10.09.2019

ДАЪВАТКОР СЎЗ ҚУДРАТИ

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз.

 

Инсон тирик мавжудотлар орасида ҳис этиш, меҳр-оқибат кўрсатиш, шафқат қилиш, фикрлаш, хулосалаш қобилиятлари билан ажралиб туради. Ўз навбатида фикрлаш, хулоса чиқариш, бирор масалага муносабат билдириш кишининг фикр доирасига боғлиқ. Тафаккур ва дунёқараш қандай бўлишини эса ўқиш, изланиш ва билиш белгилайди.

Билиш эса илм олиш билан, ўз навбатида илм олиш, саводхонлик билан, саводхонлик эса кўпроқ, турли мавзуларда китоб ўқиш орқали орттирилади. Барча буюк инсонлар ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар солсангиз, улар умр бўйи ўқиб, ўрганиш орқали етуклик мақомига етганига гувоҳ бўласиз. Узоқ бормайлик, биз фахр ва ифтихор билан номларини тилдан қўймайдиган, дунё тамаддунига ўз ақл машъаллари билан нур таратган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, ал Фарғоний каби юзлаб боболаримиз илм олиш, буюк кашфиётлар қилиш учун дунё кезиб, билим тўплаганлар. Уларнинг ҳаёт ва ижод йўллари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилсангиз, боболаримиз илм олиш аъмоли билан бир умр машғул бўлганлар. Илм уларни маърифатга етаклаган, маърифат эса маънавиятнинг асосидир.

Маънавиятнинг ўзи нима, деган саволга турли даврларда турлича муносабатлар билдирилган. Кимдир маънавият маданиятнинг ичида, бошқалар маънавият маданиятлиликнинг белгиси деб таърифлайди. Ҳозир мақсадимиз масаланинг фалсафий тарафи ҳақида баҳс юритиш эмас, балки, буюк аждодлар вориси сифатида бугунги маънавиятимизнинг айрим муаммолари ҳақида фикр-мулоҳаза билдиришдир.

Аввало, таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг Хоразм, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилоятларида юз берган ҳолатлар муносабати билан ўтказган видеоселектор йиғилишида айтган аччиқ гаплари соғлом фикрли ҳар бир кишини қаттиқ ўйга толдирди.

Масаланинг айрим жиҳатларига эътибор қаратайлик: Одамлар бир-бирининг қадрига етаяптими? Раҳбарлар томонидан ходимлар ҳуқуқини поймол этиш, иззат-нафсига тегиш ҳоллари учраб турибдими? Хотин-қизлар орасида жиноятчилик, енгилтаклик ҳолатлари озми, кўпми? Мансабдорлар орасида халқ мулкини талон-тарож қилиш, пора эвазига иш битириш, била-кўра туриб маҳаллийчилик қилиш каби коррупцион ҳолатлар мавжудми? Мансаб лавозимни суиистеъмол қилиш, кибрга берилиш ҳолатлари давом этяптими?...

Бу каби саволларни истаганча тузиш мумкин. Агар ушбу саволлар қаршисига “ҳа” ёки “йўқ” деган жавобларни жойлаштирсак, маънавиятимизда ташвишли ҳолатлар оз эмаслиги яққол кўринади.

Хўш, нима қилиш керак? Маънавият газлама эмаски, ундан куйлак тикиб, ҳаммага улашсак. Демак, жамиятда инсон тафаккурини уйғотиш, ор-номус, ғурур, мардлик, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришнинг янги, таъсирчан воситаларидан фойдаланиш устида ўйлаш керак.

Давлатимиз раҳбарининг, айниқса, ёшлар маънавий савиясини ўстириш, уларнинг таълим-тарбияси билан боғлиқ фармон ва қарорлари, маънавият бешиги – таълим соҳасида яратилаётган имкониятлар, мактабгача таълим тизимининг йўлга қўйилиши, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ижодкорликни рағбатлантириш, Президент мактаби, ижод мактаблари, ноёб истеъдод эгаларини юзага чиқариш учун кўрилаётган бошқа чора-тадбирлар жамият маънавиятини юксак савияга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Маънавий юксаклик жамиятни янгилайдиган, уни порлоқ келажакка етаклайдиган қудратли кучдир.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган байрам тантанасида сўзлаган нутқида бу масалага яна бир бор эътиборимизни қаратди: “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.”

Бу сўзлар мағзини чақиб, хулосалар чиқариб олиш учун чуқур ўйлаб кўриш керак бўлади. Асрлар давомида Ватан, мустақиллик туйғуларини қалбида асраб келган халқимизнинг тақдири, мамлакатимизнинг истиқболи, ҳеч шубҳасиз, келажак авлодларнинг маънавий тарбиясига боғлиқ. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фарзандларини билимли ва ҳар томонлама баркамол авлод этиб тарбиялашни ўзининг бурчи, деб ҳисоблаётган ота-оналар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг фарзандлари бугун элу юртимизнинг юзи, обрў-эътибори, фахри, ифтихори ва таянчидир. Бундай ёшлар томонидан фан, адабиёт, санъат ва спортда қўлга киритилаётган ютуқлар мамлакатимиз келажагининг ҳар қачонгидан ёрқинлигига далолатдир.

Афсуски, шундай имкониятлар яратилаётганига қарамай, маънавият масаласида ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўплигини ҳам таъкидлаш зарур. Масалан, мамлакатимизда хотин-қизлар орасида эскича маърузабозликдан кўра, ор-номус тарбияси, ватанпарварлик ҳиссини уйғотишга қаратилган даъваткор шиорлар катта самара беради. Яқинда бу ишга масъул идоралар ташаббуси билан пойтахтнинг айрим бозорларида кутубхоналар кўринишида маънавият бурчаклари ташкил этилди. Аммо кузатишлар шуни кўрсатяптики, бозорлар бурчакларида хўжакўрсинга ўрнатилган бундай масканларга одамлар деярли кирмаяпти. Эҳтимол, бунинг ўрнига бозорларнинг кўзга кўринарли жойларида бир муштипар она тилидан, унинг ташвишли сиймоси акс эттирилган сурат ёнида қуйидаги сўзлар битилса таъсирчанроқ бўлмайдими? “Оқила қизим, болажоним, аввало, аёллигингни унутма! Умид билан тарбия қилаётган фарзандларинг келажаги учун масъулсан, Уларнинг илмли, доно ва элу юрт корига ярайдиган баркамол инсон бўлиб етишишига бор имкониятингни ишга сол! Бунинг учун ўзинг ҳам етарли билим ол! Уйингга егулик ноз-неъматлари қаторида биттагина китоб ҳам олиб кир. Китоб – ақл қайроғи, инсон шуурига нур бағишлайдиган мўъжиза. Хонадонингни маънан чароғон эт! Элу юрт, маҳалла кўй, она Ватанинг сен билан!” Ё бўлмаса, “Муҳтарама аёл, сен халқ келажагини бунёд этиш учун масъулсан! Муқаддас аёл деган мартабангни азиз бил», ўзингни пок тут.

Бу каби самимий, ҳароратли сўзлар битилган плакат ва баннерлар кўпроқ фойда келтиради. Ёки буклетлар ва тарқатма материаллар кўринишидаги тарғибот ишларига эътибор қаратиш керакдир...

Ана шундай турли мавзуларга бағишланган даъваткор баннерларни керак бўлса, аҳоли гавжум кўчалар ва майдонларга, истироҳат боғларига, маҳалла гузарларига ҳам ўрнатиш фақат фойда келтиради, деб ўйлайман. Телевидениеда айнан шу каби долзарб мавзуларда кўрсатувлар тайёрлаш, баҳс ва мунозаралар уюштириш одамларга кўпроқ таъсир қилиши мумкин.

Дунё тарихига эътибор берсангиз, мамлакатлар ўз юксалиш йилларида ҳамиша даъваткор сўзга таянган. Ҳар қандай ютуқнинг 70 фоизи реклама орқали қўлга киритилишини ҳисобга олсак, таъсирчан тарғибот, одамлар кўнглига топилган йўл орқали катта мақсадларга эришиш мумкин. Фақат ўша гапни топиш ва уни қандай айтишни билишимиз керакка ўхшайди.

 

Ўктам МИРЗАЁР


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: