Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
18.02.2020

«ИСТЕЪМОЛ САВАТЧАСИ» — ИЗЛАНИШЛАР, ЎРГАНИШЛАР

халқаро тажриба асосидаги концепция ишлаб чиқилади

Маълумки, истеъмол (яшаш) минимуми деганда инсон танасининг ҳолсизланиб қолмаслигинормал ишлашини таъминлаш, унинг саломатлигини сақлаб турадиган даражада озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламига эга бўлишнинг энг кам миқдори, асосий ижтимоий ва маданий эҳтиёжларни қондириш учун зарур минимал хизматлар тўпламини таъминлашга етарли бўлган қиймат англашилади.

Истеъмол минимуми ҳажми икки элементдан иборат – физиологик ва ижтимоий. Физиологик минимум – инсон яшаши учун зарур бўлган моддий қадриятлар қиймати ифодасидир. Дунё амалиётида физиологик минимум умумий истеъмол минимумнинг ўртача 85-87 фоизини ташкил этади, қолганлари ижтимоий қисмига, яъни минимал даражада мақбул турмуш тарзига мувофиқ маънавий қадриятлар тўпламига тўғри келади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида мана шулар ҳақида сўз борди. Унда фракция аъзолари, Иқтисодиёт ва саноат, Соғлиқни сақлаш, Молия вазирликлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг ҳудудий ва Марказий Кенгаши масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ҳамда уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича Халқ демократик партияси фракцияси ва Марказий Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг дастлабки ҳисоботи эшитилди

 

Михаил ЕЛЬШОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош консультанти:

— Бугунги кунда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тўғрисида қонун қабул қилинишига қандай зарурат бор?

Биринчидан, Конституциямизнинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.

Мазкур Конституциявий меъёр амалда ишламади, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш мезонлари шу вақтга қадар аниқланмади. Бу борада миллий қонунчилигимиз ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам халқаро амалиётдан жуда орқада қолди.

Иккинчидан, Президент Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистонда илк бора камбағалликни камайтириш чоралари кўрилиши зарурлиги таъкидланиб, бу бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Эндиликда халқаро ташкилотлар билан бирга камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Бунинг учун биринчи навбатда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларини белгилаш, яъни “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” ҳақида алоҳида қонун қабул қилиниши зарур

Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, шу масалада партия фракцияси орқали қонунчилик ташаббусини илгари суриш вазифаси белгиланган.

Халқ демократик партияси фракцияси ушбу муҳим вазифани бажаришга киришган. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини олиб боряпмиз.

 

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Маълумки, “истеъмол саватчаси” - муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товар ва хизматларнинг энг кам тўплами ҳисобланади. Бу борадаги минимал меъёрлар тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун асос бўлади.

“Истеъмол саватчаси” бир инсон ёки оила учун маълум бир вақтга, масалан, бир ойга зарур маҳсулотлар ва хизматлар бўлиб, кўп давлатларда унинг умумий қийматига кўра аҳолига ижтимоий нафақалар белгиланади. Шунингдек, “истеъмол саватчаси” инсон учун етарли миқдорда озиқ-овқат, дори-дармон каби ҳаёт учун зарур воситалар мажмуасини англатиб, унинг миқдор ва таркиби турли давлатларда турличадир. “Яшаш минимуми” миқдори эса “истеъмол саватчаси” қийматига асосан белгиланади.

Масалан, АҚШда истеъмол саватчасига 300 хил, Францияда — 250, Англияда — 350, Германияда — 475, Россияда эса 156 хил маҳсулот ва хизматлар “истеъмол саватчаси”дан жой олган.

Айни пайтда мутахассислар билан ўрганишлар олиб борган ҳолда 46 хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол саватчасига киритиш ҳақида муҳокамалар олиб борилмоқда. Бундан ташқари ноозиқ овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар ҳам унинг таркибига киритилади. Ўйлаймизки, бу борадаги ўрганишлар тез орада ўз натижасини беради ва қонуннинг амалиётга жорий этилиши партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади.

Сафар ОСТОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир масалада партиямиз электорати, яъни ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ифода этишга ҳаракат қилишимиз керак. “Истеъмол саватчаси” ҳақидаги қонуннинг амалиётга жорий этилиши ҳам бевосита ушбу қатламнинг манфаатига хизмат қилади, деб ўйлаймиз. Истеъмол саватчаси кам таъминланган, оилалар, ёлғиз аёллар кексалар ижтимоий ҳимояси учун зарур.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламни аниқлаб олиш ва унинг мезонларини қайта кўриб чиқиш керак. Жойларда аҳолидан норозиликлар келиб тушади. Айниқса, ёлғиз аёллар бу борада кўп мурожаат этади.  Масалан, фарзандларини бир ўзи тарбиялаётган аёлларнинг хонадонида телевизори, музлатгичи бўлса, “сизнинг яшашингиз яхши экан”, деб уларга ижтимоий кўмак берилмайди. Яна энг кам ойлик иш ҳақининг бир неча баробари миқдорида маош оладиган шахслар ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сирасига киритилмайди. Ваҳоланки, 600-700 минг сўм билан рўзғор тебратиб бўлмайди.  Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Асосийси, ушбу тизимда аниқ меъёрлар, тартиб жорий қилиниши зарур, деб ҳисоблайман.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилашнинг ўзига хос жиҳатлари, бу борада ҳудудларда ўтказилган эксперимент натижалари, бир киши учун бир ойга зарур бўладиган энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал миқдори ва бошқа муҳим масалалар бўйича мутасадди вазирликлар вакилларининг ахборотлари тингланди.

Партия фракцияси аъзолари халқ­аро тажрибага мос равишда “истеъмол саватчаси” меъёрларини аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи, яъни меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлашди.

Кенгайтирилган йиғилишда “истеъмол саватчаси” таркиби қисмларга бўлинган ҳолда атрофлича муҳокама қилинди. Одатда “истеъмол саватчаси” 3 қисмдан, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар (кийим-кечак, пойабзал, дори-дармонлар) ва коммунал, транспорт, маданий-маърифий хизматлардан иборат бўлади. Мамлакатимизда бу борада минимал меъёрларни белгилашда ҳудудлардаги турмуш маданиятининг ўзига хос жиҳатларини алоҳида эътиборга олиш таклиф этилди.

Шунингдек, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини халқаро нормаларга мувофиқ ишлаб чиқиладиган “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”га мақбуллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди.

Йиғилишда ишчи гуруҳ зиммасига қисқа муддатда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тўғрисидаги қонун лойиҳаси концепциясини тайёрлаш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда Халқ демократик партияси фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: