Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
04.02.2020

ЎЗБЕКИСТОН ХДП: УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Одамларнинг фикри, ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартириш ислоҳотини ўзимиздан, ишга бўлган масъулиятга айлантиришдан бошланади

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилиши видеомулоқот тарзида ташкил этилди. Партиянинг жойлардаги ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлардаги 500 нафарга яқин депутат ҳудудий студиялар орқали иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар яна бир бор ўрганилди, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдидаги вазифалар аниқлаштирилди, муҳокама этилди.

Йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очар экан:

— Президент Мрожаатномасида жуда ҳам муҳим ва долзарб масалаларга тўхталиб ўтилди. Уларнинг барчаси бевосита халқ манфаати, мамлакат тараққиётига хизмат қилиши билан ўта аҳамиятлидир, — деди у. — Хусусан, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашиш долзарб масала сифатида белгиланди. Бу ғояни ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, айниқса, сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклашини ҳаммамиз чуқур тушуниб олишимиз зарур.

Президентимиз таъкидлаганидек, олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, олдинга дадил интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради, деган даъват ҳаммамизга бирдек тегишлидир.

Мурожаатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди. Бу борада жуда аниқ ва муҳим вазифалар белгиланди. Уларнинг аксарияти партиямиз депутатлик бирлашмалари бир неча йиллардан бери кўтариб келган, лекин ечимини топишга қийналган масалалар экани ҳаммамизни жипслаштириши, бошқа партияларга қараганда икки баробар масъулиятимизни ошириши зарур.

Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли сонини камайтириш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш партиямиз мақсадларининг асосидир. Ўзимизга савол берайлик: бугун кам даромадли инсон ким? У нега мураккаб вазиятга тушиб қолган? Албатта, бу саволларга турли нуқтаи назардан туриб турлича жавоб бериш мумкин. Лекин кам даромадли инсон деганда биринчи навбатда, ўйлашимизча, ўз вақтида яхши илм ололмаган, керакли ҳунар ўрганолмаган, бир сўз билан айтганда, тезкор замонга вақтида мослашолмаётган, ўз йўлини топишга қийналаётган одамлар кўз олдимизга келади. Бундай инсонларнинг аввало фикри, ҳаётга муносабати ўзгариши керак. Президентимиз бу масалада жуда муҳим ғояни илгари сурди: давлат ва жамият кам таъминланган одамларга ёрдам бериши, уларни ишга, ҳунарга, керак бўлса, тадбиркорликка ўргатиши, бунинг учун шароит яратиши зарур.

Халқ демократик партияси бу муҳим ғояга ўз дастурий мақсадларига эришиш йўлидаги устувор вазифа, деб қарайди. Партиямиз тизимида эҳтиёжманд оилаларга ўз ишини йўлга қўйишга ёрдам бериш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга ошириб келинган, уларнинг муайян амалий натижалари ҳам бўлган. Аммо биз бу йўналишдаги ишларимиз ва лойиҳаларимизни бугунги юксак талаблардан келиб чиқиб, қайтадан режалаштиришимиз керак, — деди ўз маърузасида У.Иноятов.

Биринчи. Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини чуқур ўрганиб чиқиш, ундаги таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш.

Иккинчи. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида халқ билан мулоқот тизимини изчил йўлга қўйиш. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатлари орқали муаммоларни аниқлаш ва уларни тизимлаштириш лозим. Ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ҳал этиш мақсадида Халқ қабулхоналари билан доимий ишлашини ташкил этиш керак. Фракция аъзолари сайловчилар билан белгиланган муддатларда учрашувлар ташкил этиш ва сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни Парламентга киритиш муҳимдир.

Учинчи. Мурожаатномада кўрсатилган муҳим ижтимоий вазифалар ижроси бўйича Парламентда ташкил этиладиган ҳукумат соатига масалалар тайёрлаб бориш.

Тўртинчи. Иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича ҳукумат ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ишлаб чиқилиши режалаштирилган ҳужжатларга партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб таклифлар тайёрлаш.

Бешинчи. Бюджет маблағларининг мақсадли ҳамда манзилли сарфланиши устидан парламент ва депутатлик назоратини янада кучайтириш.

Олтинчи. Лицензияланадиган ва рухсатномалар бериладиган фаолият турларини қисқартириш, тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича электорат манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар тайёрлаш. Айниқса, ўзини ўзи банд қилиб, даромад топаётган юртдошларимизга қулай қонуний шароит яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Еттинчи. Бандликни таъминлаш мақсадида хориждан қайтган мигрантларни қўллаб-қувватлаш учун уларга текин ижара асосида экин ерларини ажратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Шунингдек, уларга қизиқиши ва хорижда орттирган тажрибаси асосида ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Саккизинчи. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва бунда давлат буюртмасини бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш. Қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳукуматнинг дастурларига фракция ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан таклифлар тайёрлаш ва Ҳукуматга киритиш.

Тўққизинчи. Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш. Дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, партия фракцияси билан биргаликда маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Бунда ҳокимнинг айни вақтда халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдорлигига алоҳида эътибор қаратиш.

Вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот бериш механизимини такомиллаштириш. Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этиш борасида таклифлар бериш.

Ўнинчи. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва шаффофлигини ошириш юзасидан ҳудудларда судлар фаолиятига оид муаммоларни ўрганиш ва тизимлаштириш. Аниқланган масалаларни тегишли мутасадди ташкилотларга ва Парламентдаги партия фракциясига тақдим этиб бориш.

Ўн биринчи. Аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш бўйича таклифлар бериб бориш. Жумладан, Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган, 2020 йил учун бандликка кўмаклашишнинг давлат дастурига, шунингдек, Парламентда ташқи меҳнат миграция агентлигини эшитиш, ишчи кучига муҳтож бўлган хорижий давлатларни ўрганганлиги ва улар билан ҳамкорлик ҳолатини билиш, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш керак.

Ўн иккинчи. Халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини ошириш бўйича «Яшаш минимуми» ҳамда «Минимал давлат ижтимоий стандартлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббускор бўлиш.

Ўн учинчи. Пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, тизимни ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар бериш.

Ўн тўртинчи. Илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш масалаларини мутахассислар ёрдамида чуқур ўрганиш.

Ўн бешинчи. «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш билан, уй-жой билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилаётган дастурларга таклифлар бериш учун республика бўйича вазиятни ўрганиш.

Ана шу йўналишларнинг электоратимиз учун энг муҳимлари бўйича ҳар томонлама пишиқ ва пухта таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида депутатлар, партия фаоллари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиши лозим. Шунда Мурожаатнома асосида йўлга қўяётган ишларимизда аниқ натижа ва самара бўлади.

Шунингдек, Мурожаатнома асосида амалга оширилаётган амалий ишлар ва долзарб ижтимоий масалалар бўйича партия таклифларини партия сайти, ­оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фаол ҳамда таъсирчан тарзда ёритиб бориш керак бўлади, деди партия раҳбари.

Йиғилишда депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, уларнинг аниқ таклифлар ишлаб чиқишига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси:

— Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасини бутун халқимиз, хусусан қорақалпоғистонликлар катта қизиқиш билан тинглади. Давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаатида жамиятимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги, ёш авлоднинг камол топишига ва барча муҳим йўналиш ҳамда соҳаларга оид вазифалар илгари сурилди.

Эътироф этиш керакки, кейинги уч йил ичида давлат халққа яқинлашди, халқ учун ишлай бошлади. Бу борадаги ижтимоий масалаларда мавжуд муаммоларнинг босқичма-босқич бартараф этилаётгани Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларига ҳам тўла мос келади.

Агар эътибор берадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишида ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор бериб, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган, бир сўз билан айтганда ҳаётий масалаларга ечим кўрсатиб берилди. Бугунги кунда ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ҳамда тадбиркорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборатдир.

Очиғини айтганда, жамиятимизда ижтимоий адолатни таъминлаган ҳолда аҳолини, хусусан, ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш, яъни таълим грантларининг сонини икки бароварга ошириш, қизларимиз учун қўшимча имтиёзлар тақдим этиш, педагогика соҳаси бўйича бакалавр даражасини олиш учун муҳим бўлган баъзи бир йўналишларининг ўқиш даврини уч йил қилиб белгилаш, умуман олганда мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим соҳасида туб ислоҳотлар қилиниши назарда тутилган ташаббуслар илгари сурилди.

Мисол учун, «Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз», деб алоҳида уруғу берилди. 2020 йилда Қорақалпоқ ёшлари учун катта янгилик Нукусда IT park қурилишини айтиб ўтди. Бу орқали бизнинг ҳам фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни тезда эгаллаб, ўзларининг жамиятда ўринларини эгаллашларига жуда катта имконият бўлади.

Умуман олганда, Мурожаатномада бугунимиз ва келажагимиз учун муҳим бўлган масалаларга оид қилиниши лозим бўлган ишлар аниқ-равшан кўрсатиб берилди. Уларни тинглаб шахсан менда депутат сифатида бор кучим, билимим ва имкониятларимни ишга солиб, ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида тинимсиз ишлашим керак, деган қатъий фикр пайдо бўлди.

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:

— Аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам пуллари тўлаб келинмоқда. Лекин бу уларнинг ҳаёт кечиришлари учун етарли эмас. Жойларга чиқиб аҳоли муаммоларини ўрганганимизда, сайёр қабуллар жараёнида ҳамда Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлардан ҳам кўраяпмизки, кам таъминланган аҳоли вакиллари олаётган ижтимоий нафақалар ёки моддий ёрдам пуллари уларнинг оддий кундалик эҳтиёжларига ҳам етмаяпти.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу масаланинг муқобил ечимларини илгари сурди. Яъни аҳолининг кам таъминланган қатламини тадбиркорликка ўргатиш, улар учун муносиб иш ўринлари яратиш орқали камбағалликни камайтириш вазифалари белгилаб берилди.

Партиямиз ҳам бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, кам таъминланган аҳоли вакилларини оилавий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, улар учун янги иш ўринларини ташкил этиш устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб боришни олдимизда турган устувор вазифа, деб биламан.

Бундан ташқари, Мурожаатномада ижтимоий нафақаларни тўлашнинг мукаммал тизимини жорий этиш, нафақа тайинлашдаги мезонларни қайта кўриб чиқиш ва уларни белгилашда очиқ ва адолатли тизим яратиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Жорий йилда кексалар, жумладан, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарурлиги, бу тоифа учун ажратилаётган ижтимоий тўловлар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Биз ушбу тоифа инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган сиёсий куч сифатида, бу борада ўзимизнинг аниқ таклифларимизни илгари суришимиз керак.

Рустам КАЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Мурожаатнома ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда кенг қамровли бўлиш билан бирга унинг мазмун-моҳиятида халқ манфаати, халққа хизмат қилиш, халқни эъзозлаш каби эзгу тамойил мужассам. Хусусан, мамлакатимиз ҳаётига доир қарорлар халқимиз билан бевосита мулоқот, одамларнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилиниши шартлиги, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштиришига эътибор қаратилиши таъкидланди. Шу жиҳатдан Мурожаатнома фақат парламентга эмас, бутун халқимизга тегишли, деб биламан.

Бугунги кунда, партия тизимида фаолият юритаётган жамоатчилик қабулхоналарига уй-жой масалалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Муаммонинг асосли ечими уй-жой ­қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилишдир. Ушбу амалиёт аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ таъминлашга ҳисса қўшади.

Ўтган йили кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди. Жорий йилда ҳам мана шундай жадал олиб борилаётган ислоҳотларда оғишмай ҳаракат қилиниши алоҳида таъкидланди. Вилоятлардаги шаҳарлар ҳамда Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингга яқин уй-жой хусусий сектор томонидан қурилиши маълум қилинди. Банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида уларга қарийб 4 триллион сўм маблағ аукцион орқали ажратилиши айтилди.

Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизи қоплашга давлат бюджетидан 1 триллион сўм субсидия ажратилади. Бу шунчаки рақамлар эмас. Бу рақамлар кимларгадир бахт, хотиржамлик беради. Келажагини ишонч билан қуришга олиб келади.

Биз бу жараёнда бевосита иштирокчи бўлишимиз, ҳар бир сўм манзилли ишлатилишини, уйлар ҳақиқий эгаларини топишида жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини ўрнатишимиз зарур.

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мурожаатномада сиёсий партиялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, баҳо берилгани ва партия аъзолари сафини ошириш борасидаги кўрсатмалар ҳам фаолиятимизни тубдан ўзгартириш ва янада такомиллаштиришни талаб этади. Мурожаатнома шу юрт келажаги, фарзандлари камолига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони амалга оширилаётган ўзгаришларни шунчаки кузатувчиси бўлмай, ислоҳотларда халқпарвар ташаббус ва ғоялар билан фаол иштирок этишга даъват қилди.

Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, фаровонлигини ошириш вазифалари устувор этиб белгиланган. Мурожаатномада мазкур йўналишда қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши белгиланган. Бу эса Халқ демократик партияси, унинг барча даражадаги 1600 нафарга яқин депутатлари олдида катта вазифалар турганини билдиради.

Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган Мурожаатномада халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янги поғонага олиб чиқиш, халқимизни бугун ўйлантириб турган муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди. Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгиланган вазифалар халқимизнинг турмуш даражасини бутунлай янги поғонага кўтаришга мустаҳкам асос бўлади. Энди фаол ва масъулиятли бўлиб, уларни рўёбга чиқариш, ҳаётимизга самарали жорий этиш ҳақида қайғуриб ишлашимиз зарур.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Айтиш керакки, сайловчилар билан бўлиб ўтган сайловолди учрашувлар, мулоқотлар ва суҳбатларда ўз олдимизга қўйган барча вазифалар Мурожаатномада ўз аксини топган. Бу муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар юртдошларимизни ташвишлантираётган, уларни давлат идораларига, раҳбарларнинг ҳузурига қайта-қайта қатнашга, мурожаат қилишга мажбур қилаётган масалалардир. Олдимизда турган муҳим вазифаларни уддалаш муаммоларни ҳал қилиш, жамоатчиликдан, унинг айрилмас бир бўлаги — партиянинг ҳар бир аъзосидан улкан сафарбарлик, фидоийлик, ташаббускорлик ва якдилликни талаб этишини юракдан ҳис қилиб турибмиз.

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли буюк халқмиз, бошқача қилиб айтганда, ­тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодирмиз.

Бугун маҳаллий Кенгашларда, Парламентда хотин-қизлар сафининг ўсгани бизни фахрлантиради. Амалга оширилаётган ислоҳотларда опа-сингилларимизнинг фаол иштирок этаётгани, ижтимоий соҳаларда, тадбиркорликда, қишлоқ хўжалигида уларнинг катта кучга айлангани, айниқса қувонарлидир.

2020 йил хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш масалалари янги босқичга кўтарилади. Бу йил 5,5 минг нафар тадбиркор хотин-қизларнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳалари учун 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, 1576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадаллар тўлаб берилади. Жорий йилда вилоятимизда 1519 хотин-қизнинг 500 нафари доимий иш билан таъминланади. 300 нафарга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмак берилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-­­сингилларимиз учун хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Ушбу муҳим тадбирлар натижасида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб опа-сингилларимиз ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлайди, бизнес режаларини амалга оширади. Натижада юзлаб оилаларда уй бекаларининг турмуш шароити яхшиланади. Оиланинг моддий-иқтисодий жиҳати мустаҳкамланади.

Топиболди ХОЛДОРОВ,

«Нуроний» жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Мурожаатнома том маънода халқни ўзлигига қайтарувчи, асл моҳиятимизни англатувчи ҳамда чинакам маънода эзгуликка йўналтирилган нутқ бўлди.

Халқимизни узоқ вақтлардан бери қийнаб келаётган масалаларга ечим берадиган, мамлакатни катта тараққиёт йўлига олиб чиқадиган ислоҳотларга, виждонан, ҳалоллик билан фидойиларча ишлашга даъват этадиган ушбу Мурожаатнома ҳар бир фуқаронинг қалбига меҳр билан кириб борди. Энг муҳими, унда халқимизнинг бугунидан рози бўлишига ҳамда мамлакатимизнинг ҳар соҳадаги истиқболи борасида амалга оширилиши зарур бўлган барча ташаббус ва вазифалар ўз ифодасини топди.

Мурожаатнома турли соҳа вакиллари фаолиятига оид хулосаларни ўз ичига олди. Икки касб вакиллари эса, алоҳида тилга олинди. Булар – педагоглар ва шифокорлар. Уларнинг билим ва тажрибасини бойитиш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди.

Дарҳақиқат, мамлакат равнақи, халқ саломатлиги ва фаровонлигини кафолатлаш учун ушбу икки соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим аҳамиятга эга. Бунга эса, қонунчилик йўли билан ўқитувчи мақомини ошириш, тиббиёт ходимлари ҳимоясини кучайтиришга оид қонунлар орқали эришиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Мурожаатномада илгари сурилган асосий ғоялар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди платформасида назарда тутилган устувор вазифаларига тўлиқ мос келади. Бу эса ўз навбатида партия ва унинг депутатлар корпуси зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Демак, эндиликда биз иш услубимизни тубдан ўзгартириб,  аниқ амалий ишларга ўтишимиз керак.

Йиғилишда Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари рўёбга чиқишига хизмат қиладиган ташаббусларни амалга оширишда қатъият билан фаолият юритиш зарурлиги таъкидланди.

Партия фаоллари депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишга доир Халқ демократик партиясининг чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Ушбу дастурда партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ 30 дан ортиқ вазифа белгиланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Қодир БУМАТОВА олган суратлар.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: