08.10.2019

ФЕРМЕРЛАР НОРОЗИ: КИМ ҲАҚ?

   «— Мен 1995 йилда туманимизнинг Мевали массивида фермер хўжалиги ташкил этган эдим, — деб ёзади Паст Дарғом туманидаги собиқ «Тараққиёт»  фермер хўжалиги раҳбари Даврон Ғойимов таҳририятга йўллаган шикоят хатида. — Дастлаб 15 гектар ер майдонида иш бошладим. 2019 йилда эса тендерда қатнашиб, ғолиб бўлганимиз сабаб, суғориладиган ерларимиз 155 гектарга етди. Тендер натижаси бўйича туман ҳокимининг қарори чиқарилди. Айрим йиллардаги об-ҳаво ноқулайлигини ҳисобга олмасак, белгиланган режа-топшириқларни доимий равишда бажариб келдик.

 Бу йил ҳам давлатга пилла топшириш режасини ошириб уддаладик. 78 гектар майдонда  ғалла етиштирдик. 67 гектар майдонга чигит экдик. Жомбой туманидаги «Амин инвест текстель» кластери билан шартнома асосида ишладик. Аммо ғалла ўрими арафасида туман ҳокими қарори асосида бизнинг барча ерларимизни олиб қўйишди. Сабабини сўраганимизда туман ҳокимлигидагилар бу ҳолни  пахта экилган майдонларни ўт босгани билан изоҳлашди. 2019 йил 17 июнь куни туман ҳокимининг  «Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасидаги узоқ муддатли шартномани бекор қилиш ҳақида»ги қарори чиқарилди».

«— Ғўза майдонини ўт босиши бир баҳона холос, — дейди яна бир аризачи, собиқ «Анвар-Комила» фермер хўжалиги раҳбари Турсунтош Жўраева.  — Чунки, ғўзаларимиз ривожи яхши эди. Текширувчилар хулосаси майдонларимизнинг бир қисмигагина тегишли бўлиши мумкин. Қолаверса, бундай камчиликларни тузатиш имкони бор эди-ку»!

— Майли, текширув ўтказган комиссиянинг ишини, туман ҳокими қарорини адолатли ҳам дейлик, — дейди... Даврон Ғойимов. — Лекин бунда ўт босган ғўза даласининг ғалла майдонига нима алоқаси бор? Биз ана шу майдонда ғалла етиштириш учун ерни шудгорлашдан тортиб, то ҳосилни етиштиргунча оз мунча меҳнат қилганимиз йўқ. Бунда қанчадан қанча ишчиларимизнинг пешона терлари бор. Фермер хўжалигимизнинг тугатилиши амалдаги қонунларга зид равишда эканлиги ҳақида вилоят прокуратураси протест ҳам киритган. Аммо уни негадир туман ҳокимлигидагилар тан олишмаяпти.

Туман ҳокимлигидан тақдим этилган маълумотларнинг далолат беришича, 2019 йилда «Тараққиёт» фермер хўжалигига тегишли ғалла майдонларидан режадаги 271 тонна ўрнига 298 тонна ҳосил олинган. Ўрим-йиғимни шу пайтга қадар фермер хўжаликларига молиявий ёрдам кўрсатиб келган «Амин инвест текстель» эмас, «Самарқанд Камалак инвест текстель» кластери амалга оширган. Агар фермер хўжалиги илгаригидек фаолият кўрсатиб,  ўрим-йиғим ишини ташкил этганда эди, режадан ортиқ 27 тонна ҳосил Даврон Ғойимов бошлиқ «тараққиётчи»лар ҳисобида қоларди. Давлат харид нархларида ҳисобланса, режадан ортиқча олинган ғалланинг ўзидан 40 миллион сўмдан ортиқ пул уларнинг қўлида бўлиши керак эди. Фаолияти тугатилган Турсунтош Жўраева бошчилигидаги «Анвар-Комила» фермер хўжалигининг ғаллачиликдан олиши лозим бўлган  даромади ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.

Фермер хўжаликлари аъзоларидан бир гуруҳи эса таҳририятимизга мактуб йўллашди. Жумладан, «Тараққиёт» фермер хўжалиги аъзолари —  Э.Назаров, Р.Шерназаров, О.Туропов, Д.Амиров, А.Ғайимов, Х.Алиқулов, А.Аблақулов, Х.Хушвақтов, Ш.Хидиров, «Анвар-Комила даласи» фермер хўжалигидан Ш.Жўраев, Д.Жўраев, Л.Жалилов, М.Усмонов кабилар  хўжаликларида бу йил ғалладан мўл ҳосил олинганлиги, давлат буюртмаси ортиғи билан бажарилгани, аммо меҳнатларига яраша ҳақ тўлашмагани, бу борада ҳокимлик томонидан ноҳақлик қилингани ҳақида ёзишган.

— Етиштирилган ғалла ҳосилидан олинадиган маблағ ҳисобига тўй қиламан, яна бошқа харажатларни қоплайман, деган ширин орзуларимиз бор эди. Аммо бу орзулар орзулигича қолиб кетди. Бизнинг арзимизга бугун тумандаги бирор бир идора раҳбари қулоқ тутмаяпти, — деб ёзишган улар.

Хўш, бу фермер хўжаликларини тугатишга туман ҳокимлигини нима мажбур қилди? 2019 йилда етиштирилган ғалла ҳосилида фермерларнинг улушлари бор эдими?

Бу саволларга туман ҳокимлиги, туман қишлоқ хўжалик бўлими, Агробанкнинг Жума бўлимидан берилган маълумотлардан жавоб излаймиз.

«Тараққиёт» фермер хўжалигида кейинги уч йилда пахтачилик соҳасида белгиланган давлат буюртмаси уддаланмаган экан. Режа 2016 йилда 70,3, 2017 йилда 80,7, 2018 йилда эса 30,6 фоизда қолиб кетган. Ғаллачиликда эса 2016 йилда  белгиланган режанинг уддаланишига 1 тонна буғдой етмай қолган. 2017 ва 2018 йилларда давлат буюртмаси бажарилгану, аммо фермер омборига деярли ғалла тушмаган.

— Фермер хўжаликлари ғалла майдонининг асосий қисмига баҳорда занг касали тушди, — дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ҳусан Бўриев. — Бундай вазиятда фермер билан ҳокимлик ўртасидаги шартноманинг бекор қилинишини уларнинг ўзлари яхши билишарди. Бунинг устига ҳар икки фермер ердан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, ўртадаги меҳнат шартномаси бажарилишига хилоф равишда иш тутган. Аниқроғи, улар ер майдонларига беда, картошка экиш билан шуғулланишган. Фермерлар бундай экинлар ҳосилидан олинган маблағни муттасил ўз манфаати йўлида ўзлаштириб келган.

Хўш, бу ерда ким ҳақ? Бу саволга жавоб топиш мутасадди идоралар раҳбарларига ҳавола, албатта.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: