Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
15.10.2019

«ЭЗГУЛИКДАН ЭЗГУЛИК ПАЙДО БЎЛАДИ»

64 нафар ўзбек боласи Ироқдан Ватанига қайтарилди

Меҳр... Инсонларни бир-бирига боғлаб турувчи кўринмас ришта. Киндик қонимиз тўкилган муқаддас заминга ҳам айнан шу туйғу билан боғланганмиз. Буни Ватанни севиш, деб атаймиз. Кичкина болакайдан сўрасангиз, “уйимни соғиндим, уйимни яхши кўраман”, дейди. Ҳали дунёни англаб етмаган гўдакнинг қалбида ватанга муҳаббат туйғуси мана шундай шаклланади. Чунки у билади уйи, ота-онаси унинг таянчи, ҳимояси, ишончи. Демак, Ватан ҳар биримизнинг ўтимишимиз, бугунимиз ва келажагимиздир. Муқаддас заминни эъзозлаш, ҳимоя қилиш муқаддас бурчимиз саналади. Зеро, Ватан ҳам бизни ҳимоялайди. Бу эса юксак шарафдир.

Ўтган ҳафтада мамлакатимиз тарихида яна бир эзгу ишга қўл урилди. “Меҳр-2” операцияси доирасида  қуролли, можароли ҳудудлардан бири бўлган Ироқдан 64 нафар бола Ватанига қайтарилди. Унда шахсан иштирок этган ҳамкасбларимиз ҳамда жамоатчилик вакиллари воқеликка ўз муносабатини билдирмоқда.

Сарвар РАҲИМОВ,

“Ўзбекистон-24” телеканали мухбири, “Меҳр-2”  операцияси штирокчиси:

— Бугун Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида муносиб эътирофга сазовор бўляпти. Дунё ижобий янгилик ва ўзгаришлар билан янада тараққий этяпти. Лекин ўта мураккаб, таҳликали жараёнлар бир мамлакат ҳудудидан иккинчисига таҳдид солаётани бор гап. Айрим минтақаларда одамларнинг тинч-тотув ҳаёти хавф остида қол­япти. Афсуски, бу жараёнларда айрим ўзбекистонлик фуқаролар билиб-билмай, баъзи радикал кучларнинг таъсирига тушиб ватангадоликка дучор бўляпти. Бундай вазиятда давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик, кечиримлилик, тинчликсевар ташқи сиёсати туфайли юзлаб адашганлар юртга қайтарилмоқда.

Болалар... Инсониятнинг энг маъсум, меҳрга, муҳаббатга муносиб, ғамхўрликка, парваришга эҳтиёжманд вакиллари. Аслида бирор мамлакатнинг осойишталигини, аҳолисининг ҳаёти фаровонлигини шу юртнинг болаларига қараб билса бўлади. Қолаверса, жамиятнинг ёш авлодга муносабатида катта маъно, эзгу умид борки, у ҳам бўлса, бугун болалик даврини яшаётганлар эртага шу юртнинг эгалари, шу жамиятнинг фаол аъзолари бўлиб улғаяди. Бинобарин, бугун болалар қалбига экилган меҳр ниҳоллари эртага оқибат чинорлари бўлиб бўй чўзади. Ўзбекистонда болаликнинг давлат даражасида муҳофаза этилиши, болаларга муносиб шароит яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар замирида ҳам узоқни кўзлаган мақсад мужассам. Ўзбекистон болалари. Маъсум, беғубор, қувноқ. Маҳалларимизни тўлдириб қувлашмачоқ ўйнайдиган, боғчаларда бийрон сўзлайдиган болалар меҳрдан, муҳаббатдан баҳра олиб улғаймоқда.

Энди ўзингиз айтинг, уруш ўчоқларида... Таассуфки, норасидалар катталарнинг хатоси жабрини тортишга мажбур бўлишди. Ўзбекистон раҳбариятининг қатъияти ва мамлакат фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсати натижаси ўлароқ янги амалиёт – “Меҳр 2” операциясига киришилди.

Бағдод сари парвоз давом этаётган бир пайтда Президентимиз топшириғи билан тузилган махсус ишчи гуруҳи Ироқ давлати ҳукумати ва халқаро болалар ташкилоти ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ушбу минтақада оғир шароитда қолаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг болаларини Ватанга қайтариш бўйича муҳим келишувларни давом эттираётган эди. Чунки, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар тўдаларига қўшилиб қолган оилаларнинг фарзандлари жудаям аянчли руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келганди. Энг ачинарлиси, уларнинг ота-оналари амалдаги Ироқ давлати тузумига таҳдид солганлиги учун 10, ҳатто 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шу ўринда Ўзбекистон инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, агар аёл киши жиноят содир этган бўлса, унинг ижтимоий ҳолати, фарзандлари ва бошқа жиҳатлари атрофлича эътиборга олиниб, қонун доирасида енгилроқ жазо тайинлаш амалиёти мавжудлигини, умрбод қамоқ жазоси аёлларга қулланилмаслигини эсалаш кифоя. Бу ҳам мамлакатимизда инсон, айниқса, аёлларнинг қай даражада эъзозда эканидан далолат.

Барча хавфсизлик чоралари юқори даражада кўрилган махсус автобусда болалар Бағдод аэропортига олиб келинди. Гуруҳ аъзолари бирин–кетин уларни бортга қабул қилар экан, юз-кўзида ҳадик билан биз томон қадам ташлаётган кичкинтойларга руҳшунослар, шифокорлар, энагалар пешвоз чиқишди. Аввалига ётсираб, опа-акаларининг пинжига яширинган жажжилар бироз инжиқлик қилишди. Лекин илиқ меҳр тафтини ҳис қилганидан сўнг, дастлабки ҳадиқдан асар ҳам қолмади.

Шифокорлар зудлик билан ҳар бир боланинг ҳолати, тана ҳароратигача синчликлаб эътибор беришди. Профилактика ишларини бошлаб юборишди. Болаларнинг 39 нафари ўғил, 25 нафари қиз. 14 нафарининг энг кичиги 8 ойликдан то уч ёшгача сутдан чиқмаган гўдаклар. Шунга қараб энагалар ва бошқа мутахассисларнинг вазифаси аниқ тақсимланган. Иссиқ овқат, қайноқ чой ва ширинликларга андармон бўлган болалар бир муддат ором олишди. Лекин барибир ҳали ички хавотир, она соғинчи уларни тарк этиб улгурмагани тез аён бўлди. Уларнинг ҳар бирини овутиш, кўнглини олиш осон кечмади.

Онасининг ўрнини босишга ҳаракат қилган энагалар бағрида мурғаклар бироз мизғиб ҳам олишди. Бири йиғлаб, бири овунди. Бир оиладан 4 та 5 тагача ака-сингил бир-бирига далда ҳам бўлди. Мана шу лаҳзаларда болаларнинг ўзаро меҳрига ҳам тасанно айтгинг келади. Бу меҳрни ўзга юртда туғилиб, вояга етаётган бўлсада қондан ўтган, унутилмаган ўзбекона қадрият деб атагимиз келди. Улар ҳали Ўзбекистонни кўрмаган бўлса-да, оналарининг соғинч тўла ҳикоялари орқали тасаввур қилишади.

Юртдан келган меҳр тафти эса гўдакларга умид бахш этади. Болалардан кўнгил сўраш билан кечган мулоқотларда бу мурғак қалблар ўз кечинмаларини бизга тўла билдиргиси келмаса-да, саволларимизга уларнинг қимтинибгина берган жавобларидан ҳам аёнки, ўзга юртлардаги сарсон-саргардонлик уларнинг табиатига ҳам одамовуликни солиб қўйгандек туюлди.

Шу ўринда инсонпарварликка йўғрилган дастлабки “Меҳр” операцияси ҳақида мухтасар эслаб ўтмоқ жоиз. Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар ватандошимиз Суриянинг қуролли можаро хуруж олган ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Уларга тиббий, руҳий, ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Бир сўз билан айтганда, она юртимиздаги ҳаётдан узилиб қолган бу инсонларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Тилимизда “Эзгуликдан эзгулик пайдо бўлади” деган мазмундаги нақл бор. “Меҳр” инсонпарварлик операцияларига худди шундай таъриф берсак ўринли бўлади. Қайд этиш жойизки, шу пайтга қадар Яқин Шарқ минтақасидаги нотинч ҳудудлардан фақат Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларигина ўз фуқароларини, хусусан болаларни қайтариб олди.

Ёруғ ва шинам кутиш залига қадам қўйган болакайларнинг ҳам кўнгли равшан тортди. Ватан ҳақида илк таассуротлари айни шу лаҳзалардан ҳақиқатга айланди. Уларга меҳр билан боққан нигоҳларнинг ўзи уларга ишонч, далда, рағбат эканлигини ҳис қилишгани аниқ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: