Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
01.01.2020

РАҚАМЛАР ЭМАС, НАТИЖА МУҲИМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилди, 2020 йилги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда дадил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш, ҳудудлар имкониятларини тўла юзага чиқариб, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ташаббус ва таклифлар қўллаб-қувватланиб, молиявий, ташкилий жиҳатлари ҳал қилиб берилмоқда.

Бундай кенг кўламли ишлар натижаси ҳар бир жабҳада сезиляпти. Илгари иложсиздек туюлган масалаларга ечим топилмоқда. Энг муҳими, халқнинг турмуш шароити яхшиланмоқда, оддий одамлар давлатдан, ҳаётдан рози бўляпти.

Юртимиздаги ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда. Хусусан, дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлган Буюк Британиянинг “The Economist” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда энг жадал ислоҳотларни амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

Шунингдек, Жаҳон банкининг 2019 йилги “Бизнес юритиш” рейтингида ҳам Ўзбекистон энг илғор ислоҳотчи мамлакатлар қаторидан ўрин олди.

Бундай муваффақиятлар 2020 йилда ҳам давомли бўлиши, янада яхшиланиши учун тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорларни бажариб, энг юқори натижаларни таъминлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари бугун эришилган натижалар ҳали марра эмаслигини, олдимизда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун 2020 йил синов йили бўлишини таъкидлади.

Йиғилишда 2019 йилда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, 2020 йилга белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, масъул ижрочилар ва муддатларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бевосита жойларга бориб, уларнинг ижросини ташкил қилиш ва доимий назоратни таъминлаш кераклиги қайд этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ижро ҳокимияти фаолиятини самарали ташкил этиб, ҳар бир вазирлик, давлат қўмитаси ва бошқа идораларнинг 2020 йил ҳар чораги учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини ишлаб чиқиши ва ижросини қатъий назоратга олиши зарурлиги таъкидланди.

Келаси йилда давлат корхоналарини самарали бошқариш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтириш бўйича жиддий ўзгаришлар қилиш зарурлиги таъкидланди.

Инвестиция дастуридаги инфратузилма объектларини қуриш ва ишга тушириш бўйича янги тизим жорий этиш, транспорт, айниқса, темир йўл ва авиация соҳасида бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

Қурилиш-пудрат ва лойиҳа бозорини тартибга солиш, бу бозорда эркин рақобат муҳитини ва замонавий шаҳарсозлик меъёрларини жорий этиш, қурилишни арзонлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти соҳасидаги долзарб вазифаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш, нарх-навони шакллантиришни тўлиқ бозор муносабатларига ўтказиш, эркин рақобат муҳитини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, истеъмол товарлари, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва харажатларни камайтириш орқали нарх-навонинг кескин ошишига йўл қўймаслик лозим.

Банк соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, қулай ва сифатли банк хизматларини кенгайтириш ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Халқимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини ошириш, боқимандалик кайфиятидан халос этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, жумладан, солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, ахборот технологияларини кенг қўллаш ва инсон омилини максимал қисқартириш зарурлиги таъкидланди.

Ташқи савдо ва инвестиция борасидаги ишларни самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ва хорижий кредитларни самарали ишлатиш, уларни аниқ натижа берадиган лойиҳаларга йўналтириш, инвесторлар билан манзилли ишлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, хорижий ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиб, аниқ натижаларни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Иқтисодиётимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортнинг таркиби ва географиясини диверсификация қилиш, янги бозорларга чиқиш учун ташқи савдони тубдан такомиллаштириш талаб этилади. Божхона, стандартлаштириш, карантин каби соҳаларни ислоҳ қилиб, уларни тадбиркорга кўмакчига айлантиришни тақозо этади.

Йиғилишда таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни изчил давом эттириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Келаси йилда туристлар оқимини 7,5 миллионга етказиш ва хизматлар экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш бу соҳадаги энг устувор вазифалиги кўрсатиб ўтилди.

Ёшларни, айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Президентимиз таъкидлаганидек, оила олдидаги масъулиятни англаш, психологик тайёргарлик ва оиладаги муносабатларни тўғри ўрнатиш, оилада соғлом муҳитни ярата олиш зарур.

Агросаноат мажмуига кирувчи тармоқ ва соҳа раҳбарлари учун Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросини таъминлаш келаси йил учун энг устувор вазифа бўлиб қолади. Бунда пахта, ғалла, шоли кластерларига зарур шароитлар яратиш, янги тизимда юзага келадиган муаммоларни мунтазам таҳлил қилиб, уларни бартараф қилиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда нефть-газ, кимё тармоқлари, энергетикани ривожлантириш, ушбу соҳаларга хусусий сектор ва инвестицияларни фаол жалб қилиш, хомашё қазиб олишни кўпайтириш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Йиғилишда белгиланган топшириқларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун барча раҳбарлар ўз тизимида қуйига тушиб, ходимлар ва ресурсларни максимал даражада сафарбар қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз томонидан қўтарилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Бош вазир ва ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари сўзга чиқиб, берилган топшириқларни сифатли бажариш бўйича соҳаларда тизимли ишларни йўлга қўйишларини таъкидладилар.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: