Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
25.02.2020

ЕВРООСИЁ ДАВЛАТЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Маълумки, мамлакатимиз ўзининг ташқи сиёсий фаолиятини халқимиз ва юртимиз манфаатларидан келиб чиқиб, очиқ, дўстона ва прагматик тамойилларга асосланган ҳолда олиб бормоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланган Туркия давлати билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари мустаҳкамланиб, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алоқалари изчил ривожланмоқда.

Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр мамлакат ҳисобланган Туркия — бугунги кунда ўрнак бўлса арзигулик даражада ривожланган мамлакатга айланди. У ўзининг иқтисодий қудратига кўра, дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирган давлатлардан бири сифатида тобора индустриаллашиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоизни, қишлоқ хўжалиги 15, қурилиш 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга.

Мамлакатимиз бугунги кунда Туркияни энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Бу икки ҳамкор давлат халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Юртимизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Евроосиёнинг йирик ва кучли давлатларидан бири – Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳамкорлигимиз, айниқса, охирги уч йилда анча жонланди. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди.

Изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар натижаси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда. Масалан, 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллардан ошди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични беш миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг Туркия Республикасига ташрифида икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш келишиб олинди. Учрашувда ўзаро манфаатли имкониятларни ишга солиш, янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказишга келишилганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди. Яхши биламиз, Туркияда тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш кенг ривожланган.

Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади. Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида 300 минг сайёҳ қабул қила олган Туркияга 2019 йилда қарийб 52 миллион сайёҳ келган. Демак, шунча чет эл фуқаролари Туркиянинг бой маданияти, давлатчилик тарихи, урф-одатлари билан танишиш баробарида, давлат иқтисодиётига яхшигина даромад келтирган. Бу тажрибани мамлакатимиз туризмида қўллаш, соҳани ривожлантиришда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш жуда муҳим. Билингки, туризм ҳамма жойда ҳам ривожланавермайди – энг аввало, туризм салоҳиятига эга бўлган ҳудудни тўғри танлай билиш лозим. Шунчаки, шаҳарнинг бир четида меҳмонхона қуриш, ресторан очиш ёки савдо шохобчаси барпо этиш билан туризм ривожланиб қолмайди. Бунинг учун фақатгина тарахий обидалар билан чекланмасдан, маданий, гас­трономик, тиббиёт, эко, агротуризм, зиёрат туризм каби тармоқларни ҳам ривожлантириш зарур.

Туркия тўқимачилик саноати дунё­га машҳур. Дунёнинг исталган давлатида Туркия трикотаж маҳсулотларига талаб юқори. Ана шундай қудратли давлат билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. Шу маънода бугунги кунда мамлакатимизда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати миллий иқтисодиётнинг стратегик муҳим ва жадал ривожланаётган тармоғи ҳисобланади. Ушбу саноатнинг йирик истеъмолчилари — Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳисобланади. Уларга экспортни 55 давлатда жойлашган етказиб берувчи корхоналар амалга оширади.

Туркиянинг етакчи компаниялари билан тўқимачилик корхоналари ташкил этиш ва етиштирилаётган пахтани тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот учун сертификатлашни жорий қилиш ва жаҳон бозорига йўналтириш бўйича келишувлар, иқтисодиётимиз ривожида текстиль соҳасининг улуши юқори суръатларда ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Яна бир муҳим масала, транспорт алоқаларини кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйишга келишилди. Интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар самараси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тўғрисида сўз кетганида, маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорликлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини маданий-гуманитар тадбирлар, турли фестиваллар янада мустаҳкамлайди. Туркия маданияти ва санъати вакиллари Самарқандда ўтадиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этади. Шунингдек, турк амалий санъати ва фольклори намояндалари юртимизда илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани, Ҳунармандчилик фестивалида ҳам ўз санъати ва маданияти намуналарини тақдим этди.

Музокараларда соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар Ўзбекистонда онкогематология, кардиожарроҳлик, офтальмология йўналишларида замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, кластерлар учун мутахассислар тайёрлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Икки давлат раҳбарларининг ҳар галги учрашуви самимий руҳда ўтиб, томонларнинг сиёсий мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини кўрсатади.

2018 йили 29 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Режеп ­Таййип Эрдоғаннинг давлатимизга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиб, унда сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси белгилаб олинди.

Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди.

 

Меҳрожиддин ДАРХАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: