнига бир-бировини менсимаслик, ҳаромдан қўрқиш ўрнига бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, меҳр-оқибат, мурувват ўрнига бемеҳрлик, шафқатсизлик, шарм-ҳаё ўрнига беандишалик, фаҳш, зино ташвиқ қилинаётганига сира бефарқ қараб бўлмайди.

Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати биринчи мажлисидаги “... Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзларини такрор ва такрор айтишдан чарчамайман. Нега деганда, шу фикр бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз лозим...” деган гаплари мазмунига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Ҳақиқатдан ҳам тарбия масаласи ўта муҳим. Айниқса, бугун ахборот тарқатиш чегара билмас даражага етган бир пайтда, биз ушбу масалага бефарқ қарасак, фарзандларимизнинг ахлоқи, таълим-тарбиясига беэътибор бўлсак, улар маънавиятида миллий қиёфани асраш чораларини кўрмасак, эртага биргина “бу нотўғри, бу мумкин эмас,” деган тушунтиришларимиз мисқолча ҳам наф бермаслиги аниқ.

Бугун ёшларимизни чинакам маърифатли ва юксак маданият эгаси қилиб тарбиялаш муаммоси олдимизда кўндаланг турган бир пайтда уларни интернет тармоқларида ташвиқ этилаётган ёт ғоя, урф-одат ва анъаналар, жаҳолат ва фаҳш намойишининг салбий таъсиридан асраш тадбири мутафаккир бобомиз айтганидек ростдан-да “ё ҳаёт – ё мамот” масаласидир.

Шунга кўра, ахборот ва технологиялар орқали тарқатилаётган миллий қадриятларимизга ёт бўлган турли-туман ҳаёсизлик, жаҳолат, зўравонлик каби иллатларнинг фарзандларимиз онгига сингдирилиши ва шу йўл билан улар онги заҳарланишининг олдини олиш масаласи кун тартибига жиддий қўйилиши керак. Бу борада Эрон, Хитой, Германия ва Англия каби давлатларнинг интернет тармоқларидаги инсон маънавиятига салбий таъсир этувчи контенентларни таъқиқлаш, блоклаш амалиётини жиддий ўрганиш ва менталитет нуқтаи назаридан қараб чиқиб, мамлакатимиз ҳудудида жорий этиш; шунингдек, интернет сайтлари орқали бундай тарғибот олиб борганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласини кўриб чиқиш лозим кўринади.

Шу ўринда теле-онлайн минбарларида айрим жонбозлик кўрсатаётган “хабар тарқатувчилар”га ҳам юзланиб, яна Абдулла Авлоний ҳазратларининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” номли рисолаларидан: “Бази(лар) ...дилларига келган нарсаларни қайтармасдан, ахлоқ ва адабни риоя қилмасдан, халқдан ибо қилмасдан, бачча ва жувонлар шаънига мувашшаҳми, ёки бир мўмин биродарларининг ҳақида ҳажв ва истеҳзоли (мактубми) ёзув, матбуот ва адабиёт дунёсини ифлос ва мулаввас қилмак ила баробар ўзларига ҳамсуҳбат бўладурган ёшларнинг ахлоқини бузулмоғига сабаб ва намуна бўлурлар”, деган бир иқтибосни қайд этмоқ жоиз. Аллома бобомиз томонидан бир аср аввал айтилган бу гаплар, худдики, бугун бизнинг муаммоларига қаратилганидек.

Ахборот тайёрлаш ва тарқатишга моънелик йўқ, лекин ҳар биримиз инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматига ҳурмат билан қарашга бурчлимиз. Шунинг учун ҳам, бугун ҳар қандай ахборотни тарқатишда шахсий манфаат, вақтинчалик сохта обрў ортидан қувишдан тийилиб, “ҳикоя, хабар қаҳрамонининг” шаъни ва қадр-қимматига, ўзимизни тарбиялаб вояга етказган бутун бошли миллат ор-номусига, ғурурига, айниқса, ёшлар ахлоқига путур етказиб қўйишдан сақланиш энг улуғ мақсад бўлмоғи лозим.

Энди шов-шувли хабарлар тарқатишга ишқибоз, “лайк”лар илинжида пашшадан фил ясаб, аюҳаннос солаётган айрим интернетчи замондошга савол: миллат шаънига, ёшлар тарбиясига путур етказувчи бундай ҳаракатлардан муддао нима ўзи? Ўйланг, сиз нимани тарғиб қилмоқдасиз? Разолату фаҳш, андишасизлик, зулмними? Фақат кимнингдир ҳуқуқини ҳимоя қилаяпман деманг! Бу қилиқнинг номи бировнинг фожиасидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш, дейилади. Бузилган ҳуқуқ бундай ҳимоя қилинмаслигини эса бугун кўпчилик яхши билади.

Демократия ёки инсон ҳуқуқи, деган сўзларни шиор қилиб олиб, аслида ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида ёшларни чалғитаётганлар кўпайиб қолди. Аввало, ота-оналар, ўқитувчилар, устозлар, барча маърифатли инсонлар фарзандларига, ёшларга оқ билан қорани ажратиб олишни ўргатмоғи зарур. Ёшлар маънавий қиёфаси бебаҳо бойлигимииз, кучимиз, қудратимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим, деб ўйлайман.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Олий суд раисининг ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: