Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
18.02.2020

ПАРТИЯМИЗ НЕГА КУТИЛГАН НАТИЖАГА ЭРИШИЛМАДИ?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан олган таассурот оғушидаман. Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари ва аҳолининг ҳамма (эндигина тетапоя бўлган болакайлардан то кўпни кўрган кексаларгача) қатламларига дахлдор муаммо, ғоя ва вазифалар, таклиф ва топшириқлар унда барчага тушунарли этиб баён этилган. Президентимиз, жумладан, ортда қолган йилнинг адоғида бўлиб ўтган сайловлар ҳақида бундай деди: «Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар». Давлатимиз раҳбари бу ижобий ҳолатни таъкидлаш билан бирга навбатдаги вазифаларга эътиборимизни тортди: «...сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим масалалардан биридир».

Бу фикрлар мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб сайловларда мунтазам қатнашиб, мамлакатимиздаги демократик жараёнлар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон Халқ демократик партиясига ҳам тўла тааллуқлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, партиямизнинг сайловдаги натижаларига танқидий назар ташлаб, қилолмаган ишларимиз тўғрисида рўй-рост гапириш фойдадан ҳоли бўлмайди. Хусусан, парламент сайловида ЎзХДП кўрсаткичлари кутилгандан паст  бўлганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бу кўрсаткичнинг (22 депутат) ўтган сайловларга қараганда ҳам (27 депутат) пастлиги, унинг қўйидан иккинчи ўринга тушиб қолгани кишини ўйлантиради. Нега бундай бўлди? Нима сабабдан юртимиздаги энг тажрибали, курашларда тобланган, миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиёсий партиянинг сайловларда иштироки натижалари кўпчиликни асло қаноатлантирмайди? Партия раҳбарияти бу ва шунга ўхшаш бошқа саволларга жавоб бериш учун чуқур таҳлилий ишларни амалга ошириб, тегишли хулосалар чиқаради, деган умиддамиз. Бу ишга бутун партияни, ҳаттоки, бизга хайрихоҳ партиясиз тарафдорларимизни ҳам жалб этиш, уларнинг бу тўғридаги фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш керак, деб ҳисоблайман.

Менингча, мамлакат парламентига бўлиб ўтган охирги сайловларда партиямиз мағлубиятининг бир қанча сабаблари бор. Энг биринчиси – «янги сайловларга тайёргарлик охирги сайлов бўлиб ўтган куннинг эртасига бошланади» деган кенг тарқалган ақида мавжудлигига қарамасдан 2019 йил сайловларига ҳозирлик кўриш кеч бошланган, деб ўйлайман. Партиямизнинг собиқ раҳбарлари 2014 йилги сайловлар натижаси ҳам биз учун қониқарсиз бўлганлигидан хулоса чиқармадилар, Олий Мажлисда ЎзХДП мавқеи тушиб кетганига парво қилмадилар, чунки ўзлари депутатлик мандатини қўлга киритган эдилар.

Ортда қолган сайловолди даврида ўтказилган йиғилишлар, пленумлар, конференция ва ҳоказолар асосан ЎзХДПнинг ўз аъзолари ва фаолларга мўлжалланган партиявий-ташкилий тадбирлар бўлиб, уларда кўпроқ электоратни қизиқтирган долзарб ижтимоий муаммолар эмас, балки ички-партиявий масалалар кўрилар, сайловчилар билан тизимли ишлаш йўқ эди. Айтиш мумкинки, электорат таркиби ва ривожланиш тамойилларини, эҳтиёж ва талабларини, одамларни қийнаётган муаммоларни, уларнинг кайфиятини тизимли ўрганиб бориш мақсадида социологик тадқиқотлар ўтказиш, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларда билдирилган муаммоларини ҳокимият идораларига етказиб, ижросини назоратга олиш тизими яратилмади. Мана бир мисол: ўтган йили ЎзХДП органи – «Голос Узбекистана» газетаси партия электорати ҳисобланган имконияти чекланган, аравачада ҳаракатланишга мажбур бўлган кишиларнинг Тошкент метрополитенидан фойдаланишлари учун қулайлик яратиш, яъни бекатларга тушиб чиқиш зинапояларида пандусларни қуриш лозимлиги масаласини кўтарди. Аммо газетанинг бу долзарб муаммо бўйича чиқишига Тошкент метрополитени раҳбарияти ва шаҳар маъмурлари томонидан эътибор қилинмади. Таассуфки, электорати муаммоси кўтарилган партиямиз раҳбарияти ҳам, Олий Мажлисдаги фракциямиз ҳам  газетанинг чиқишини қўллаб-қувватламади. Ваҳоланки, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар партиямиз электоратининг каттагина қисмини ташкил этади. 

Сайловларда иштирок этишга бел боғлаган ҳар қандай сиёсий партиянинг муҳим вазифаларидан бири сайловолди ҳужжатлари, хусусан сайловчиларга тақдим этиладиган дастурида ўз электоратини, ҳаттоки бутун аҳолини ташвишлантираётган масалаларни ва уларни ечишнинг йўл ва воситаларини таклиф этишдир. Унинг асосида ҳар бир депутатликка номзод ўз сайловолди дастурини ишлаб чиқиб, фуқаролар диққатига ҳавола этади. Шунинг учун сайловолди дастури одамлар диққатини қанчалик тортадиган, унда кўтарилган мавзулар уларга қанчалик яқин, таклифлар тушунарли ва реал бўлса, партиянинг тарафдорлари шунча кўп бўлади. Бунинг учун, юқорида айтилганидек, электорат ва унинг эҳтиёжу талабларини, мамлакатдаги вазият ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда  таҳлил этиш, долзарб масалалар юзасидан фуқароларнинг фикр-мулоҳаза, талаб ва таклифларини ўрганиш зарур. Марказий Кенгаш партиямизнинг кейинги сайловолди дастурини ишлаб чиқишни анча олдин бошлагани ва лойиҳа муҳокама учун маҳаллий партия ташкилотларига жўнатилгани рост. Аммо ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг муҳокамаларида электорат вакиллари жалб этилдиларми? Ҳужжатнинг қабул қилинган вариантида сайловчиларимизнинг қанча таклиф ва истаклари киритилди? Нега сайловолди дастур лойиҳаси бошқа тилда ёзилиб, кейин ўзбекчага таржима қилинди? Ваҳоланки, бунинг тескариси бўлмоғи лозим! Сайловларда тақдим этилган дастурларимизни ана шу нуқтаи назардан танқидий таҳлил этиб, холис баҳо берсак, келгусида хатолар такрорланмаслиги мумкин.

Сиёсий партияларнинг сайловларда муваффақиятли иштирок этиши учун яна бир зарур омил, бу –  кадрлар, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, депутатликка номзодларни тўғри танлашдир. Тажрибадан биламизки, сайловчи, очиғини айтганда, кўпчилик ҳолларда сиёсий партия ва унинг сиёсати ёки дастури учун эмас, балки, ёрқин шахс бўлган номзод учун овоз беради. Демак, депутатликка номзод ўзининг ишлари, жамиятдаги муайян хизматлари, юриш-туриши, ахлоқ-одоби, одамларнинг дарду ташвишларини биладиган ва уларнинг манфаатлари учун курашга тайёр, қўлидан иш келадиган инсон бўлмоғи керак. Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган барча номзодлар ушбу талаблар асосида танландими? Бунда электоратнинг у ёки бу бўлажак номзодга мойиллиги ҳам аниқландими? Агар партиямиздан депутатликка номзодлар шундай мезонлар асосида сараланган бўлса, Олий Мажлис депутатлигига номзодларимизнинг кўпчилиги нега сайланмай қолди? Мамлакат парламентига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари партия ташкилотлари кўрсатган биронта ҳам депутат йўқлигини қандай изоҳлаш керак? Бу муваффақиятсизлик учун ким жавоб беради? Бу саволларга тўғри жавоб топмасак, хатоларни такрорлашимиз мумкин.

Яна бир муҳим сабоқ шундан иборатки, сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнларида барча имкониятлар, масалан, партия органлари – «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарининг имкониятларидан тўла фойдаланмаслик бўлди. Партиянинг собиқ раҳбарияти ташкилотнинг сиёсати, ўткир муаммоларга оид ёндошув, таклиф ва сўзини электоратга етказишда ОАВнинг ролини тушунмай, газеталаримизга  обунани ташкил этиш билан шуғулланмади, зарурат туғилганида таҳририятга молиявий кўмак бермади, натижада ададлари тушиб кетиб, оммага таъсири пасайди. Бунинг оқибатлари ҳозир ҳам сезилмоқда.

Шунингдек, сайловолди мавсумда ЎзХДП сафларидаги энг тажрибали қатлам – фахрийлар имкониятларидан етарлича фойданилдими? Нега долзарб паллада Марказий Кенгаш ва маҳаллий партия кенгашлари ҳузуридаги фахрийлар клубларининг салоҳияти ишга солинмади? Имкониятлардан бундай фойдаланмаганлик каби мисоллар рўйхатини давом эттириш мумкин. Бироқ бугун гап фақат бунинг устида, хатоларни очиб ташлашда эмас, келажакда уларга йўл қўймасликка бориши тўғри бўлади. Клубларнинг ишини жонлантириш, фахрийларнинг билим ва катта ҳаёт тажрибасидан самарали фойдаланиш тизимини яратиш вақти келди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаёт партиямиз Марказий Кенгаши ва қуйи ташкилотларидан ўтган давр давомида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун бошлаган саъй-ҳаракатларни изчил ва тизимли тарзда олиб бориш, бунда ноанъанавий иш шакллари, айниқса электорат билан бевосита ишлашнинг инновацион усул ва воситаларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйишни тақозо қилмоқда.

 

Собир ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП фаоли


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: