08.10.2019

ҲАММАМИЗГА МАЪҚУЛ ҚАТЪИЙ ҚАРОР

Кўп йиллардан бери маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланаман. Тўй  мавзусида жуда кўп тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил қилганмиз. Бироқ самараси деярли сезилмаётганди. Негаки, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тўй ва маросимлар билан боғлиқ тадбирларни гап-сўз билан меъёрга солишнинг деярли иложи бўлмаётганди. Бунинг учун мана шундай дадил қадам, қатъий қарор керак эди.  

Қарийб чорак асрдан бери турли миллат вакиллари орасида меҳнат қиламан. Очиғини айтганда, тўю томошалар, ҳуда-беҳуда лозимандаларга бизчалик ружу қўйган миллат йўқ. Тўй экан деб, орқа-олдимизга қарамай, ўйламай-нетмай, бор-будимизни совуриб, азиз жонимизни минг бир балоларга гирифтор қилиб, ҳаракатга тушиб қоламиз. Баъзи уч-тўрт сўм топиб, босар-тусарини билмай қолганлар-ку, худди кимлар биландир мусобақага киришгандек, шоҳона дастурхонлар тузаб, унга одамни жонидан бошқа ҳамма нарсани қўядиганлар ҳам кўпайиб кетди. Ваҳоланки,  айримларимиз бу каби дастурхонларда ушбу нозу неъматларни умуман кўрмаганмиз.

Замондошларимиздан бирининг ана шундай тўйига юртимизда хизмат сафарида бўлган бир чет эллик меҳмон ҳам таклиф этилибди. Ажнабий хоним тўйга келиб, тузатилган дастурхонга қараб ҳанг-манг бўлиб қолибди. Бироқ унга ҳар қанча олинг-олинг қилишмасин, ҳеч нарсага қўл теккизмасмиш. Олдидагилар ҳадеб қистайверишганидан кейин, секингина «Бунча егуликка тўлайдиган пулим йўқ», — дебди. Шунда аёлларимиз «Олаверинг, пулини тўй эгаси тўлаб қўйган», дейишибди. Ҳайратдан ниҳоятда  ажабланган меҳмон: «Нима, тўй эгаси бирор компаниянинг директорими?», деб сўраган экан. Ҳа, аччиқроқ бўлса ҳам айтишга мажбурман, шу кунларда бизда ўтказиладиган ҳар бир тўйнинг эгаси бир кунга «компания директори»ига айланади, тўй ўтгач эса, машҳур эртакдагидай тешик тоғора билан қолган балиқчининг кампиридай абгор аҳволга тушади.  

Кўп йиллар нуфузли бошқармада фуқаролар мурожаати бўйича ишлаганман. Тўй ўтказиш учун фоизсиз ссуда сўраб қабулга келувчиларнинг аксарияти ўзбеклар эди. Раҳбарият корхона имкониятидан келиб чиқиб, бундай илтимосларга ҳам маблағ ажратарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир аёл боласига суннат тўйи қилиш учун фоизсиз ссудага  ариза қолдириб кетди. Кейин бир танишининг уйига бориб, ссудага ариза берганини, 15 кунда қўлига пул тегишини, фоизи билан қайтаришини айтиб, ундан катта миқдорда қарз олибди. Бу пулларга бутун қишлоқни йиғиб, катта суннат тўй ўтказибди. Бу орада корхонада иқтисодий тақчиллик юз бериб, мурожаатчиларга фоизсиз ссуда бериш бекор қилинди ва аёлнинг аризаси қаноатлантирилмай қолди. Буни эшитган аёлнинг ҳолатини тасаввур қилаётгандирсиз. Танг  аҳволда у ёқдан бу ёққа  қарз сўраб роса югурди, деярли бош суқмаган хонадони қолмади. Унинг жонига эри ҳам,  қайнота-қайнонаси ҳам,  қариндош уруғи ҳам оро киролмади. Минг афсуски, бир кунлик тўйни деб, хонавайрон бўлган аёл болаларини оч, юпун қўйиб, олган ойлигини уч-тўрт йиллаб йиғиб, қарзини тўлаб юрди. Ҳа, тўй ўтказиш билан боғлиқ бунга ўхшаш воқеаларнинг жуда кўпига гувоҳ бўлганман. Ҳатто, оқибати фожиа билан тугаган ҳолатлар ҳам бўлган. 

Бу борада сал эс-ҳушимизни йиғиб, бошқа миллат вакилларидан ўрнак олайлик.  Масалан, европаликлар тўйларини моддий шароитига қараб, 30-40 чоғли одам иштирокида, ихчамгина ўтказишади. Тўй дастурхонига кетган харажатни ташриф буюрган меҳмонларнинг тўёна пуллари қоплаб кетади. Ота-оналар ортган пулдан ёшларга  кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган музлатгич, телевизор, компьютер каби жиҳозларни совға қилишади. 

Шу йил апрель ойида қизимизни турмушга узатдик. Гап-сўзларимнинг исботи сифатида камхарж ва камчиқим тўй қилишга ҳаракат қилдим. Қизим ҳам ­«Аяжон, мени улғайтириб, ўқитиб турмушга узатаяпсизлар, раҳмат. Бу ёғига ортиқча харажат қилманглар, мебель ҳам керак эмас. Зарур жиҳозларни ўзимиз куёвингиз билан ишлаб, сотиб оламиз», деди. Биз рози бўлдик.

Тўйдан олдин ортиқча борди-келдиларга йўл қўймадим. Фақат беш-олти нафар киши билан унаштириш маросимини ўтказдик, холос. Қолгани бир кунлик  тўйда бўлди. Эрталаб биз ош қилиб, эҳсон ўтказдик, кечқурун қуда томон тўй қилди. Асосийси,  сон-саноқсиз тоғоралар у ёқдан бу ёққа сарсон бўлмади. Келин-куёвдан ташқари бошқа бировга сарпо қилинмади. Чиройли патнисга тузатилган «Қуръон», «Ҳадис», «Бахтиёр оила», «Ота-онага хизмат қилиш» каби муқаддас китобларимизни чиройли тилаклар билдириб, тўйхонада  катта тантана, истак ва меҳр билан ёшларга тақдим қилдик. Бу ҳамма меҳмонларга маъқул келди. 

Қудалар ўзаро келишиб иш тутганимиз учун бирам чиройли тўй бўлди. Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Меҳмонлар яйраб келиб, яйраб кетишди. Айниқса, Қирғизистондан келган қариндошларимга тўй жуда маъқул келди. Улар «Вой тавба, шунақа тўй қилса ҳам бўларкан-у», деб ҳайратланиб ортга қайтишди.

Янаям эътиборлиси, тўйдан кейин бир ойгача қуда-андалар бир-биримизни безовта қилмадик. Тўй ташвишлари билан чарчаганимиз учун бир-биримизга дам олишга имкон яратдик.  Қизимиздан телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб турдик. Орадан бир ой ўтиб, қудаларимиз келин-куёвни олиб меҳмонга келишди.

Демак, ҳаётимизни осонлаштириш ўз қўлимизда экан. Минг машаққат билан топган маблағларимизни турмуш шароитимизни оширишга, саломатлигимизни тиклашга, фарзандларимиз таълим-тарбиясига, дам олиш ва саёҳатларга боришга сарфласак, қандай аъло иш бўлади.  Ҳамма гап ўзимизда, журъатимизда қолган.        

 

Салима ХОЛДОРОВА,

Навоий кон-металлургия комбинати музейи раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: