23.12.2019

МЕН ҲАМ САЙЛОВДА ОВОЗ БЕРДИМ

22 декабрь — мамлакатимиз ҳаётидаги яна бир тарихий сиёсий воқеа, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Табиийки, ҳар бир ҳамюртимиз ўз конституциявий ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланди. Қарашлари ҳамда ғоя-мақсадларидан келиб чиқиб, ишонган номзодига овоз берди, уни қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи ёшлардан иборат экани ҳеч кимга сир эмас. Ёшлар танловнинг тўғрилиги бевосита жамият тақдирига дахлдор эканини англаган ҳолда сайловда иштирок этди. Айниқса, биринчи марта овоз бераётганларнинг хаяжони чексиз, албатта. Ана шундай ҳамюртларимиздан айримларининг сайловга оид таассуротлари билан қизиқдик.

Cевара БАХТИЁРОВА, Навоий давлат университети талабаси:

— Сайлов куни дадам одатига кўра эрта тонгданоқ оиламиз аъзоларини уйғотди. Мен учун бу йилги сайловнинг фарқи унда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганимда эди. Ҳаяжонлаганимдан ҳаммадан аввал тайёр бўлиб кўчага чиқдим. Қўни-қўшниларимиз ҳам ҳудди байрамга бораётгандек, биз каби йўлга тушишибди.

Сайлов кампанияси даврида тарғибот тадбирларини доимий кузатиб боришга ҳаракат қилгандим. Аниқ қарорга келишим учун сайловдан олдин сиёсий партияларнинг депутатликка номзодлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлдим, улар билан айрим учрашувларда қатнашдим.

Шуни алоҳида таъкидлагим келадики, сайловдан олдин сиёсий партияларнинг Сайловолди платформаси билан танишиш имконияти катта бўлди. Буни уйимиздаги катта ёшлилар ҳам айтишди. Тарғиботчилар кўчама-кўча юриб, машиналардан овоз кучайтиргичлар билан плакатларни кўтариб, ўз номзодларини тарғиб этишди. Шу боис депутатликка номзодларнинг дастурий мақсадларини осон ўргандим. Ҳақиқий ҳаёт билан уйғунлиги, ўзим яшайдиган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, уларни солиштирдим. Сабаби мен овоз берган номзод эртага вакиллик ҳокимиятида депутат сифатида аввало мен, яқинларим, қўни-қўшниларим манфаатини ҳимоя қилиши, маҳалламиз тараққиётига ҳисса қўшиши керак. Ана шуларни таҳлил қилган ҳолда муносиб, деб билган номзодимга овоз бердим.

Қувончбек ҚЎЧҚОРОВ, Қирғизистон илмий-изланиш ижтимоий-тиббиёт институти талабаси (Қашқадарё вилояти):

— Тўғрисини айтсам, овоз бериш жараёнида шунча ҳаяжонланаман, деб ўйламагандим. Сайловда иштирок этарканман, ҳар бир сайловчининг овози қанчалик муҳимлигини яна бир бор англадим. Мамлакатимизда биз, ёшларнинг замонавий билим олишимиз ва касб эгаллашимиз, ўз истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намойиш этишимиз учун барча шароит яратилган.

Тушундимки, сайлов бу — фақатгина ўз ҳуқуқларимиздан фойдаланиш эмас, ҳар бир фуқарога катта масъулият, мен каби миллионлаб йигит-қизларга билдирилган юксак ишонч дегани. Шунинг учун овоз беришда ана шу ишончни оқлашга ҳаракат қилдим. Асосийси, бу танлов орқали менда фуқаролик бурчи, масъулияти янада юксалди. Мамлакатимиз тақдири учун ўз овозимга эга эканлигим ўзимга ишончимни оширди, кучимга куч қўшди.

Маҳлиё ЭРГАШЕВА, Чортоқ тиббиёт коллежи ўқувчиси:

— Сайлов мен учун ҳаяжонли ва айни пайтда жуда масъулиятли воқелик бўлди. Зотан, фуқаролик бурчимни бажариш орқали мамлакатимиз фаровонлиги ҳамда барқарорлигига ҳисса қўшиш имконига эга бўлдим. Биз сайловни ўтказиш тартиби, Конституциямиз ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар билан танишдик. Сайлов кодекси меъёрлари, тартиб-таомилларини ўргандик. Бир жиҳатдан сиёсий билимларимиз ортди. Яна бир тарафдан муносиб, деб билган номзодга берган овозим олдимга қўйган мақсадларим, орзу ва интилишларимни амалга ошириш сари яна бир муҳим қадам бўлди.

Сайловчилар бугун ишонч билдирган номзодлар эртага юртимизнинг порлоқ келажаги ва тараққиёти учун, халқимизнинг фаровон, тинч-осуда ҳаёти учун муносиб ҳисса қўшадилар, деб умид қиламан. Депутатлик сайлови натижалари мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш ясашга хизмат қилади, албатта.

 

Мафтуна ҚЎЧҚОРОВА, Оҳангарон транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

— Мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқишим катта бўлган. Сайловда иштирок этишни жуда-жуда истардим, овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаланишни узоқ кутдим. Аввалги сайловларда ёшим 18 га тўлмагани боис қатнаша олмаганимдан бироз хафа ҳам бўлган эдим. Бу йил эса орзуим амалга ошди. Шунинг учун алоҳида тайёргарлик, ҳаяжон ва хурсанд кайфиятда қатнашдим. Сайловда қатнашиб, биринчи марта овоз берганим мен учун унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Айниқса, овоз бериш кабинасида ёлғиз ўзим мустақил фикримга эга шахс сифатида танловни белгилар эканман, мен ҳам жамият ҳаётидаги сиёсий жараёнларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчиси бўлганимдан фахрландим. Холис муносабатимни, хоҳиш-истакларимни эркин билдирганим, овозимнинг ўз ўрни ва аҳамияти борлигини, мана шу Ватаннинг бир бўлаги эканимни ич-ичимдан ҳис қилдим.

Раъно ЮЛДАШЕВА, Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани:

— Айни пайтда бола тарбияси билан уйда ўтираман. Хотин-қизларнинг манфаатлари кафолатланган, тенг ҳуқуқлилик тамойиллари ҳукм сурган мамлакатда яшаётганимдан хурсандман. Куни кеча бўлиб ўтган сайловда мана шунга яна бир карра амин бўлдим.

Ҳам ёш она сифатида, ҳам илк марта қатнашаётганим учун сайлов участкаси томон бораётганимда қаттиқ ҳаяжонландим. Ўзим танлаган номзодларга овоз бердим. Бу шунчаки фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаланиш эмас, фарзандимнинг келажаги учун ҳам муҳим қадамлардан бири, деб ҳисоблайман. Ҳар биримизнинг овозимиз юртимиз ҳаёти учун жон куйдира оладиган номзодларни юзага чиқишига ҳисса қўшади. Номзодлар билан учрашувларда фаол иштирок эта олмаган бўлсамда, ОАВ орқали, ижтимоий тармоқлардан уларнинг дастурлари билан танишишга ҳаракат қилдим. Мен шу сайловда қатнашиб, сайловчи зиммасида ҳам катта масъулият борлигини янада чуқурроқ англадим. Биз сайловчилар қанча масъулиятли бўлсак, муносиб номзодларга овоз берсак, юртимиз тараққиётига шунчалик кўпроқ ҳисса қўшган бўламиз.

 

Бахтиёр ЮСУПОВ, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази электриги (Наманган):

— Бу йил сайловда биринчи марта иштирок этдим. Сайлов участкасида юзлаб одамларнинг навбат билан овоз беришини кўриб, фуқароларимизнинг юрт келажагига дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганига амин бўлдим. Муҳими, улар ўз хоҳиш-истаклари билан келишмоқда.

Таъкидлаш керакки, сайловда иштирок этиш ҳаммамизга юксак масъулият юклайди. Жамиятда рўй бераётган жараёнларга фаоллик туйғусини оширади. Ватанимиз келажаги ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни нақадар яхши билишимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак.

Ўз сиёсий ҳуқуқимдан фойдаланган эканман, янги сайланган депутатга таклифларимни бемалол айтишни ният қилдим. Овоз бермаганим сабаблими, авваллари ўзимни бунга тайёр эмасман, деб ўйлардим. Эдиликда қонунчилигимизни чуқурроқ ўрганиб, улардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиламан. Зеро, мен энди ёш бола эмасман. Жамиятда ўз овози, фикрига эга шахсман. Сиёсий билимим ва дунёқарашимни бойитиш яна бир муҳим бурчларимдан бири, деб ҳисоблайман.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: