Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
07.01.2020

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Янги йилни орзиқиб кутиш асносида Президентимизнинг халқимизга Янги йил табригини диққат ва ҳаяжон билан тингладик.

Янги йил табриги — бу  дил сўзлари, покиза тилаклар, яхши ниятлар, Президентнинг хоҳиш-иродаси, Яратгандан ўз халқига сўраганлари...

Табрикда 2019 йилда  мамлакатимизнинг салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилгани айтилди. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан мўл ҳосил етиштиргани таъкидланди. Минг-минглаб юртдошларимиз, жумладан, кам таъминланган оилалар шинам уй-жойларга эга бўлгани қайд этилди.

Бу каби улкан ютуқлар, эзгу ишлар қисқа-қисқа айтилди, аслида улар замирида  катта меҳнат, минг ўйлаб, бир фикрга келинган қарорлар ётибди.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили сифатида тарихга айланган 2019 йилда мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилган ҳар бир ишнинг маъно-мазмуни, аҳамияти ҳақида узоқ гапириш мумкин. Улардан энг муҳимларидан бири табрикда айтилганидек, йил давомида ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилгани бўлди. Эътибор беряпсизми,  “айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун”, деб уқтирилмоқда. Нега бу масалага алоҳида урғу бериляпти?

Мен яқинда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида сайловолди учрашувлари ўтказиш учун ўндан зиёд қишлоқда бўлдим, энг чекка ҳудудлар — Бургутомон, Мойбулоқ, Андоқда яшайдиган одамлар ҳаёти билан яқинроқ танишиш имкони бўлди. Каттақўрғонликлар айтганидек, кейинги икки йилда кенг қамровли ўзгаришлар бўлаяпти, туман маркази қиёфаси мутлақо ўзгариб боряпти, катта бунёдкорликларга қўл урилаяпти, хитойлик инвесторлар замонавий, йирик иссиқхоналар қурмоқда, маҳаллий тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда. Натижада янги иш ўринлари кўпаймоқда.

Аммо бандлик масаласи долзарблигича қолмоқда. Кўплаб қишлоқларда хотин-қизлар ишга муҳтож бўлиб юрибди. Ёшлар орасида иш ахтариб вилоят маркази ёки пойтахтимиз Тошкентга,  ҳатто бошқа давлатларга кетганлари оз эмас. Узоқ йиллар давомида “иш ўрни яратилди”, деб сохта маълумотлар тайёрланиб келингани бугун ўз оқибатини кўрсатмоқда. Масалан, ҳар йили бир миллионга яқин иш ўрни яратилди, деб ахборотлар тарқатиларди. Ҳар йили бир миллион иш ўрни яратилган бўлса, ўйлаб кўрайлик, ўн-ўн беш  йилда қанча иш ўрни яратиларди?.. Эҳтимол, анча-мунча иш ўринлари  яратилгандир, лекин ҳар йили қанча иш ўрни ёпилиб кетаётгани ҳисобга олинмаган. Ҳаётдан йироқ рақамлар турли идоралар маълумотларида кўрсатиб келинди...

Бугун вазият ўзгарди, биргина “фаол инвестиция”лар ҳисобига минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, Сергели туманидаги кенг кўламли бунёдкорликлар, “Тошкент сити”, “Олмазор сити” каби қурилишлар, янги йўллар, кўприклар, катта-кичик корхоналар яратилаётгани бандлик муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам одамларни иш билан банд этмоқда. Бундай мисолларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳам келтириш мумкин.

Бироқ очиғини айтиш керак, бандлик муаммоси бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга оширишни ҳаёт талаб қилмоқда. Айнан ишсизлик кўплаб нохушлик ва фожиаларга сабаб бўлмоқда. Оилали, уч-тўрт фарзандли ишсиз отанинг руҳий ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Аёли ва болаларининг кўзига қарашга ботина олмайди у. Ёки икки фарзанди билан ёлғиз қолган ишсиз аёлнинг аҳволи қандай бўлишини тушунишга ҳаракат қилайлик...

Ишсиз одам ўзини камситилгандек сезади, хўрланган ҳис этади. Иш топиш илинжида оиласи ва фарзандларини ташлаб бошқа шаҳарларда юрган отага осонми? Болаларини отасиз тарбиялаётган аёлга осонми? Бундай ҳолатлар янги, янада оғир муаммоларни келтириб чиқармайдими?  Жамиятга, давлатга катта ташвишлар келтирмайдими?

Шунинг учун ҳам одамларни иш билан таъминлаш масаласи, тадбиркорлик қилмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаш катта-ю кичик ҳар бир раҳбарнинг, сиёсий партияларнинг, хусусан, депутатларнинг доимий эътиборида турмоғи лозим, деб ўйлайман.

Президентимизнинг Янги йил табригида 2020 йилда тадбиркорлик ва бизнес учун  қулай муҳит яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратамиз, деб таъкидланиши замирида ҳам катта мақсад ётибди, бандлик масаласи долзарблигини исботлаб турибди.

Ишли ва ишсиз одамнинг бир-биридан фарқи нимада? Ишсизлик одамни ҳар балога гирифтор қилади, ишсизнинг кўнгли яримта бўлади, жамиятдан ажралиб қолади. Кимдандир, нимадандир алами бўлади, норози кайфиятда юради.

Ишли одамнинг эса кўнгли тинч бўлади, қадди баланд, чеҳраси очиқ бўлади. Эртанги кунига ишончи бўлади, орзу-ҳаваси бўлади. Ҳаётдан рози бўлиб яшайди.

Бу — инкор қилиб бўлмас икки ҳақиқатни чуқур англасак, иш ўринлари яратиш, одамларни иш билан таъминлаш нақадар муҳимлиги аён бўлади. Иш ўрни оила бутунлиги, фарзандлар саломатлиги, тарбияси билан боғлиқ масала. Жамиятнинг тинчлигини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир.

Янги йил табригида янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ фикрлар шунинг учун қадрли ва аҳамиятли. Аммо бу яхши ниятлар амалга ошиши ҳар биримиз одамлар ҳақида қанчалик қайғуришимиз ва бурчимизга нақадар садоқатли эканимизга боғлиқ бўлади.

 

Сафар Остонов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: