17.12.2019

ЧИРОҚЧИДА, САЙЛОВ АРАФАСИДА...

Орзулар, режалар, умидлар

— Бизнинг қандай шароитда деҳқончилик қилишимиздан хабарингиз бордир, — деб қолди бир куни Чироқчи туманидаги «Ҳожи ота Рўзиев» фермер хўжалиги раиси Отабек Рўзиев. — Собиқ Файзулла Хўжаев номли хўжалик ҳақида эшитгандирсиз?

— Бир йўлим тушганди, Самарқанд вилоятига ёндош ерлар, адашмасам.   Кучли шамол йўлида жойлашган экансизлар.

Ана, билар экансиз, — дейди Отабек. — Баъзан бу ерларда даъфатан шамол  кучайиб, илдизи бўшроқ дарахтларни ҳам қўпариб кетади. Менимча, воҳада энг оғир шароит бизда бўлса керак. Шунга қарамай, астойдил меҳнат қилдик. Ғалла мўл бўлди. Кўплар эплай олмади, 50 гектар ердан яхши ҳосил олиб, зиммамизга олган пахта режамизни ҳам уддаладик....  

Орадан  бироз вақт ўтиб, айни сайлов арафасида Чироқчи туман ҳокими, касби иқтисодчи, Хуррам Жўраев  билан учрашиб қолдик. Анча йил вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Энди-энди туманнинг асл муаммолари билан юзма-юз келаяпти.  Тегишли маълумотларни ҳокимлик бўлимларидан олишга келишиб, ишга киришдик.

Чироқчиликлар лалми ғалла етиштиришда моҳир.  Касбим тақозоси билан ғаллазорлар, яйловлар, пахтазорларни кўп кезганман. Назаримда, пахта учун  ажратилган 7,5-8 минг гектардан ошиқ ернинг анча қисми шартли суғориладиган ҳолга келган, баланд-паст.  Сўралган  ҳосилни олиш осон бўлмайди.

 Бу ердаги энг муаммоли масалазарур техникаларнинг етишмаслиги. Шу боис ҳокимликда янги техника билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида эшитгандим. Бунинг учун Еттитом мавзесида қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмаси ташкил қилинган, дейишди. Фермер ва деҳқонлар ўзларига қулайларини танлашади, кредит масалаларини ўрганишади, соҳа мутахассислари ҳар қандай масалага керакли ечимни топиб беришга ҳаракат қилади. Бундан буён «олма пиш, оғзимга туш» қабилида эскича ишлаб бўлмайди, фермер хўжаликлари  уюшқоқлик билан туман иқтисодини  ўнглашлари лозим.   Қарши туманида ип-йигирув корхонасини бунёд этган хитойлик сармоядор туманда бундан кейин кластер усулида пахта етиштириш амалиёти ҳақида  гапириб берганди. Ростакамига бу тарихий воқеачироқчиликларнинг ота бобоси ҳам бу усулда меҳнат қилишмаган, энди умидли, истиқболли йўллар очиляпти.

Ҳозир ҳамманинг оғзида шу. Туманимиз аҳли бўлажак депутатлартурли партиялардан кўрсатилган номзодлар билан учрашганда айнан ана шу кластер усулининг келажаги, меҳнатга янгича муносабат ва бошқа ўнлаб муаммоларни қандай ҳал қилиш йўллари, бошқача айтганда, қониқиб меҳнат қилиш, кўпроқ самара кўриш ҳақида сўрашмоқда, — дейди   ЎзХДП туман кенгаши раиси Қўчқор Ғаниев.Олдинги сайловда бир киши Олий Мажлис, икки киши вилоят кенгаши ва беш киши туман кенгаши депутатлигига сайланган эди. Бу сафар ҳам умидимиз катта. Номзодларимизни тарғиб қилиш жараёнида кўряпмизки, учрашувлар қизғин ва қизиқарли ўтаяпти. Очиғини айтай, одамларимиз ниҳоятда  фаол.

Ҳақиқатан ҳам, чироқчиликлар бугун ҳар қачонгидан ҳаракатчан.     Эндиликда  фақат ерга уруғ қадаб, ҳосилини кутиб ўтириш билан иқтисодиётни кўтариб бўлмайди. Янгича ишлаш, изланиш ва орттирилган малакага таяниб, келажакка интилганга толе ёр бўлади. Аҳоли сони ҳадемай 500 мингга етадиган ушбу туманда ҳали  кўплаб янги иш ўринлари, катта- кичик корхоналар яратилиши керак. Ҳозирча туманнинг табиий захиралари, имкониятларидан тўла фойдаланилгани йўқ.  Муаммолар  ҳам анчагина.

Биз туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Эркабой Боймуродов билан учрашишга келишган эдик. 

2017 йил мактабгача таълим вазирлиги тузилганда Чироқчи туманидаги 3-7 ёшли 42 мингдан ошиқ боланинг атиги 2-3 фоизи боғчага қатнарди, холос. Яна бир маълумотвилоятда бўлганидек туманда ҳам мустақиллик йилларида битта ҳам боғча биноси қурилмаган, кўплаб иморатлар асоссиз сотиб юборилган. Эркабой Боймуродов бўлим раҳбари бўлиб ўтгач, аҳвол тубдан ўзгара бошлаганди. Ҳозир ўнлаб янги бинолар ишга тушмоқда, айниқса, оилавий боғчалар 50 тага яқинлашиб қолибди. Узоқ қишлоқлардан биридаги инглиз тили ўргатиладиган «Салом, азиз болажонлар!», деб номланган хусусий боғча фаолияти ҳақида одамлар қониқиш билан гапиришмоқда.   Эркабой ҳам анчагина ана шундай янгиликлар билан таништирди.

Депутатликка  номзодлар сайловчилар билан учрашганда қачон боғчалар кўпайиши масаласи ҳам қўйилмоқда, — дейди Эркабой Боймуродов. — Ахир бугунги куннинг талаби шундай. Сизни 300 ўринли боғчага бошлаб келганимнинг сабабини ўзингиз тушиниб олаверинг. Ҳақиқатан ҳам, боғчага талаб катта. Ҳозир эски бино капитал таъмирланмоқда. Янги ҳокимимиз катта эътибор бераяпти.  Маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилмоқда.

Хўш келибсизлар, — дейди ҳовлида  қурилиш ашёлари тахланган қўшқаватли бинони кўздан кечираётганимизда «Жўра бобо» хусусий қурилиш ташкилоти иш бошқарувчиси Шоҳрух Лутфуллаев. — Таъмирлаш ишлари учун 945 миллион сўмдан ошиқ маблағ зарур. Вақтида ажратилса, ишимиз тезлашиб кетарди. Ташкилотимиз 1997 йилдан бери фаолият кўрсатади. Бу йил 13 та боғча биносини таъмирлаб бердик. Ҳали  кўрасиз, ушбу иншоот шу қадар чирой очадики, ҳавасингиз келади. Энг муҳими, бу ерда барча шароит,   табиий газ ҳам бор.

Шу куни Чироқчи шаҳридаги давлат-шерикчилик асосида ишлаётган «Чарағон юлдузлар» МТТга ҳам бордик. Илгари дам олиш маскани бўлган бинолар қайта таъмирланиб, 150 ўринли боғчага айлантирилибди. 40 йилдан буён рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келган Саломат опа Тангриқулова кичкинтойларга яратилган   шароит билан таништирди, унинг ўзи ҳам ҳозир тарбиячи бўлиб ишлаётган экан.

Туманда оилавий боғчалар кўпайиб бормоқда. «Дам» МФЙ ҳудудидаги Шоҳиста Аҳмедова раҳбарлик қилаётган оилавий боғча биноси чиндан ҳам намунали экан. Жами 25 бола учун барча шароит муҳайё. Машғулот, овқатланиш, кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун ажратилган хоналар  талаб даражасида жиҳозланган.

— Биз оила аъзолари билан кенгашиб, 3 ёшли ўғлимиз Бунёджонни шу боғчага қўйдик, — дейди тадбиркор Искандар Қобилов. — Хотиржаммиз, шароити, тарбиячилари яхши.  Энди сайловга келсак, шахсан мен барча  номзодларнинг иқтидори, ҳаракат режасига қараб танлайман. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Туманимиз юксалишини истайман.

Ана шундай. Ким билан суҳбатлашмайлик, Чироқчидаги бугунги янгиликлар, сайловдан кўп нарсаларни кутишаётгани ҳақида гапиришарди. Бу рост. Бўлажак депутатлар нафақат давлат органларини шакллантириш, балки тараққиёт учун ҳам масъулдирлар.

Сафар давомида бир қанча ҳудудларда, чунончи, Чироқчидаги 518-сайлов участкасида ҳам бўлдим.  Аҳоли дам олиш масканида жойлашган экан. Бу ерда сайловчиларнинг ўз танлаган номзодларига эркин овоз беришлари учун барча шароит яратилган. Сайловга оид қўлланмалар етарли. Сайлов комиссияси аъзолари — 1-мактаб директори Раъно Бегимова, бошланғич  синф ўқитувчиси Фазилат Ҳаитовалар билан суҳбатлашаман.

— Маҳалламизда 4 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди сайлов участкасига келган «Чироқчи» МФЙ раиси Сулув опа Бердиқулова. — Ҳаммамиз аҳил, тадбиркорлар кўп. Биргина «Буюрсин» кичик корхонасида юздан ошиқ чевар меҳнат қилаяпти. Бугун барча сайловчига чақириқ  қоғозлари етказилган, тартиб-қоидалар билан таништирилган.

Бу ерга ҳозирданоқ шунчаки қизиқиш билан келиб-кетадиган ёшлар кўп экан. Уларнинг биридан: «Ким учун овоз берасиз?», деб сўрадим.  У аввал уялинқираб туриб, кейин дадил жавоб берди:

— Жонажон юртимиз — Ўзбекистон учун овоз бераман!.. 

 

ЮНУС УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: