23.12.2019

ХАЛҚИМИЗ МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИ, ФАРОВОН ҲАЁТИ УЧУН ОВОЗ БЕРДИ

22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган янги Сайлов кодекси асосида ­мутлақо янгича руҳда ўтказилди. Жумладан, сайловларда 5 та партия иштирок этди. Уларга тенг имкониятлар яратилди. Ўз навбатида, ислоҳотларимизга ҳамоҳанг тарзда халқимиз фаоллиги ҳам кузатилди.

Сайловларда ватандошларимиз қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзларининг конституцион ҳуқуқидан фойдаланиши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар зич яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқийдиган жойларда кўчма сайлов қутиларида сайёр тартибда муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилди.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими илк маротаба мамлакат миқёсида қўлланилди. Ушбу тизимнинг асосий мақсади сайловчилар ҳисобини юритиш ва уларни автоматик равишда сайлов участкаларига, участкаларни эса сайлов округларига тақсимлаш ҳамда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини амалда татбиқ қилиш ҳисобланади.

Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта Брайль ёзувида ёзилган бюллетенларда овоз бериш ташкил этилди. Бу каби чора-тадбирлар амалга оширилиши фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол ва тенг иштирокини таъминлади.

Сайлов жараёнининг бориши Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида ташкил этилган брифингларда тезкор ёритиб борилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қатор сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёни онлайн трансляция қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар мамлакатимизда соат 20:00 да якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов берган дастлабки маълумотга кўра, сайловларда Ўзбекистон ҳудудидаги 18 миллион 797 минг 810 сайловчидан 13 миллион 355 минг 911 нафари иштирок этди. Бу Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган фуқаролар умумий сонининг 71,1 фоизини ташкил қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига биноан сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий ва қонуний, деб ҳисобланади. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларни бўлиб ўтган, деб ҳисоблаш мумкин.

Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1155 маҳаллий ва хорижлик ОАВ вакиллари томонидан кенг ёритилди. Сайловлар жараёнида 10 нуфузли халқаро ташкилотдан, дунёнинг 50 га яқин давлатидан юзлаб халқаро кузатувчилар иштирок этди. Бундан ташқари, сайловларда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд кузатувчи қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларнинг дастлабки натижалари 23 декабрь куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида эълон қилиниши кутилмоқда.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: