01.10.2019

Ҳар бир иллатга қарши

биргаликда курашамиз

Инсон дунёга келибдики, эркин ва бахтли умр кечириш учун интилади, курашади. Лекин бахт аввало саломатлигимизга боғлиқлигини ҳар доим ҳам ўйламаймиз. Касалликка чалинмасдан соғлиғимиз ҳақида қайғурмаймиз, дарднинг олдини олиш чораларини кўрмаймиз. Айниқса, яқин қариндоши билан қуда-анда тутинганлар фарзандлари бахтини ўйлашмаяпти, бўлажак набиралари тақдирига қайғуришмаяпти. Бу­­нинг оқибатида афсусланиб, қолаётганлар оз эмас. Шунга қарамасдан қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сони камаймаяпти.

Ўзбекистон ХДП Тошкент туман кенгаши ташаббуси билан 2-назорати кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари билан ўтказилган давра суҳбатида соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди. Қарор оғир касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибати эканига алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидландики, инсон организмида турли ирсий касалликлар авлоддан авлода кўчиб юради. Танадаги рецессив генлар, яъни фаол бўлмаган генлар бир неча авлодда ўзини ошкор қилмаслиги мумкин. Бироқ қариндошлар оила қурганда, иккита фаол бўлмаган ген бирлашиб, битта фаол касалликни келтириб чиқариш хавфи юқори бўлади. Кўп ҳолларда касаллик яширин кўринишда бўлиб, қизлардаги гормонал ўзгаришлар вақтида ўзини ошкор қилади. Айниқса, руҳий хасталикнинг енгил турлари сўнгги вақтларда кўп кузатилмоқда. Бунинг олдини олишда эса ҳамма бирдек масъулиятни ҳис қилиши ва ўз боласини ана шундай хавфдан асраши лозим.

Давра суҳбатида атрофлича муҳокама қилинган яна бир мавзу — одам савдосига қарши курашиш муаммоси ва унинг ечимлари бўлди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилаётган бу иллат дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келмоқда. Мазкур жиноятга қарши курашиш халқ­аро миқёсда олиб борилмоқда. Бироқ уни йўқ қилишга эришилганича йўқ.

— Одам савдоси гирдобига тушиб қолаётганларнинг аксарияти аёллар ва вояга етмаганлар экани кўп таъкидланишига қарамай, хотин-қизлар бу муаммога эътиборсизлик қилмоқда, — деди халқ депутатлари Тошкент туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси А.Мажидов. — Сиз билан бизнинг вазифамиз уларни огоҳ қилиш, хушёрликка, сергакликка чақиришдан иборат. Бунда маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, партиямизнинг фахрий аъзолари кучи ва имкониятларидан кенг фойдаланишимиз зарур. Шунингдек, соҳада қабул қилинган халқ­аро ҳужжатлар, миллий қонунчилик ижроси долзарб аҳамиятга эга эканини ҳамиша ёдда тутишимиз лозим. Акс ҳолда одамларнинг онгига, юрагига етиб бориш қийин. Хусусан, бу борада 2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш белгиланган. Асосийси, қонун ушбу иллат домига тушиб, ундан жабрланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажариб келмоқда. Биз келгусида одам савдоси жабрдийдаларининг сонини камайтириш юзасидан кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борамиз. Бунинг учун фақат кичик давра суҳбатларида ўтириб, нутқ сўзлаш усулидан воз кечишимиз шарт.

Йиғилишда вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Н.Абдуллаев иштирок этиб, йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларни билдирди.

 

Зилола Убайдуллаева,

«Ўзбекистон вовзи» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: