Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
03.09.2019

ЮЛДУЗЛАРГА ЕТГУНЧА…

ёхуд кечаги ва бугунги кун хаёли

У йиллари барча янгилик радио орқали янграрди:

«Диққат! Диққат! «ТАСС» ахборот беради: Бугун, 1966 йил, 26-апрель, эрталаб, Ўзбекистон совет социалистик республикаси пойтахти Тошкентда ер қимирлаши содир бўлди…».

Нонушта пайтидаги радио овози барчамизнинг елкамизга совуқ сув қуйгандек, жунжитди, бувим шивирлаб, юзига фотиҳа тортди.

Тошкент зилзиласидан сўнг анча ўтмасдан Хўжайлидаги ўрта мактабнинг 9-синфида эрталабдан баҳс бошланди.

– Ер каттакон ҳўкизнинг шохига жойлашган, ўша ҳўкизнинг битта шохи толиб, ер иккинчисига ўтганида қимирлайди, барчаси Оллоҳнинг иродаси билан бўлади, – деди Раим мулланинг ўғли Мурод.

– Ер юмалоқ, у шохнинг устида туриши мумкин эмас, – дея эътироз қилди аълочи Сарсанбой.

Баҳсларимиз қизиб, зилзила сабабларини била олмай, болалар жўғрофия муаллимимиз Жумабой оғани кутдик. Сабаби, Жумабой оға ер тагида илон қимирласа биларди, унинг билмайдиган балоси йўқ, деб ҳисоблардик бизлар.

– Ер курраси шарсимон эканлигини ва унинг ядроси қайноқ магмадан, тепаси эса бир неча қатламлардан иборат эканлигини биласиз. Ўша қатламлар силжишлари тўғрисида дарсда ўтганмиз. Тошкентдаги зилзила ҳам ўша қатламлар силжиши оқибати. Бунга ваҳима қилиш керак эмас, – деди муаллим соатига қараб. – Ҳозир СССР Министрлар Кенгаши раиси Алексей Иванович Косыгин Тошкентга учиб келди. Зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси иш бошлади…

Зилзила барчанинг оғзидаги бош мавзулиги анча давом этиб, ёзги таътилда мактабимиз аълочиларидан тузилган битта гуруҳнинг Тошкент-Алмати сайёҳлик маршрути билан якунланди. Биз Жумабой оға раҳбарлигида Тошкентни ўз кўзларимиз билан кўриб тинчидик…

Ўша йили зилзиладан жабр кўрган Тошкентга ёрдам қўлларини чўзаётган саховатли одамлар, ҳукумат қарори асосида янги Тошкент қурилишлари радио, матбуотда кенг ёритилди. Саховатлар орасида тошкентлик жажжи Дилоромнинг музқаймоқ учун йиғиб юрган тийинларини инъом этганлиги тўғрисида Эркин Воҳидовнинг «сенинг тийинларинг шоҳларнинг инъомидан афзалдир, синглим» деган маънодаги сатрлари ҳамон ёдимда.

Келгуси йили Тошкентда талабалик бахти бошланди. Барча олийгоҳларда кундузги ўқишларга қўшимча кечки ва сиртқи таълим бўлимлари очилиб, камина Тошкент Давлат университетида янгидан ташкил этилган журналистика факультети кечки бўлимига қабулландим. Кечки ўқишнинг шарти кундузи ишлаб, кечқурун ўқиш экан, биз кўпчилик талабалар «Главташкентстрой» деган бошқарманинг ҳар хил қурилиш трестларида ҳар хил касбларда ишлардик. Орамизда матбуот, радио, телевидениеда ишлайдиганлар ҳам бор эди ва улар асосан Тошкентда яшайдиганлар эди.

Мен талабалик бахтини зилзиладан сўнг Чорсуга яқин маҳаллада, Қизилтовуш кўчаси, 34-уйда бир муддат ижарада туриб, марказдаги жин кўчалар ва эскирган уйларнинг вайронагарчилигини кўрганман. Тикланаётган Тошкент бунёдкорлигида иштирок этганимдан ва пойтахт марказидаги Ц-рақамли мажмуалар, Чилонзордаги турар-жой иморатлари, Тарих музейи, Вазирлар Маҳкамаси, энг баланд – 19 қаватли маъмурий бинолар қурилишларида ва кенг гузарларда менинг ҳам бармоқ изларим борлиги билан фахрланаман.

Эслаш – эртак, хотира – хаёл. Талабалик таассуротларимга ҳам эллик йил бўлаяпти. Лекин бугун янгиланаётган пойтахт жамолини кузатарканман, ҳатто кўзларимга ҳам ишонмайман. Чунки бунақанги осмонга талпинган иморатлар, кўпдан-кўп маҳобатли қурилишлар илгари бўлмаганди.

Ўтган асрнинг ярмида «Осмондаги юлдузни санаб етаман, дема» дея куйлашган қизлар, бизнинг талабалик йилларимизга келиб, «ТашГУ десам дарҳол тушади эсга, Сенинг йигит вақтинг, менинг қиз вақтим» дея куйлаша бошлашди. Ўша зилзила арафасида пайдо бўлган бу ажойиб ашуланинг дастлабки ижрочилари аллақачон кампир бўлиб қолган, Ибройим Юсуповнинг севиклиси Бибисорага аталган ушбу ашулани энди ўша кампирларнинг неваралари куйламоқда. Тошкентнинг қиёфаси ҳам ўзгаргандан-ўзгариб бормоқда, одамлар ҳам ўзгармоқда, авлод янгиланмоқда. Янги авлод дунёга ўз овози билан келаяпти. Янги авлод дунёни янгилантиради, ўзига қулай шаҳар қуради. У бувиларига ўхшаб «осмондаги юлдузларни санабгина» қўймайди, у юлдузларга интилиб, яқинлашиб яшашни маъқул кўради.

Тошкентнинг бугунги осмонларга интилган бунёдкорлиги янги авлоднинг янги турмуш тарзига интилиши деб ўйлайман.

Мен кенг дунёнинг анча ажойиб шаҳарларини кўрганман. Лондон, Токио, Истамбул, Карачи, Қоҳира гузарларини кезганман. Лекин ҳеч биридан Тошкентчалик меҳр ва жозиба топмаганман. Ростини айтсам, мустақиллик йиллари янгидан пойтахт қурган Қозоғистонга, Ашхободни ажойиб меъморчилик намуналари асосида қурган туркман қардошларимга ҳавасим келган пайтлар бўлган. Тошкентни яқин қўшниларимиз пойтахтлари билан таққослардим...

Тошкент кўлами ва аҳамияти билан аллақачон Марказий Осиёнинг катта мегаполиси даражасида тан олинса ҳам, пойтахт шаҳарсозлиги соҳасида орзуларимиз кўп эди. Тошкент янада гўзал, улуғвор бўлишини истардик.

Бултур Миср пойтахти Қоҳира кўчаларини кезиб, уни ўзимизнинг Тошкент билан қиёсладим. Шаҳарда 30 миллиондан ортиқ одам истиқомат қиларкан. Бу мамлакатимиз аҳолиси сони билан деярли тенг дегани. Қоҳиранинг ҳар бир ҳудуди ўзига хослиги билан ажралиб тураркан. Миср халқи минг-минглаб йиллар қудратли Нил дарёсининг қуйи оқимини макон қилиб келган. Буюк Геродотнинг бир пайтлар «О, Нил! Сен Мисрнинг инъомисан!» деган сўзлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Миср ҳудуди қанча кенг саҳролардан иборат бўлса ҳам, унинг барча аҳолиси ўша ҳудуднинг атиги 3 фоизидан иборат дарё ва денгиз соҳилларида яшайди.

Яна Тошкентга қайтайлик..

Бу ерга ҳар сафар келганим сайин зилзиладан сўнг ўзим қурган кўчаларда ўзим адашиб, йўл сўрайман. «Ҳумо» спорт аренасини неча марта ғурурланиб томоша қилганимни билмайман, чунки кўргим келаверади. «Тошкент сити» қурилишини хаёлга чўмиб, келажагини кўз ўнгимга келтириб, ич-ичимдан қувонаман. Бу шаҳарча эртага Тошкентнинг кўзмунчоғи бўлади, гавҳари бўлади. Олдин кўчалар номини сўраб, манзилни топардим, энди баланд иморатларни, баланд манзилларни билишим шарт шекилли. Сабаби, пойтахт тепага, одамлар эса баландга интилмоқда.

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон

халқ ёзувчиси.

 

Дўрмон боғи, Тошкент.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: