10.12.2019

«ДОИМО ЭЪТИБОРИМИЗ МАРКАЗИДАСИЗ»

Яқинда – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан бутун дунё бўйлаб, жумладан, мамлакатимизда ҳам уларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбирлар ўтказилди, ўзгалар кўмагига муҳтож замондошларимизнинг кўнгиллари шод этилди.

ЎзХДП дастурий мақсадларида ҳам аҳолининг, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, партия ташаббуси билан ўтказилаётган бир қатор тадбирларда уларнинг ижтимоий муаммолари аниқланиб, ҳал этиш йўллари излаб топилмоқда.

Пойтахтимизда мазкур санага бағишлаб ўтказилган тадбирда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, депутатлар, Ногиронлар жамияти, Кар-соқовлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти вакиллари ва партия фаоллари иштирок этди.

Дастлаб ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Таъкидландики, партия ташаббуси билан ижтимоий ҳамкор ташкилотлар кўмагида ёлғиз, эҳтиёжманд кексалар ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Халқ демократик партияси томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортига чиқиб-тушадиган пандуслар ташкил этиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини ошириш бўйича ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар жамиятлари билан ҳамда Ўзбекистон Фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорликда имзоланган меъморандум асосида бир қатор амалий ишлар олиб бориляпти.

– Партиянинг янги Сайловолди дастурида ҳам аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш бўйича муҳим ва аниқ вазифалар белгиланган, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. – Хусусан, партия пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар ва вазифалар дастур мезонларига асосланиши керак, деб ҳисоблайди.

Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик уйлари”да истиқомат қилувчи ­ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронларга замонавий ва ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш ҳолатини жойларда депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати тариқасида ўрганиб чиқишни мақсад қилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, жумладан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш энг муҳим масала экани алоҳида таъкидланди.

Жисмоний имкониятлари чекланган бўлса-да, ҳаётга катта муҳаббат ва матонат билан яшаётган юртдошларимизга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон ХДП

Марказий Кенгаши

ахборот хизмати.

“Меҳрдан яралган асли бу дунё”

Сана муносабати билан Ангрен шаҳридаги 25-сонли кўп тармоқли махсус мактабгача таълим ташкилотида ҳам хайрия тадбири ўтказилди. Унда халқ депутатлари Ангрен шаҳар кенгаши депутатлари ­Ш.Дадаматов, Б.Юлдашев, "Нуроний" ­жамғармаси шаҳар бўлими раиси Б.Расулов, шаҳар партия кенгаши раиси Э.Тухлиев иштирок этиб, болажонларга ўз тилакларини билдиришди.

Мурғак қалб эгалари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлар, оромбахш қўшиқ ва рақслар барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Ташкилотчилар муассаса тарбияланувчиларига эсдалик совғаларини топширишди. Тадбир чинакам байрамга айланиб кетди.

Ўзбекистон ХДП Олмалиқ шаҳар кенгаши ва Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ҳамроҳлигида йўқлов тадбири ўтказилди. Унда партия фаоллари ­М.Джурабекова, С.Субанов, У.Имамбердиев ҳамда бошқалар хонадонларга бориб, аҳоли ҳолидан хабар олишди.

Хусусан, Олмалиқ шаҳар “Ўзбекистон” МФЙ Лутфий кўчасида яшовчи Аҳмадали Маматхўжаев хонадонига борилди. Унинг имконияти чекланган ўғли Азизиллонинг аҳволи ўрганилди. Шифокорлар фуқаронинг саломатлигини назоратдан ўтказди. Хонадон соҳибларини ташвишлантираётган масалалар, уларнинг ечими партиямиз фаоллари томонидан таҳлил қилинди.

Худди шундай кўмакка муҳтож инсонлардан бири Бусалима ая Эгамбердиеванинг ҳам хонадонига борилди. Йўқлаб келувчиларни кўрган онахоннинг кўзлари беихтиёр намланди. Кўрсатилган эътибордан мамнун бўлиб, дуо қилди.

Гултепа МФЙда яшовчи Ўрозали Араловга ҳам шу каби хайрия ёрдами кўрсатилди. Унинг аҳволи, ташвишга солаётган масалалар ўрганилиб, назоратга олинди.

 

Ўзбекистон ХДП

 Тошкент вилоят кенгаши

ахборот хизмати.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин”

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ҳам сана муносабати билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида тадбир ташкил этилди. Бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда имконияти чекланган ёшлар ўртасида тасвирий санъат ва спортнинг шахмат тури бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши вакиллари томонидан ҳам иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон ХДП

Навоий вилоят кенгаши

ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: