01.10.2019

Бола отасиз қолса...

Сайёр қабуллардан бирида 50 ёшли аёл «болам отасиз ўсган, энди унинг болалари ҳам отасиз ўсадими?», — деб йиғлаб юборди.

Юзларига эрта ажин тушган, набиралари тақдирини ўйлаб изтироб чекаётган онанинг тушунтиришича, турмуш ўртоғидан ажрашгач, бошқа оила қурмаган. Бир нафар ўғил фарзандни оқ ювиб, оқ тараб катта қилиб, уйлантирган. Ўғли ва келини 3 нафар фарзандлик бўлишган: катта набираси мактабнинг 8-синфида, ўртанчаси-6, кичиги 4-синфда ўқийди.

2016 йилда келини ҳеч кимнинг гапига кирмасдан чет давлатга ишга кетган ва икки йил ўтиб, кимдандир ҳомиладор бўлиб қайтган, эгизак фарзандли бўлган.

Она  ўғлига насиҳат қилганлигини, уч нафар набирасини ўйлаб келинини уйига киритганлигини, келини эса бугун эрини уйдан ҳайдаётганлигини, бошқа бировга бериб қўйган эгизак фарзандларини уйга олиб келмоқчи эканлигини, ўғли эса бунга норозилигини, кўзида ёш билан айтди.

Суҳбатдан маълум бўлишича, ўғли, ювош йигит. Хотини чет давлатга ишга кетаман, деганида ҳам қаршилик кўрсата олмаган. Унга гапини ўтказа олмаган.

Мазкур оила фожиасининг сабабларини қаердан қидириш лозим? Оиланинг бундай таназзулга йўл тутишига ким айбдор?

Сабаб, оила бошлиғи бўлмиш —эрнинг отасиз ўсганлиги, оиладаги ўз ўрни нимадан иборат эканлигини билмаганлиги эмасми?

...Сайёр қабулда  37 ёшли аёл эри чет давлатга ишга кетиб,  7 йил деганда  қайтиб келганлигини ва уни хиёнатда айблаб, икки боласи билан уйдан чиқариб юборганлигини, оиласи барбод бўлганлигини айтиб, уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ушбу оиланинг барбод бўлиши сабаби нимада, ким айбдор? Асосий айбдор – аввало хотинини узоқ вақт тақдир измига ташлаб, четга  кетган эр эмасми?

Оиласи барбод бўлиб, фарзандлари тирик етим бўлиб қолди. Энди у четда ишлаб топган пулининг кимга кераги бор?

Кузатишларимдан маълумки, ота-оналар орасида фарзандларини уйли-жойли қилай деган ташвиш билан четга ишлаш учун кетаётганлар, афсуски, бир муҳим масалани ўйлашмаяпти. Фарзандларига уларнинг пули эмас, меҳри ва тарбияси керак.

Оқибатда эса, балоғатга етган қиз ёки ўғилнинг тарбияси издан чиқиб кетмоқдаки, уни четда ишлаб орттириб келинган пул билан ўрнига келтириб бўлмайди. Айни тарбия берадиган, ўзи ўрнак бўладиган пайтда ота-онанинг узоқ вақт боладан айро яшаб, уни назоратсиз қолдираётганлигини, ёки айримлар боламни  узоқдан туриб ҳам  назорат қилиб тура оламан, деб ўйлашини бирон-бир нарса билан оқлаб бўлмайди.

Нима, биз ота-оналар боламизга аввало меҳр кераклигини унутиб қўйдикми?  Нега, боламизга бундай муносабатда бўлишимиз, унда бизга нисбатан ишончсизлик, меҳрсизликни келтириб чиқаришини, у ўзидан катталарнинг тўғри гапини ҳам олмайдиган, ўзбилармон шахс бўлиб вояга етиши ёки  болалик даврининг ўзида жиноятчилик кўчасига кириб кетиши  мумкинлигини  ўйлаб кўрмаяпмиз?

Ёхуд, айрим ёшларимизнинг четга расмий ёки норасмий ишлаш учун бориб, турли бедаъво касалликларга чалиниб қайтиб, турмуш ўртоғига ҳам касаллик юқтириб, бутун бир оиланинг, фарзандларининг умиди, келажагини барбод қилаётгани ёки фалокат сабаб майиб-мажруҳ бўлиб  қайтаётгани бошқаларга сабоқ бўлиши лозим эмасми?

Ҳамма нарсада тошу-тарозу бор, деганларидек, осон ва тез пул топиш орзусида четга чиқиб ишлаб келишни ният қилаётганлар, оила бутлиги энг асосий масала эканлигини, оилада фарзанд тарбиясида йўқотилган вақт ёки  ўзаро ишонч ва меҳр-оқибатни пулга сотиб олиб бўлмаслигини, ҳеч ким оиласидан ташқарида бахтли бўла олмаслигини бир бор ўйлаб, кўриши керак. Вақтида хулоса чиқарилса, кўплаб муаммоларнинг олди олинарди, афсус-надомат чекишга ўрин қолмасди ва алал-оқибат оилалар барбод бўлишининг олди олинган бўларди.

 

Х.Ёдгоров,

Олий суд раиси ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: