08.10.2019

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИНИ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Сайловолди ташвиқоти – бу сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб, бир ойдан ортиқ вақт давом этади. Яъни сайловга 35 кун қолганида бошланиб, бир кун қолганда тўхтатилади. Айнан сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва номзодлар сайловчининг овози учун кураш майдонига чиқиб, ўзаро рақобат қилади. Якунда сайловчилар қайси партия ва номзодга овоз бериш тўғрисида узил-кесил бир тўхтамга келади.

Шуни инобатга олган ҳолда янги тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг аввалги сайловларда қабул қилинганларидан фарқи бор.

Хусусан, аввалги низомлар билан фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти олиб бориш тартиби белгиланган эди. Эндиликда янги низом лойиҳасида маҳаллий Кенгашларга депутатликка номзодлар томонидан ҳам сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби белгиланди.

Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконият берилади. Бепул эфир вақтидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, сиёсий партияларнинг сўровларига асосан сайловолди ташвиқоти бошланмасдан туриб, сайлов кампанияси даврида умумпартиявий ташвиқот-тарғибот тадбирлари учун сиёсий партияларнинг ўз маблағларини ишлатиш масалаларига аниқлик киритилмоқда. Яъни cайлов­олди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар ўзининг дастури, сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини ўз маблағлари ҳисобидан, ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин. Бунда энг муҳим шарт – ҳали депутатликка номзодлар рўйхатга олинмагани сабабли, сиёсий партияни ёки унинг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этиш ёки чақириш мумкин эмас.

ОАВда, жумладан, ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири, аввалги сайлов қонунчилигимизда бино-иншоотлар ва бошқа жойларга илгари жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайловга бир кун қолганида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйиларди. Мазкур қоида Сайлов кодексидан чиқариб ташлангани сабабли, низом лойиҳасида сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайдиган бўлди.

Депутатликка номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини олиб боришда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун тенг шароитлар берилади. Ушбу жараёнлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади. Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли бўлади.

Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик каби умумэътироф этилган демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида мазкур масалаларга доим алоҳида эътибор қаратиб келади. Улар аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга фаол ёрдам бермоқда.

 

Маҳмуд ИСТАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

раиси ўринбосари.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: